Нега бола тунда пешоб тута олмайди?
Давоми. Боши.
Болаларда энурез шаклланишининг невротик ва неврозга ўхшаш механизмлари фарқланади. Бу дард эпилепсия (тутқаноқ) билан хасталанган деярли барча болаларда кузатилади. Бир кечада назоратсиз пешоб ажралиши бир ёки ундан кўп ҳолларда кузатилиши мумкин. Аксарият муаллифлар 6 ой ва ундан кўп вақт давомида, уйқу пайтида хастанинг бехосдан тагини ҳўллаб қўйишини назорат қилишни “қуруқ” давр деб ҳисоблашади.
Одатда энурезнинг 2 тури – асоратланмаган (моносимптом – битта клиник белги билан кечадиган варианти) ва асоратланган (полисимптом – кўп клиник белгилар билан кечадиган варианти) кузатилади. Моносимптомли энурезда пешобни тута олмасликдан ташқари бошқа клиник ўзгаришлар кузатилмайди. Беморнинг касаллик тарихида дори воситаларини қабул қилганлик (масалан, пешоб ҳайдовчи) ёки тез-тез ва кўп миқдорда таркибида кофеин мавжуд бўлган маҳсулотларни (масалан, шоколад ёки кола) истеъмол қилганлик тўғрисидаги кўрсатмалар бўлмаслиги, диагностик текширувда эса минимал ҳажмда, махсус тестсиз, барча кўрсаткичлар меъёрда бўлиши керак.
Ташхис
Тунги энурез билан касалланган болани тиббий кўрикдан ўтказганда шифокор-педиатр кетма-кетликда пешоб йўллари инфекциясини, сийдик ҳосил бўлиши ва уни чиқариш аъзоларининг ривожланиш нуқсонларини, асаб тизими шикастланишини невроз, руҳий бузилиш эҳтимолини истисно этади. Зарур ҳолларда барча урологик ва неврологик текширувлар ўтказилади. Текширувлар қуйидагиларни аниқлашга ва тўғри ташхис қўйишга имкон беради:
Яъни, пешоб таҳлиллари сийдик йўллари инфекциясини, бу тизимнинг ультратовуш текшируви эса қовуқ ҳолатини ҳамда ундаги қолдиқ пешобни аниқлашга, цистография ва экскретор урография – ривожланиш нуқсонларини дилятация даражаси, обструкциянинг эҳтимол соҳасини, ЭхоЭГ, электроэнцефалография, бош мия қон томирлари допплерографияси, рентгенологик тиббий текширувлар ва компьютер томографияси эса асаб тизими бузилишларини, психолог ва психиатр консультацияси бемор руҳиятидаги салбий ўзгаришларни аниқлашга ёрдам беради.
Диуретик сонография (“фуросемид – организмда пешоб ҳайдовчи дори воситаси тести”) организмда функционал бузилишлар мавжудлиги ҳақида маълумот беради. Буйрак фаолиятини баҳолаш учун радиофармпрепаратли ренография қўлланилади
Шарт бўлган оддий тестлар:
Энг авволо, қовуқнинг ҳажмини ўлчаш керак. Пешоб йиғиш учун бир неча қоидаларни бажариш лозим. Аввал махсус идишга биринчи заҳартанг қистаганда пешоб йиғилади. Бу амал кундуз куни болани сийгиси келганда, яъни қовуқ тўлганда бажарилади. Олинган натижа қовуқнинг функционал ҳажми билан солиштирилади. У қуйидагича ҳисобланади: бола ёшига 2 сони қўшилади ва олинган натижа 32 га кўпайтирилади.
Тунги пешоб миқдорини ўлчаш ҳам зарур. Кечқурун қуруқ таглик тарозида ўлчанади, эрталаб эса ишлатилгани ва тафовутга биринчи эрталабки сийдик ҳажми қўшилади (у 1 мл =1 гр). Агар натижа 160 мл. дан ошса (5 ёшли бола учун), демак, организмда антидиуретик гормон (АДГ) миқдори етарли даражада ишлаб чиқарилмаяпти. Тунда ҳосил бўлган пешобнинг миқдори кўп.
Даволаш
Тунги энурез баъзи болаларда катта бўлган сари ўз-ўзидан ўтиб кетади. Бироқ, бунга кафолат йўқ. Тунда пешоб тута олмаслик ҳоллари мавжуд аксарият болаларга махсус режим, ёшга қараб парҳез, дори воситалари ва номедикаментоз тавсиялар берилади. АДГ тунда кам ишлаб чиқилганда унинг аналоги бўлган ва ўрнини босувчи препаратдан фойдалинилади. Самарали дозада даволов курси 4-12 ҳафтани ташкил этади. Бироқ, ушбу дори воситаси тўхтатилганда кўп ҳолларда касаллик қайталайди.
Агар қовуқнинг ҳажми кичик эканлиги аниқланса, биринчи навбатда қўлланиладиган чора – беморни мажбурий уйғотиш ёки пешобнинг биринчи томчилари пайдо бўлганда болани тувакка ўтказиш. Бундан ташқари бир қатор гигиеник қоидаларга риоя қилиш лозим. Бола бироз қаттиқ каравотда ухлаши керак. Уйқудан олдин кечки соатларда суюқлик ичиш миқдорини камайтириш, бемор тунда ётишдан аввал, сўнг кечаси тез-тез уни тувакка ўтказиш лозим. Бола уйқуга кетгандан сўнг 2-3 соатдан кейин уни турғазиб, ҳожатхонага олиб бориш керак. Уни иккинчи маротаба уйғотиш тавсия этилмайди. Бир ой давомида бола бу тартибга кўникади. 3 ойдан сўнг эса у бутунлай соғаяди.
Иккиламчи энурез
Пешоб йўли инфекцияси ёки бошқа касаллик туфайли юзага келган иккиламчи энурезда тегишли даволаш усуллари қўлланилади. Агар энурез инфекция туфайли юзага келган бўлса, хасталикни антибактериал препаратлар билан тўлиқ даволаш зарур бўлади. Психотерапевт ёрдами одатда эътибори суст ўта фаол болаларга ва мактаб ёшидаги болада стресс туфайли (ота-онаси ажрашган, бир жойдан бошқа жойга кўчиш, мактабдаги кўнгилсизликлар) энурез келиб чиққанда ҳам зарур бўлади.
Энурезнинг невротик шаклида транквилизаторлар буюрилади. Даволаш муолажаларининг давомийлиги – 2-3 ҳафта. Тунда пешоб тута олмаслик қовуқнинг ўта фаол синдроми билан кузатилганда холинолитиклар кунига 3 маҳалдан 30 кун давомида тавсия қилинади.
Медикаментоз бўлмаган усуллардан психотерапевтик, физиотерапевтик, уқалаш, игнарефлексотерапия усуллари кўрсатилган. Физиотерапия усулларидан қовуқ электростимуляцияси, шу жумладан, унга трансректал (тўғри ичак орқали таъсир этиш) усули, электроуйқу, дарсонвализация, магнитотерапия, лазеротерапия, игнатерапия махсус жадвал бўйича, ҳаттоки, мусиқатерапия кенг тарқалган. Одатда ушбу усуллар дори воситалари билан биргаликда қўлланилади.
Биологик тескари алоқа (БТА) – фармакологик бўлмаган усул. Бунда болага физиологик маълумотларни рўйхатга олиш, кучайтириш ва қайтариш мақсадида махсус аппаратура қўлланилади. Усулнинг асосий вазифаси – ўзини бошқаришга ўргатишдир. Яъни, тескари алоқа беморда физиологик назоратга ўрганиш жараёнини енгиллаштиради.
Тунги энурез билан касалланган болалар учун махсус психотерапия курсларини психиатр ёки тиббий психолог гипно-суггестив ва бихевиорал усулларни қўллаган ҳолда ўтказади. 10 ёшдан бошлаб ишонтириш ва ўзини ўзи ишонтириш усулларини (уйқудан олдин) ҳамда пешоб қистаганда мустақил равишда уйғонадиган “формула”ларни қўллаш мумкин.
Тоҳир ҲОЖИМЕТОВ,
тиббиёт фанлари номзоди,
Республика ихтисослаштирилган урология маркази мутахассиси