ХАФАҚОН (ГИПЕРТОНИЯ) КАСАЛЛИГИГА ЭЪТИБОРСИЗ БЎЛМАНГ

Пойтахтда дорихоналарнинг сони доимий равишда ошиб бормоқда. Кўчаларда, поликлиникалар ёки шифохоналар қошида, савдо комплексларида ҳам дорихоналарни учратиш мумкин. Бу эса аҳолига ҳар тамонлама қулайлик туғдирмоқда.

Бу дорихоналардаги дори воситаларининг хилма хиллиги ва сони одамни чалғитиб қўйиши табиий. Баъзан маълум бир дори воситаси ўрнига таъсир доираси ўхшаш бошқа дори воситаси тавсия қилинади. Агар дорихона ходими, яъни фармацевт юқори малакали ва тажрибали бўлса, унинг таклифи фойдали бўлади. Тўғри келган дори воситасини кўр-кўрона олиб, таваккал ичмасдан, оз бўлса ҳам дори воситалари тўғрисида маълумот олиш ҳар бир соғлом одам ёки бемор учун фойдадан холи эмас.

Ҳозирда экологиянинг бузилиши, атроф-муҳитдаги турли салбий ўзгаришлар таъсири туфайли ҳам қон босимининг ошиши – артериал гипертония касаллиги энг кўп учрайдиган касалликлар қаторига қўшилиб қолди. Артериал босимни туширишда қўлланадиган ёки уни меъёрга келтирувчи дори воситалари гипотензив препаратлар дейилади. Замонавий гипотензив дори воситаларини шартли равишда 5 гуруҳга бўлиш мумкин: Буларга

– адреноблокаторлар, АПФ ингибиторлари, диуретик(пешоб ҳайдовчи)лар, кальций каналларини фалажловчи, ангиотензин II рецепторларига таъсир этувчи моддалар киради.

Диуретик моддалар организмдан тузни чиқаргани учун салуретик моддалар деб аталади. Маълумки, гипертония касаллигида ҳужайраларда натрий ионлари ҳажми ошиб кетади. Шунинг учун бундай беморларни даволашда пешоб ҳайдовчи моддалар қўлланилади. Бу моддалар натрий, хлор ионлари ва суюқликнинг қайта сўрилишига тўсқинлик қилади. Шу сабабли улар организмдан чиқарилади ва қон босими пасаяди. Бу каби дори воситаларига фуросемид, индапамид, спиронолактон, гипотиазид киради.

Бу дори воситалари танаси шишга мойил бўлган катта ёшдаги, доимий юқори кўрсаткичли қон босими билан юрадиган беморларга, юрак – қон томир етишмовчилиги, систолик гипертония касалликларида шифокор томонидан тавсия этилади.

Уларни қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар қуйидагилар, яъни подагра(бўғимлар оғриғи), дислипидемия(организмда ёғлар алмашинуви бузилса), фаол жинсий ҳаёт кечирувчи эркакларга тавсия этилмайди.

адреноблокаторлар – адренорецепторларни фалажловчи моддалар албатта миокард инфаркти, юрак уриши, юрак ишемик касаллиги билан оғриган беморларга тавсия этилади.

– адреноблокаторларга метопролол, атенолол, бисопролол, карведилол, небивалол киради.

Ушбу дорилар стенокардия, бошдан кечирилган миокард инфаркти, тахиаритмия (юрак ритмининг бузилиши)да қўлланилади.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатларга бронхиал астма(зиққи нафас), сурункали бронхит(бронхлар яллиғланиши), II-III даражали АВ блокада, дислипидемия, спортчилар ва жисмоний фаол беморлар, периферик қон томир касалликлари киради.

Яна ўқинг:  Телевизор боланинг ижодий салоҳиятини пасайтиради

АПФ ингибиторлари таъсирида ангиотензин конверсияловчи ферментнинг ҳосил бўлиши камайиб, ангиотензин I ангиотензин II рецепторларининг фаоллиги йўқолиб, улар кенгаяди. Буйрак усти безининг фаоллиги ҳам сусаяди. Чунки, уларда ҳам ангиотензин II рецепторлари бор. Қонга минерал кортикоид алдестероннинг ажралиши, натрийнинг қайта сўрилиши камаяди. Натрий билан бирга суюқлик организмдан чиқиб кетади. Бу ҳолат ҳам қон босимининг пасайишига олиб келади.

Буларга эналаприл (энап, энам), лизиноприл, рамиприл, периндоприл киради.

Улар миокард инфарктидан сўнг қўлланади. Юрак ўлчамининг катталашишида (чап қоринча гипертрофияси(кенгайиши)да), қандли диабет ва буйрак жароҳатланиши (диабетик нефропатия) билан оғриган беморларга жуда мос келади.

Буйрак томирларининг торайиши (буйрак артерияси стенози), ҳомиладорлик, гиперкалиемия(қонда калий моддасининг кўпайиши) қўлланиши мумкин бўлмаган ҳолатлар ҳисобланади.

Кальций каналларини фалажловчи II авлод моддаларга нифедипин-ретард (коринфар-ретард), норваск киради. Моддалар кальций ўтадиган суст каналларни боғлаб, бу модда ионларининг силлиқ мушак ҳужайраларига ўтишига тўсқинлик қилади. Кальций ионлари қон томирларининг силлиқ мушаклари таранглигини тутиб турадиган асосий ионлардан бири ҳисобланади. Кальций ҳужайралар ичига ўтолмагани туфайли силлиқ мушаклар таранглиги сусаяди. Улар бўшашади, қон томирлар кенгаяди ва қон босими пасаяди. Ушбу моддалар кальций ионларининг юрак мушакларига ўтишига ҳам тўсқинлик қилади. Са-АТФ-азанинг фаоллиги камаяди, Юрак мушаклари қувватга бой фосфат бирикмаларини ўзлаштиролмай қолади. Юрак иши сусаяди. Қон босими пасаяди. Моддалар юқорида келтирилган антиангинал, аритмияга қарши хусусиятларга ҳам эга.

Ушбу дори воситалари беморларда юрак ишемик касаллиги билан юқори босим қўшилиб келганда, юрак кўрсаткичли артериал гипертензияда, стенокардия, бир кеча-кундуз давомида қон босимини тушириш, стенокардия хуружларидан сақлаши мумкин. Юрак уришининг тезлигини камайтирмайди.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар: ўткир миокард инфаркти, юрак етишмовчилиги, синус тугунининг сустлиги синдромида.

Кальций каналларини фалажловчи III авлод моддаларга амлодипин (амловас), исрадипин, фелодипин киради.

Қўлланиши: диабетик нефропатия, инсультлар, атеросклероз, полиартрит(бўғимлар яллиғланиши), остеопороз. Бир кунда бир маҳал 5-10 мг дан ичилади. Бу дори воситалари фақатгина артериал босимни пасайтирибгина қолмай юрак ва қон томирларини ҳимоялаб – атеросклероз хасталигининг ривожланишига тўсқинлик қилувчи ягона воситадир.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар: ҳомиладорлик, лактация (она сути билан эмизиш) даврида.

Хулоса қилганда антигипертензив моддалар гипертония касаллигининг сабаби, босқичи ва дори моддаларнинг таъсир механизмига қараб, кўпинча бир неча моддалар бирга қўлланилади. Улар бир-бирининг таъсирини ошириши мумкин.

Яна ўқинг:  ГИПОАЛЛЕРГИК ПАРҲЕЗ

Умида ЙЎлдошева,

Ўқув-даволаш комплекси тиббиёт коллежи ўқитувчиси,

Шайхонтоҳур тумани

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: