Аллергиядан қандай қутиламиз?

Аллергиянинг турли хиллари мавжуд: кимдир гуллаш вақтида азият чекса, кимдир маълум маҳсулотларни, яна бошқалар эса – дори воситаларини қабул қила олмайдилар. Келинг, аллергиянинг энг кўп учрайдиган турларини кўриб чиқамиз:

Озиқ-овқат


Аллергиянинг ушбу тури ҳайвон ва ўсимликлардан тайёрланган озиқ-овқатларга нисбатан юқори сезувчанликни назарда тутади.
Аломатлари: тумов, қичишиш, терида тошма ва қизариш пайдо бўлиши, нафас олишнинг қийинлашиши ҳуружлари.

Дори воситалари


Дори воситаси қайта юборилганида реакция кўринишида юзага келади.
Аломатлари: давомий иситма, эшак еми, қавариқларнинг пайдо бўлиши, кўриш қобилиятининг йўқолиши ва бўғма ҳуружи.

Нафас йўлларида


Ҳаводаги майда зарралар ва чанг организмга тушиши оқибатида юзага келади. Айниқса баҳорда, ўсимликлар гуллаш даврида авжига чиқади, шунингдек кана, уй ҳайвонлари юнги ва чанг туфайли ҳам юзага келади.
Аломатлари: тез-тез йўталиш, аксириш, бурун қичиши ва тумов, кўзларнинг ёшланиши ва ачишиши, нафас олишнинг қийинлашиши ва бўғма ҳуружлари.

Қайси маҳсулотлар аллергик реакцияларни келтириб чиқариши мумкин?
Европа аллергологлари ва клиник иммунологлари ассоциациясининг сўнгги Конгрессида аллергиянинг келиб чиқишига энг кўп сабаб бўлувчи маҳсулотлар рўйхати қайта кўриб чиқилди ва тўлдирилди. Бугунги кунда аллергия сабабчиларидан бўлган маҳсулотлар рўйхати қуйидагича:

  1. Сут
  2. Буғдой
  3. Тухум
  4. Балиқ
  5. Турли ёнғоқлар
  6. Ерёнғоқ
  7. Моллюскалар
  8. Қисқичбақасимонлар
  9. Кунжут
  10. Сельдерей
  11. Сульфитлар
  12. Хантал
  13. Соя
  14. Люпин

Бу маҳсулотларнинг кўпи жуда мазали ва фойдали, аммо, афсуски, аллергик реакция юзага келтириб, тошма, қичишиш ва шишларни пайдо қилади.

Эшакеми касалликми?


Эшакеми (Urticaria) (Крапивница) – терига, баъзан шиллиқ қаватларга тошмалар тошиши билан кечадиган касаллик!
Организмнинг аллергик реакцияси айрим овқатлар (тухум, шоколад, қулупнай, мандарин) ва дорилар (антибиотиклар, сульфаниламид препаратлар, хинин ва бошқа(лар))га нисбатан сезувчанликнинг ортиши, ҳашаротлар (ари, чаён) чақиши, гул ҳидлаш ёки бирор ўсимлик (қичитқи ўт) тегиб кетиши туфайли вужудга келади. Бир неча соатдан кейин эшакеми батамом йўқолади, баъзан қайталаниб туради.

Эшакемининг бот-бот қўзийдиган сурункали шакли ойлаб чўзилади; бу одатда, организмда моддалар алмашинуви ва меъда-ичак фаолиятининг бузилиши, жигар, буйрак касалликлари; гижжа касаллиги ва секин кечадиган ўчокли инфекциялар: муртак бези, буруннинг ёндош бўшлиқлари ва қулоқнинг яллиғланиши (тонзиллит, гайморит, отит) билан боғлиқ. Кишиларнинг иссиқ ёки совуққа нисбатан сезувчанлигининг ортиши ҳам сурункали эшакемига сабаб бўлади.
Касаллик тўсатдан бошланади: баданга шакли ҳар хил, катта-кичик, оч қизғимтир қавариқлар тошиб, қаттиқ қилишади; теридан бўртиб чиқиб туради; улар тезда катталашиб, бир-бирига туташиб кетади; палахса-палахса бўлиб чиққан тошманинг ўртаси оқаради; бемор лоҳасланади, ҳарорати кўтарилади.
Баъзан теридаги эшакеми тошмалари жуда йирик бўлиб (йирик эшакеми ёки Квинке шиши), бунда юмшоқ танглай, ҳалқум ва ички аъзоларнинг шиллиқ қаватлари ҳам шишиши мумкин.
Эшакемининг бу шакли оғирроқ кечади. Даво шифокор аллерголог кўрсатмасига биноан олиб борилади.
Парҳез таомлар (туз ва қанд миқдори кам) буюрилади; аллергик реакция берадиган тухум, шоколад, лимон, шунингдек, қази, колбаса, спиртли ичимликлар ва аччиқ овқатлар истеъмол килмаслик; ичакларнинг нормал юриб туришини таъминлаш лозим.
Эшакемининг олдини олишда, энг асосийси, одам ўзига ёқадиган ёки ёқмайдиган овқат ҳамда дориларни ажрата билиши ва ёқмайдиганини истеъмол қилмаслиги зарур.
Қисқача маълумотлар шундан иборат. Xaлқ орасида эшак еми касаллигига чалинган бемор этагида эшакка ем берса тузалиб кетади деган даво усулларнинг ҳаммаси ёлғон. Агарда бу аллергия белгилари беморда кузатилса ёки шубҳа қилинса, аллерголог шифокорга мурожаат қилиш керак!

Яна ўқинг:  Чақалоқнинг қорни оғриса...

Профилактика: нима қилиш керак?


Аллергик реакциялар хавфини камайтириш учун жуда яхши ёрдам бериши мумкин бўлган бир нечта аллергия профилактикаси қоидалари бор. Бунинг учун: гиппоаллерген шароит яратиш керак, жумладан:

– ҳар куни уйингизни нам усулда тозалаб чиқинг;
– хоналарни мунтазам шамоллатиб туринг;
– таркибида пар ва юнг бўлган буюмлардан фойдаланманг;
– маиший кимёвий воситалар ва пуркаладиган косметикадан фойдаланманг.
Тўғри овқатланиш:
– рационингиздан экстрактив моддалар ва зираворларни чиқариб ташланг;
– шифокор-аллерголог тавсия қилган парҳездан четлашманг;
– озуқавий қўшимчалар (бўёқлар, консервантлар) қўшилган маҳсулотларни истеъмол қилманг.
Энг асосийси, ўз вақтида шифокор-аллерголог кўриги ва муолажасидан ўтиб туриш! Ҳақиқий хатарни фақат шифокор аниқлай олади ва аллергия юзага келган вазиятда тўғри муолажа усулини белгилаб беради.

Шерзод МУХТОРОВ,

аллерголог-иммунолог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: