Қўшнилар

“Меҳр кўрсатмаган меҳр кўрмагай”.

Ҳадис.

 

Бу ибратли ҳикояни менга маҳаллалардан бирида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаётган бир танишим гапириб берди.

Бундай воқеа ҳар бир маҳаллада бўлиши мумкинлигини ва бошқа баъзи бир мулоҳазаларни инобатга олиб, манзили ва танишимнинг исми-шарифини аниқ кўрсатишни лозим топмадим.

 

– Маҳаллада диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаётганимга ҳам анча йил бўлибди. Бу давр мобайнида маҳаллада мен кирмаган бирорта хонадон қолмади, десам ишонаверинг. Одамларнинг бармоқ излари бир-бирига ўхшамаганидек, уларнинг феъл-атвори, ҳис-туйғулари, орзу-умидлари, дунёни англамоқ зеҳнлари ва турмуш тарзлари ҳам бир-бирига ўхшамаслигига яна бир карра амин бўлдим. Келинг, сўзимнинг исботи учун маҳалламизда яшаётган икки хонадон соҳибалари ҳақида сўзлаб берақолай.

 

Уларнинг бири исми жисмига монанд чеҳраси очиқ, ширин сўз, хушчақчақ, камтар ва мулоҳазали, маҳалламизнинг жонкуяри, дилбар аёл – Маликахон. Фарзандлари ҳам ўзи каби одобли, меҳнатсевар, меҳрибон ва фаросатли. Айтадилар-ку, хушмуомалалик, меҳрибонлик ва ғамхўрлик бахт келтиради, деб. Бу оилада ана шу қадриятлар ҳамиша эъзозда!

Маликахоннинг ота-онага нисбатан меҳр-оқибати ўзгача. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас-да! Ота-она фарзандларини вояга етказиб ўқитади, уйли-жойли қилади. Эр-хотин бир-бирига суяниб, фароғатда яшаётган бир пайтда… Ҳаёт гўзал ва жозибали бўлиши билан бирга шафқатсиз ҳам. Маликахон хорижда бўлиб ўтган катта бир анжуманда совриндор бўлиб қайтиб келгунича, онаси, у сафарга чиқаётганида фотиҳа бериб, оқ йўл тилаган онаизор қизининг йўлига илҳақ бўлиб ҳаётдан кўз юмди. Энди Маликахоннинг бутун диққат-эътибори отасида. Олиманинг отаси таниқли қаламкаш – журналист. Ўғлининг ўртанча қизи коллеж талабаси Малоҳат билан ўз ҳовлисида яшайди. Ейиш-ичишдан камчилиги йўқ. Бу хонадондан фарзандлар-у қариндошлар, ошна-оғайниларнинг оёғи узилмайди. Шундай бўлса-да, қарияга яқинроқ манзилда турадиган Маликахон ҳамма вақт отадан хабар олиб туради. Кекса одам, иссиқ жон. Тоби қочиб қолгудай бўлса, ота атрофида Маликахон парвона. Ҳамшира ҳам ўзи, пазанда ҳам ўзи. Қизининг ширин сўзлари-ю, мазали таомлари ота учун шифокор малҳамидай фойдали. Маликахон ибрат олса арзигудай қайнона. Келини Умидахонни кафтида кўтариб юради, невараларига севимли ва меҳри дарё бувижон. У фарзандлар қувончи-ю ташвишларига баробар шерик.

Яна ўқинг:  Таълим тизимидаги янгиланишлар: барча саъй-ҳаракатлар фарзандларимиз бахту саодати учун

Маликахон бир неча йилдан буён хотин-қизлар билан ишлаш комиссиясига бошчилик қилади. Ундан доимо янги фикр, ажойиб таклифлар эшитамиз. Яқинда бир оилада юз берган воқеадан воқиф бўлиб, у киши билан ўша хонадонга йўл олдик. Қайнона-келин ўртасидаги одатий бир келишмовчилик бўлса керак, деб ўйлаган эдик, йўқ! Масала жуда жиддий экан…

Ҳожар аянинг тўрт мучаси соппа-соғ, ҳар қандай нуқсондан холи кенжа қизи турмуш қурганига тўрт йил бўлса-да, ҳанузгача фарзанд кўрмабди. Хотин қуда фол очиб кўрса, ҳамма айб аянинг келини Арофатхонда эмиш. Гўё, у қайнисинглисига қарши илм-у амал қилдириб, тирноққа зор бўлиб ўтишини истармиш. Алоҳида эзиб ичадиган амал ёздириб келиб, Ҳожар аяга ичкизаркан, шу боис, қайнона Арофатхонни бошқа келинларидан ортиқ яхши кўрармиш. Она барибир онада! Фарзанд учун ҳар нарсага тайёр. Қуданинг “каромати”га чиппа-чин ишонган. Ҳожархон келин бечорани қон қақшатибди.

Ҳар икки томонни диққат билан тинглаб, таҳлил қилиб кўрсак, бир чақага ҳам арзимайдиган асоссиз айбловлар, хусумат мақсадида уюштирилган иғво. Қолаверса, ёш аёлнинг туғмаётгани сабабини дўхтирларгина аниқлаб, хулоса чиқаришади.

 

– Шунинг учун ҳам, – деди Маликахон суҳбатга якун ясаб, – йўқ демасангиз, қизингиз маҳалла кўмагида мутахассислар кўригидан ўтади ва даволанади. Худо хоҳласа, келаси йилда қўчқордай неварага бувижон бўласиз.

 

Яқинда, байрам арафасида, Ҳожархон бир даста сара гул кўтариб маҳалла йиғинига кириб келди. Билсак, маҳалламиз кўмагида даволаниб келган қизининг бўйида бўлибди. Бу янгиликни эшитган Маликахон Ҳожар аядан кўпроқ хурсанд бўлди…

Иккинчи хонадон соҳибаси – Зарофатхон. У ҳам олима, фан номзоди. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиган аёл. Маҳалла тадбирларида фаол қатнашади. Унинг ғалати одати бор: тўю маракаларга таклиф этилса, “кўнгли тортган жой”гагина боради. Бир куни маҳалла йиғини раиси Ҳакимахон билан уникига бордик. Мақсадимиз келаси ойга режалаштириб қўйилган “Оила” кунида “Ота-она – топилмас хазина” мавзусига бағишланган давра суҳбатини уюштириш ва бошқаришни шу олимага топшириш эди. Ҳовлига кирдик. Хонадон эшиги қия очиқ, ичкаридан хонадон соҳибасининг телефонда ким биландир зардали оҳангда сўзлашаётгани қулоққа чалинди. Беихтиёр Зарофатхоннинг отаси билан гаплашаётганини сезиб қолдик. Раҳматулла ака бир ўзи қўшни туман марказидаги ҳовлисида турарди. Шуни фаҳмладикки, Зарофатхон анчадан бери отадан хабар олмабди: ишидан, рўзғоридан ортмас, ҳатто, бош қашигани фурсати йўқ эмиш.

Яна ўқинг:  Baxtli mamlakatning baxtiyor farzandlari

 

– Дада, сиз фақат ўзингизни ўйлайсиз. Тобингиз қочиб қолгандагина сим қоқасиз, – чимдиб олди отани. – “Келмайсан, хабар олмайсан”, деб гинахонлик қиласиз. Нима етмаяпти сизга? Картошка, пиёз обориб берайми? “Нарсангга муҳтож эмасман”, дейсизми? Йўқса, нега ҳа деб нолийверасиз?.. Э, дада, мен ўша Зарофатман, ўзгарганим йўқ. Афт-ангорим ҳам ўша-ўша. Нимани кўрасиз? Дийдорингни?! Ҳеч нима бўлгани йўқ, дийдоримга… Ҳа, бетга чопарман. Сиздан ўрганганман, буни тан оламан.

 

Кейин суҳбат мавзуси ўзгариб, Зарофатхон дағал онага, ота эса қулоқсиз болага айланиб қолишди. Энди ота шўрликнинг бошига таъна тошлари ёғила бошлади. Сўнг дашном беравериб, отамни ранжитиб қўйдим, шекилли деган андишага бордими, йўқми, билмадиг-у, аммо у бироз юмшаб, давом этди:

 

– Майли, бўлар иш бўлибди. Буёғига эҳтиёт бўлинг. Парҳез риоя қилинг. Дориларингиз борми, ичиб туринг вақтида. Дардга дарров бўйин эгаверманг, курашинг. Сим қоқиб туринг. Куёвингиз сафардан қайтсалар, бир-икки ҳафта ичида, албатта, бориб хабар оламиз…

 

Биз Зарофатхон билан учрашмадик, эшик олдидан изимизга қайтдик. Бўлажак тадбир тадоригини кўриш Маликахонга насиб этди…

Давра суҳбати жонли ва қизиқарли ўтди. Бу сафар суҳбат янгича усулда – доимгидек монолог шаклида эмас, диалог тарзида олиб борилди. Бу ўз навбатида ижобий натижа берди. Сўзга чиққанлар маҳалла ҳаётига оид аниқ далиллар асосида ота-онани оламда энг улуғ, энг мўътабар, энг муқаддас зот – топилмас хазина, деб биладиган меҳр-оқибатли оилалар кўплиги тўғрисида илиқ гаплар айтишди. Ота-онага ғамхўр, моддий таянч, мададкор, ҳамдард, ҳамнафас бўлиш фарзилатларидан йироқ маҳалладошларимиз ҳам учраб туришидан ранжишди. “Қизим сенга айтаман, келиним сен эшит” қабилида уларга нисбатан ўз фикр-мулоҳазаларини ўртага ташлашди.

Зарофатхон ҳам биз билан бирга эди. Тадбир бу аёлга қаттиқ таъсир кўрсатгани шундоққина сезилиб турарди. У Маликахонга миннатдорлик билдириб, уни қучоқлаб олди ва кўзи ёшланиб, дил изҳорини тўкиб солди. У шундай тўлқинланиб гапирдики, биз аёлга қайси кунги телефон орқали “суҳбат”и борасида оғиз очмадик…

 

Оққа кўчирувчи:

Набижон ҲОЖИМАТОВ,

Тошкент шаҳри, Бектемир туманидаги “Роҳат” МФЙ фаоли

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: