Ёшлар жиноятига қарши ҳамкорликда курашиш белгиланди

Ёшлар ва вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш учун ҳуқуқ-тартибот органлари, суд ходимлари томонидан маҳаллаларда, ўқув даргоҳларида фуқаролар ва ёшлар билан учрашувлар ўтказилаяпти. Бу учрашувларда фуқаролар олдида мутасаддилар бу соҳада қилинаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот беришаяпти.

Мирзо Улуғбек тумани “Дархон” маҳалласи ҳудудида жойлашган Транспорт касб-ҳунар коллежида ўтказилган сайёр учрашувда ҳам суд-ҳуқуқ соҳасидаги янгиликлар, фуқаролар ва ёшларнинг бугунги ҳуқуқий саводхонлиги тўғрисида аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилинди. Сайёр учрашувда Тошкент шаҳар суди, туман ички ишлар бўлими, хотин-қизлар қўмитасидан вакиллар қатнашди.

Тадбирда Мирзо Улуғбек тумани мисолида ёшлар ва вояга етмаганлар ҳуқуқбузарлиги ва жиноятчилигининг бош сабаблари ҳақида фикр юритилди. Хусусан, тадбирда берилган маълумотларга кўра туманда 2017 йилда ёшлар томонидан 3 минг 383 нафар турли кўринишдаги жиноятлар содир этилган.

– Бу каби маълумотларни фуқароларга очиқ айтаётганимиз бежиз эмас, – дейди Тошкент шаҳар суди раиси Бахтиёр Исломов. – Чунки бугун биз маҳаллаларда фуқароларни, ёшларни ва вояга етмаганларни содир этилиши мумкин бўлган хатолардан огоҳ этишимиз ҳам келгусида жиноятларнинг бир қадар камайишига олиб келади. Ота-оналар, маҳалла, ўқув даргоҳлари ўқитувчилари вояга етмаганларга нисбатан назоратни кучайтириши талаб қилинади. Ўз навбатида, бу каби сайёр учрашувларга аҳоли, айниқса, ёшларни жалб этилаётгани уларнинг ўзларида ҳам жиноятчиликка қарши иммунитетни шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Дарҳақиқат, сайёр учрашувда фуқаролар суд-ҳуқуқ ходимларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан биргаликда талаб ва таклифларини ҳам билдиришди.

 

Фаррух ТЎРАХАДЖАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

Яна ўқинг:  ТЕННИСЧИЛАР МУСОБАҚАСИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: