Беморнинг саъй-ҳаракати диабет давосида муҳим

Қандли диабетда организмда углеводлар ва сув алмашинуви издан чиқади. Бунга сабаб эса инсулин гормонини ишлаб чиқарадиган меъда ости бези фаолиятининг бузилишидир. Ушбу гормон организмда қандни қайта ишлаш жараёнида иштирок этади. Чунки қанд қайта ишлансагина глюкозага айланади. Акс ҳолда у қонда тўпланади ва кўп миқдорда пешоб билан ташқарига чиқиб кетади.

Шу билан бирга вужудда сув алмашинуви жараёни ҳам бузилади. Инсон танасидаги тўқималар ўзидаги сувни сақлай олмай қолади. Натижада кўп миқдордаги суюқлик организмга сингиши ўрнига ўз вазифасини тўлиқ бажаришга улгурмай буйраклар орқали тез ажралади.

Агар бемор қонида қанд миқдори меъёрдан юқори бўлса бу хасталикнинг илк аломати ҳисобланади. Меъда ости безининг бета ҳужайралари инсулин гормонини ишлаб чиқаришга масъул. Ўз навбатида эса бу гормон ҳужайралар етарли миқдорда глюкоза билан таъминланишини назорат қилади. Қандли диабетда эса инсулин гормони етишмовчилиги натижасида қанд ва глюкоза миқдори ошиб кетади. Шунингдек, ҳужайраларга глюкоза етиб бормаслиги сабабли улар шикастланади.

Организмда моддалар алмашинуви бузилиши натижасида юзага келадиган бу хасталик беморнинг ҳаёти давомида орттирилган ёки унга ирсий мойиллик бўлиши мумкин. Инсулин етишмовчилиги натижасида хаста одамнинг терисида йирингли яралар юзага келади. Яна унинг милклари ва тишлари ҳам шикастланади. Яна атеросклероз ривожланади. Хафақон (гипертония) пайдо бўлади. Буйраклар фаолияти бузилади. Қандли диабет таъсирида кўз нури сусаяди. Унинг асаб тизимига ҳам зарари кўп.

Ушбу касалликнинг икки тури мавжуд. Улар бир-биридан фарқ қилади. Қандли диабетнинг ҳар иккала турини фарқлаш эндокринолог-шифокор учун даволашни қай йўсинда олиб боришга туртки бўлади. Юқорида таъкидлаганимиздек, бу дарднинг келиб чиқишига моддалар алмашинувининг бузилиши сабабдир. Айниқса, ушбу касалликда углеводлар алмашинуви издан чиқади. Натижада гипергликемия (қонда қанд миқдорининг ошиши) ривожланади.

Яна қай ҳолларда қонда қанд миқдори ошади?

Феохроматоцитом-буйрак усти безларининг ўсмаси организмда инсулинга қарама-қарши таъсир этувчи гормонлар ишлаб чиқаради. Глюкагоном ва соматостатином-ҳужайрадан ўсиб чиқувчи ўсма ҳам инсулинга “рақиб” бўлган гормон синтез қилади. Буйрак усти безларининг гиперфункцияси (ўта фаоллиги)да, яъни, гиперкортицизмда ҳамда гипертиреоз касаллигида, жигар циррозида, организмнинг углеводларга нисбатан таъсирчанлигининг бузилишида ҳам гипергликемия кузатилади. Айниқса, бундай таъсирчанликнинг бузилишига эрталаб оч қоринга глюкомерда қондаги қанд миқдори меъёрда эканлиги аниқланган ҳолда унинг овқатланишдан кейин ошишини кузатиш мумкин. Транзитор гипергликемияда қисқа муддат давомида қонда қанд миқдори ошади.

Яна ўқинг:  Шароф Рашидов хотирасига бағишланган мусобақа

Панкреатит ҳам меъда ости безини зарарлайди. Шунингдек, меъда ости бези раки, яна бошқа ички секреция безлари касалликлари ҳам ушбу аъзо фаолиятига салбий таъсир этади. Хавф гуруҳига кирувчи иммунитети заиф организмга таҳдид солувчи қаттиқ руҳий зарба ва вирусли инфекциялар (қизилча, сувчечак, гепатит, грипп, ЎРВИ) ҳам қандли диабет ривожланишига туртки бўлиши мумкин.

Қонда қанд миқдорининг ошишига сабаб бўладиган ушбу барча ҳолатлар бартараф этилса, хасталик ҳам чекинади. Чунки бу белгилар иккиламчи диабетда кузатилади.

Қандли диабетнинг биринчи тури

Диабетнинг бу тури инсулинга қарамликни келтириб чиқармайди. Бундай касаллик билан одатда кекса ёшдаги кишилар оғрийди.

Айниқса, 40 ёшдан кейин айрим камҳаракат, нотўғри ва кўп овқатланадиган ҳамда семизликка мойил одамлар бу дардга чалинади.

Чунки ҳужайралар ундаги озиқ моддаларнинг кўплигидан инсулинга нисбатан сезгирликни йўқотади. Дастлаб эндокринолог беморларга парҳез тавсия этади. Албатта, хаста одам тузалишни истаса шифокор маслаҳатига амал қилиши зарур. Кўп пиёда юриш ва жисмоний тарбия билан шуғулланиш натижасида беморлар ҳар ойда аста-секин 2-3 кг. ортиқча вазндан халос бўлишга ҳаракат қилишлари зарур.

Меъёрдаги вазнни умр бўйи сақлаб қолиш шарт. Агар хастанинг қонида парҳез тутиш орқали қанд миқдори камаймаса, унда эндокринолог беморга глюкозани камайтирувчи дори воситаларини тавсия этади. Жуда-жуда кам ҳоллардагина касал одамга қандли диабетнинг иккинчи турида шифокор инсулин бериши мумкин.

Хасталикнинг иккинчи тури

Хасталикнинг бундай тури инсулинга қарам диабет деб аталади. Ушбу дард билан 40 ёшгача бўлган беморлар оғрийди. Касаллик анчайин оғир кечади. Уни даволаш учун инсулин талаб қилинади. Хасталикнинг бу турида организм меъда ости бези ҳужайраларини нобуд этувчи антитела ишлаб чиқаради. Чунки меъда ости безининг Лангергас оролида жойлашган бета ҳужайралар қондаги қанд миқдорини меъёрга солувчи инсулин гормони ишлаб чиқаради. Инсулинга қарам диабетнинг биринчи турини бутунлай даволашнинг иложи йўқ. Тери остига овқатланиш пайтида бемор шприць билан инсулин юборади. Инсулинни ҳам дори (таблетка) сифатида қўллаш мумкин эмас. Чунки бу дори воситаси меъда-ичак тизими йўлида парчаланиб кетади. Хаста одам албатта, парҳезга риоя этиши зарур. Айниқса, таркибида енгил ҳазм бўлувчи углеводлар мавжуд бўлган маҳсулотлар (шакар, ширинликлар, мева шарбатлари, ширин яхна ичимликлар)ни таомномадан чиқариш зарур.

Яна ўқинг:  Иммунитет “кушандалари”

Хасталикнинг клиник белгилари

Дастлаб беморда доимий оғиз қуриши кузатилади. Қанча сув ичса ҳам у чанқоғини қондирмайди. Хаста одам ҳаддан ташқари озиб кетади ёки унинг аъзои баданини ёғ босиб, семиради. Териси қуриб, қичийди. Танаси йирингли яллиғланиш жараёнларига мойил бўлиб қолади. Мушаклари бўшашиб, кўп терлайди. Беморда ҳар қандай яранинг битиши қийин кечади. Бу белгилар дардманд одамни сергак торттириши зарур. Шифокор тавсияси билан дарҳол у қондаги қанд миқдорини аниқлаш учун лабораторияга анализ топшириши керак. Агар касал одам ўз вақтида эндокринологнинг тавсияларига амал қилмай даволанишни кечиктирса, унинг аҳволи оғирлашиб бораверади. Хасталик авж олиб организмдаги барча аъзоларни шикастлайди. Беморнинг оғзидан ацетон ҳиди келади. Хаста киши терисида сезувчанлик йўқолади. Айниқса, оёқ панжасининг тагидаги тери “карахт” бўлиб қолади. Оёқларда бемор юрганда оғриқ кузатилади. Улар ушлаб кўрилганда муздай бўлади. Чунки қон томирларда микроциркуляция бузилади. Хаста одамнинг юз ва болдирлари шишади. Унинг қон босими ошиб, юрагида оғриқ кузатилади. Жигари ҳам катталашади. Беморда кўп пешоб ажралиши (полиурия) кузатилади. Диабетик комада дардманд одам ҳушини йўқотганча ўзига келмаслиги мумкин.

Қонда қанд миқдори меъёрда қанча бўлади?

Оч қоринга лабораторияда қон текширилса меъёрий кўрсаткич 3,3-5,5 ммоль/л бўлади. Агар углеводли юклама амали бажарилса, ушбу кўрсатгич 7,8 ммоль/лни кўрсатади. Қондаги глюкозага таъсирчанликнинг бузилиши оч қоринда аниқланганда ушбу миқдор 5,5-6,7 ммоль/лгача кўтарилади. Углеводли юкламадан сўнг ушбу кўрсатгич 7,8-11,1 ммоль/л бўлади.

Қандли диабетда оч қоринга қон топширилса, лаборатория таҳлили 6,7 ммоль/лни кўрсатади. Бемор ширин чой ичса ёки ширинлик егандан сўнг ушбу углеводли юклама таъсири остидаги кўрсатгич 2 соат ўтгач, 11,1 ммоль/л ни ташкил этади.

Гулчеҳра ШИРИНОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: