Нега бола тунда пешоб тута олмайди?

Кўпинча савол туғилади: неча ёшдан бола уйқудан уйғонганда таги қуруқ бўлиши керак? Баъзи бола бу физиологик жараённи 2 ёшдан назорат қилади. Аммо ҳар доим ҳам бундай бўлмайди.

Энурез юнонча “enuresis” – “пешоб оқиб чиқиши” деган маънони англатиб, бу ҳолат 5 ёшдан катта бўлган болаларда кузатилса патологик жараён деб ҳисобланади. Агар болакайлар 5 ёшгача тунда пешоб тута олмаса бу физиологик муаммодир. Бу ёшдан ўтгандан кейингина энурез – тиббий, шу жумладан, психологик муаммога айланади. Баъзида тунда пешоб тутаолмаслик ҳолатлари кузатилиши мумкин. Аммо бунинг ваҳимали жойи йўқ. Пешоб тута олмаслик бирламчи ва иккиламчи бўлади. Бирламчи сийдик тута олмаслик (бирламчи энурез) – кўникмаларнинг намоён бўлишининг ва бу физиологик жараённинг назорат қилишнинг кеч ҳосил бўлиши. Асаб-руҳий ривожланишнинг бузилишлари, организмдаги турли салбий ўзгаришлар оқибатида бола қовуғини умуман назорат қила олмаслиги мумкин. Иккиламчи сийдик тута олмаслик (ихтиёрсиз, иккиламчи энурез) – қовуқни бошқарувчи шаклланган шартли рефлексининг пасайиши ёки йўқотилиши (урологик ёки инфекцион касалликлар, руҳий шикастланиш натижасида). Тунги энурез генетик, психологик, неврологик, урологик, эндокрин омилларнинг ўзаро таъсири натижасида келиб чиқадиган ҳолатдир.

Беморларнинг бир қисмида энурез озиқ-овқат аллергияси туфайли келиб чиқиши ҳам мумкин. Бу ҳолатда ушбу касаллик мигрень-шақиқа (бошнинг ярми оғриши) ёки гиперактивлик (ўта фаоллик) синдроми ва беморда эътиборнинг сусайиши билан бирга кечади. Кўпинча энурез кам вазн билан туғилган, психомотор ривожланиши орқада қолган болаларда кузатилади. Тунги энурезни парасомниянинг бир кўриниши дейиш мумкин. Чунки баъзи болаларда энурезда ўта қаттиқ уйқу (профундосомния) кузатилади. Кўп ҳолатларда у бошқа парасомниялар: уйқуда алаҳсирашлар, тунда уйқусираб юришлар билан кечади. Айрим ҳолатларда энурез уйқудаги обструктив апноэ билан боғлиқ бўлади. Ушбу механизм бодомча безлари ва аденоидлари катталашган, қаттиқ хуррак отадиган болаларга хосдир.

Янги туғилган чақалоқда пешоб ажратиш жараёни табиий ҳолда рўй беради. 6 ойликдан бошлаб болада шартли рефлекс шакллана бошлайди. Болага тўғри тарбия бериш натижасида у бу табиий эҳтиёжини ғингшиб, безовта бўлиб катталарга маълум қилади. Бироқ, гўдак ухлаганда аввалгидек ихтиёрсиз равишда тагини ҳўллаб қўяверади. Яъни, шартсиз рефлекс механизми давом этишдан тўхтамайди.

Сийдик чиқариш жараёнининг сўнгги иннервацион механизмлари, шу жумладан, уйқу мобайнида, индивидуал равишда 2 ёшдан 4 ёшгача давр оралиғида ўрнатилади. Пешоб ушлаб туриш жараёни (йиғилиш фазаси) ва бу физиологик жараён пешоб чиқариш фазаси турлича бошқарилиб, бунда марказий ва орқа мия регуляция марказлари бевосита иштирок этади. Қовуқ фаолиятини тартибга солувчи орқа мия марказлари умуртқа поғонасининг бел-думғаза соҳасида жойлашган. Айнан шу ердан унинг асаб тизими орқали симпатик ва парасимпатик бошқарилиши амалга оширилади.

Яна ўқинг:  “ЁЗДА ЁПИНЧИҒИНГНИ ҚЎЙМА, ҚИШДА...”

Пешоб тута олмасликнинг этиологик механизмлари

Беморда шартли “тунги соқчилик” рефлекси шаклланиши механизмларининг туғма бузилишлари кузатилади. Пешоб ажратишни тартибга солувчи кўникмаларнинг кеч шаклланиши ва ноқулай омиллар туфайли орттирилган сийиш рефлексининг бузилиши ҳамда бу хасталикка ирсий мойиллик ҳам сабаб бўлади. Агарда ота-оналардан бири энурез билан касалланган бўлса, болада бу хасталикнинг пайдо бўлиш эҳтимоли 40-50 фоиз уларнинг иккаласида ҳам болаликдан бу дард кузатилган бўлса, фарзандида ушбу хасталик 70-80 фоиз ҳолатда мавжуд бўлади. Ўғил болаларда энурез қизларга қараганда кўпроқ кузатилади.

Тахминий белгиланган меъёрлар:

– 1,5 ёшга бориб бола таглиги ҳўл бўлганлиги ҳақида катталарга маълум қилишга ўрганади.

– У 20-30 ой орасида кун давомида пешобини тута олади.

– 30-40 ой орасида (яъни, 3,5 ёшда) ўғил-қизлар беихтиёр пешоб ажратишдан ўзини тия олади.

– 3-4 ёш орасидаги болалардан ҳар иккинчиси баъзида уйқуда тагини ҳўллаб қўяди. Бу оддий ҳолдир.

– 4-5 ёшга бориб эса бола мустақил равишда озодалик кўникмаларини орттиради.

Кундузги ва тунги пешоб ажратиш механизмлари бир-биридан кескин фарқланади. Уйқуда беморнинг тагини ҳўллаб қўйиш ҳолатининг ўзига хослиги – бу жараён тўсатдан, пароксизма кўринишда, катта миқдорда пешоб ажралиши билан рўй беради. Бу жараён хастада нафасни ушлаб туриш, мотор-вегетатив кўринишлар, оёқ-қўлларнинг клоник тортишишлари билан кечади. Одатда мазкур касалликнинг икки асосий сабаби ажратилади: қовуқ ўзининг тузилишига кўра ҳажми ҳаддан зиёд кичик бўлади ёки болада етарли миқдорда антидиуретик гормон ишлаб чиқарилмайди. Бу гормон тунги пайтда организмда сув ва тузлар ажралишини бошқариб туради.

Шартли равишда сийдик чиқаришнинг бузилиши иккига бўлинади: органик ва функционал. Органик ёки дизонтогенетик шакллар урогенитал соҳадаги турли “қўпол” ва “кичик” нуқсонлар билан боғлиқ. Болаларда сийдик чиқариш бузилишининг обструктив турига ўз вақтида ташхис қўйишга алоҳида аҳамият берилади. Функционал шакллар бола ўсишидаги номутаносиблик унинг ёки етилиши билан боғлиқ нуқсонлар сабабли кузатилади.

(Давоми бор)

Тоҳир ҲОЖИМЕТОВ,

тиббиёт фанлари номзоди,

Республика ихтисослаштирилган урология маркази мутахассиси

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: