Сен келтирган ғалаба

Дам олиш куни эрта тонгдан новвойхонага бордим. Йўлда бораётиб, ҳаво совуқлигидан юз-қўлларим музлаб қолди.

Уйимиз олдидаги катта стадион олдидан ўтаётганимда қулоғимга болаларнинг “қий-чув”и эшитилди. Бу ерда дам олиш кунлари футбол мактаби тарбияланувчилари машғулот ўтайди. Ўша куни ҳам ҳаво анча совуқ бўлишига қарамай, баланд овозда “менга ошир!”, “тўпни бер!” дея ҳайқираётган болаларнинг ҳаракатларини бир зум кузата туриб, ўзимдан уялиб кетдим. Сўнг бир четда шогирдларига кўрсатма бераётган мураббий ёнига бориб, “Шундай совуқ об-ҳавода болалар билан машғулот ўташ шартми?” дея уни саволга тутдим:

 

– Аслида бугунги машғулотни қолдиргандик, – дейди мураббий. – Лекин куни кеча Хитойда ёшлар ўртасида футбол бўйича бўлиб ўтган Осиё чемпионати баҳсларида ғолиб бўлган ёш футболчиларимизнинг шижоатидан илҳомланиб, шогирдларим “Устоз, эртага машғулот ўтинг. Биз ҳам чемпион бўлишни хоҳлаймиз”, дейишди. Шунинг учун бугун ҳам машғулотларни қолдирмадик.

 

Дарҳақиқат, Хитойда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси олтин медални қўлга киритди. Ушбу кун қувончи йил бўйи, балким бутун умр ёдимиздан чиқмаса керак. Кўп сонли футбол мухлисларининг таъбири билан айтганда чинакам “қор жанги”га айланган финал баҳси мард ва жасур, машғулотларда чиниққан чинакам ватанпарвар футболчиларимиз борлигини бутун дунёга кўрсатиб берди. Қишнинг қаҳратонида она юртимизга бўлган чексиз муҳаббатини кўксида машъалдек ёқиб, майдонда тўп сурган ватандошларимиз ўша кунни ўзбек футболи тарихида зарҳал ҳарфлар билан битилишига эриша олди.

Ҳаво совуқ. Тун ярмида пойтахтимиз аҳолиси ва вилоятлардан келган юртдошларимиз қаҳрамонларни кутиб олишди. Совуқ ҳарорат ҳеч кимни чўчитмади. Чунки барча қувончдан “қайнади”. Ҳамманинг юзидаги табассум дилларни илитди.

Футболчиларимиз пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасида ўтган ғолиб спортчиларимизни шарафлашга бағишланган тадбирда иштирок этди. Карнай-сурнай садолари ёшларнинг “Ўзбекистон!” деган такрор ва такрор ҳайқириғига уланиб кетди. Уларни ҳаяжон билан ота-оналари, яқинлари, тенгдошлари қизғин табриклади. Қалбларимиздан чексиз ғурур ва ифтихорга йўғрилган самимий дил изҳорларимиз, эзгу тилакларимиз беихтиёр тилимизга, кўзимизга кўчади: “Ғалаба муборак, ёш чемпионлар! Сизлар бутун дунёга Ўзбекистон ёшларининг юксак салоҳиятини намоён қилдинглар!”.

Аслида бутун дунёда катта қизиқиш билан томоша қилинадиган миллионлар ўйини ҳисобланган футбол бўйича ҳар қандай нуфузли мусобақада юқори натижага эришиш осон эмас. Ўзбек футболи тарихида ҳам бундай юқори натижалар ҳар йили ҳам қайд этилавермайди.

Яна ўқинг:  Буюк ишларда юртбошимизга елкадош бўламиз

Осиё чемпионатида қитъамизнинг ўн олти давлатидан терма жамоалар ғолиблик учун баҳс олиб борди. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари халқаро спорт жамоатчилигига ўз имкониятларини кўрсатди, жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган не-не улуғ зотларнинг муносиб ворислари, Ўзбекистондек буюк юртнинг муносиб фарзандлари эканини исботлади.

Ўзбекистон футболчилари 1994 йил Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида ва 2011 йил Эронда ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритган эди. Осиё футбол конфедерацияси томонидан Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатининг кескин ва муросасиз баҳсларида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари шижоату матонатда, истеъдоду маҳоратда рақибларидан ҳар томонлама устун эканини исботлаб, ҳақли ғалабага эришди.

Мусобақанинг оғир об-ҳаво шароитида ўтган финал баҳсида футболчиларимиз Вьетнам ёшлар терма жамоаси устидан 2: 1 ҳисобида зафар қучиб, Осиё чемпиони бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Одилжон Ҳамробеков ОФК томонидан мусобақанинг энг фойдали футболчиси, деб топилди. Унга “Тoyota” компанияси томонидан 20 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пули берилди. Шунингдек, терма жамоамиз аъзоларига Президентимиз совғаси – “Malibu” автомобиллари топширилди.

Ёш футболчиларимизнинг тарихий ғалабаси халқимизга улкан қувонч ва шодлик бахш этганини, уларнинг қалбида фахр-ифтихор туйғуларини жўш урдириб юборганини ҳис этиш қийин эмас. Бутун халқимиз бу ғалабани катта ҳаяжон ва хурсандчилик билан қарши олди.

Ғолиб спортчиларимизга ушбу қувончли лаҳзаларда шундай сўзларни баралла айтгим келди:

 

Сизлар келтирган ғалаба – бугун элимиз дардига дармон, оғриқли яраларимизга малҳам бўлиши учун керак эди. Сизлар келтирган ғалаба – ўзбек футболи келажагига ишонч, анча пайтдан буён ғалабаларни соғиниб қолган ўзбек футбол мухлислари қалбига қувонч бахш этиши учун керак эди. Сизлар келтирган ғалаба – юртимизда ёш авлоднинг баркамол шахс бўлиб улғайиши йўлидаги хайрли ишларнинг самараси ҳамда халқимизнинг эзгу орзу-истаклари рўёби учун керак эди…

 

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: