ОАВ ходимлари спорт мусобақасида

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов бошчилигида олиб борилаётган кенг ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда. Айниқса, болалар спортини ривожлантириш борасидаги ишлар бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Муҳташам спорт мажмуалари, кўркам спорт залларида машқ қилаётган спортсевар ёшларимизнинг эришаётган ютуқларидан дилинг қувончга тўлади. Ўтказилаётган спорт мусобақалари катта ареналар сари йўл очиб юзлаб иқтидор эгаларини кашф қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан ҳар йили ўтказиб келинаётган спорт мусобақалари ҳам шулар жумласидандир.

Куни кеча Чилонзор туман спорт мажмуасида оммавий ахборот воситалари ходимларининг касб байрами арафасида ўтказилган мини футбол ва стол тенниси мусобақалари ҳам ғолиб жамоаларни аниқлаб берди. Республикамизда фаолият юритаётган ОАВ тизимидаги ўнта жамоа иштирок этган ушбу турнирда соҳа ходимлари, малакали журналистлар ўз маҳоратларини намоён этишди.

Мини футбол бўйича мусобақа якунларига кўра Ўзбекистон телерадиокомпанияси Тошкент канали жамоаси III ўринга лойиқ топилган бўлса, II ўрин «Ахборот» информацион дастури жамоасига, I ўрин эса «Спорт» канали жамоасига насиб этди. Шунингдек, «Маърифат» газетаси жамоаси рағбатлантирувчи мукофотни қўлга киритди.

Мусобақанинг стол тенниси бўйича «Маърифат» газетаси ходими Санобар Ҳакимова учинчи ўринни, Ўзбекистон телерадиокомпанияси ходимлари Лайло Рустамова иккинчи ўринни ҳамда Ирина Цой биринчи ўринни қўлга киритди. Турнир шартларига кўра «Энг яхши мураббий», «Энг яхши дарвозабон», «Энг яхши гол муаллифи» номинациялари бўйича ҳам ғолиблар эълон қилинди. Мусобақа ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Республика Болалар спортини ривожлантириш жам­ғармаси ҳамда Республика Хотин-қизлар қўмитаси каби ҳамкор ташкилотларнинг қимматбаҳо совғалари билан мукофотланди.

Сиёвуш ҚАҲҲОРОВ,

Низомий номидаги ТДПУ талабаси

Яна ўқинг:  “МАШЪАЛ” – дилга яқин тўлқин

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: