Буйрак-тош касаллигининг қандай олдини олиш мумкин?

Инсон саломатлиги кўп жиҳатдан унинг ҳаёт тарзига боғлиқ. Соғлом турмуш тарзи, рационал овқатланиш, руҳий мувозанат кишининг соғлом ва бахтли ҳаёти асосидир. Аммо маълум сабабларга кўра, ушбу меъёрлар бузилса, саломатлик занжирида ҳам узилишлар пайдо бўлади. Масалан, буйрак-тош касаллиги айнан ташқи омиллар таъсирида ривожланади.

Буйрак-тош касаллиги пешобнинг миқдор ва сифат жиҳатдан ўзгариши оқибатида буйрак коса-жом тизимида тошлар юзага келиши билан кечадиган сурункали хасталикдир. У асосан организмда моддалар алмашинувининг бузилиши оқибатида келиб чиқади. Шу билан бирга, касалликнинг бош­қа омиллари ҳам йўқ эмас:

• буйрак ва сийдик йўлларидаги инфекцион яллиғланиш;
• ичимликлар таркибида тош пайдо қилувчи моддалар мавжудлиги;
• етарли миқдорда суюқлик ичмаслик;
• буйракларнинг коса-жом тизими ва сийдик йўлларида туз тўпланиши.

Подагра, қандли диабет, гипертония билан оғриганларда ҳам буйрак тошининг юзага келиш эҳтимоли бор. Қолаверса, баъзи дори-дармон воситалари буйракда тош пайдо қилиши мумкин.
Касаллик белгилари:

• дизурия, яъни пешоб ажралишининг қийинлашиши, ранги хиралашиши;
• пешобнинг ачишиб ва оғриқли келиши;
• кўнгил айниши ва қайт қилиш;
• иштаҳа пасайиши, уйқу бузилиши.

Агар тошлар кўп миқдорда бўлса, пешоб йўлларида тўсиқ юзага келиб, оқибатда буйрак санчиғи хуружи даражасигача бориши мумкин. Одатда белда ҳосил бўлган оғриқ чов соҳаси бўйлаб қовуққа тортиб кучайиб боради. Бундай хуружлар вақтида ва хуруждан сўнг пешобнинг қон аралаш қизариб келиши кузатилади.
Беморлар, албатта, уролог ва нефролог мутахассисга мурожаат қилиши лозим. Чунки касалликка тегишли лаборатор ва инструментал текширув натижалари асосида ташхис қўйилади.

Даволаш асосан организмдаги моддалар алмашинуви бузилишларини мувофиқлаштириш ҳамда буйрак ва сийдик йўлларида пешоб ҳаракатини равонлаштирувчи дори воситалари тавсия этишдан иборат. Шунинг­дек, сийдик йўлларидаги инфекцияга қарши курашиш лозим. Агар тошлар ҳажми катта ва кўп миқдорда бўлса, оператив чора қўлланилади.

Профилактика учун, энг аввало, модда алмашинуви жараёнларини мувофиқлаштириш, соғлом турмуш тарзига риоя этиш ва парҳезга амал қилиш лозим.

Шавел ва сийдик кислотаси пайдо қилувчи маҳсулотлар – ош тузи, жигар, буйрак, тил, мия, қази ва дудланган гўшт маҳсулотлари, маргарин, бедана тухуми, ачиган сут маҳсулотлари (бринза, пиш­лоқ), шоколад, қўзиқорин, анжир, дуккакли донлар, аччиқ қора чой, қаҳва ҳамда какао истеъмоли чегараланади.

Қайнатилган ва буғда пиширилган ҳолда ёғсиз мол гўшти, парранда ва балиқ гўшти, ўсимлик мойлари, сариёғ, ачимаган сут маҳсулотлари, 1 ва 2 нав ун маҳсулотлари, кишмиш, мураббо, гуруч ва гречиха, карам, бодринг, турп, қовоқ, сабзи, ўрик, беҳи, нок, олма, шафтоли, узум, қовун-тарвуз, олча; суюкликлардан кўк чой, мева ва сабзавотлар шарбати, наъматак дамламаси истеъмол қилиш лозим.

Шерали ТОШПЎЛАТОВ,

Яна ўқинг:  ОЧЛИК ИММУН ТИЗИМИНИ МУСТАҲКАМЛАЙДИ

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: