Очиқ мулоқот ошкораликни таъминлайди
Яқинда Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди томонидан Словениянинг «Региональний диалог» («Минтақавий мулоқот») халқаро нодавлат-нотижорат ташкилоти ва Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро жамоатчилик маркази билан ҳамкорликда «Ижтимоий аҳамиятга эга ахборотлардан фойдаланиш имкониятига доир ҳуқуқий хабардорликни ошириш бўйича миллий мулоқот» мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбирдан кўзланган мақсад фуқаролик жамияти институтлари тизимида ОАВнинг ролини кучайтириш, уларни ижтимоий фаоллигини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ишида ошкоралик, очиқликни таъминлаш, давлат органларининг ОАВ билан самарали алоқалари бўйича таклифларни ишлаб чиқишдан иборат.
Тадбирда таъкидланганидек, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини, шу жумладан, ахборот олиш, тарқатиш ва ўз ғояларини ифода этишга доир эркинлиги ва ҳуқуқларини амалга ошириш Ўзбекистонда демократик жамиятни барпо этишнинг энг муҳим асоси ҳисобланади. Бунда ОАВ, хусусан, мустақил нодавлат масс-медиалари алоҳида ўрин тутади. Шундай экан улар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари фаолияти очиқлигини таъминлаш, фуқаролик позициясини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий маданияти ва онгини оширишда фаол иштирок этиши керак.
Очиқ мулоқот давомида иштирокчилар мамлакатимизнинг бугунги ривожланиш босқичида ОАВ ва фуқаролик институтлари ролини янада кучайтириш вазифаси, ҳеч шубҳасиз, мамлакатни демократлаштириш, уни жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви, миллатлараро, динлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш, «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилини ҳаётга татбиқ этиш борасида белгиланган мақсадларни амалга оширишда ҳал қилувчи омил бўлаётганини алоҳида таъкидлашди.
Шаҳноза ОЛИМОВА