Майманоқ бодомлари
Майманоқ нафақат Касби тумани, балки Қашқадарё вилоятидаги қадимий ва аҳолиси кўп қишлоқ. Қишлоқ аҳли азал-азалдан соҳибкорлик, деҳқончилик билан шуғулланиб келади.
Бирор бир хонадон йўқки, мевали дарахт кўчатлари парвариш қилмаса. Янги иморат қуриш учун жой олиндими, аввало ниҳол экишади. Чунки уй-жой битказилиб, кўчиб келишгач, орадан бир неча йил ўтиб ниҳоллар бўй чўзиб, дарахтлар мевага кира бошлайди. Хонадонга қут-барака, файз, ризқ-у насиба, барака инади. Ҳар бир оила аъзолари боғ барпо этишга қизиқишади. Боғлардаги сархил мевалар, ишкомларда ўзини кўз-кўз қилаётган узумлар дастурхонларга кўрк бағишлайди. Айниқса, Майманоқ бодомларини айтмайсизми?!
Ҳа, Майманоқ бодомларини таърифлашга сўз ожиз. Айтишларича, кафтингизга эзсангиз, фақат мағзи қоладиган мазали бодомлар шу заминда етиштирилади. Мева ниҳолларини бошқа қишлоқларга олиб бориб экишганда ҳам бу қишлоқ заминидаги сингари серҳосил ва мазали таъм берадиган бодом олишмаган. Бу эса ҳануз сирлигича қолаяпти.
Майманоқлик миришкор деҳқон Бердимурод Ғаниевнинг сўзлари даврага ўзгача файз киритади. У кишининг айтишича 1967 йилда республикамизнинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов, вилоят раҳбари Рўзмат Ғойибов, Косон туман раҳбари Жалил Ҳаққулов билан биргаликда Майманоққа боришади. Уларни хўжалик раҳбари Қодир Ниёзқулов ва уста деҳқон Шодмон Санақулов кутиб олишади. Шароф Рашидов қишлоқ одамларининг турмуш тарзи, уларнинг ютуқлари, ечимини кутаётган муаммолар хусусида гаплашади. Бир пиёла чой устидаги суҳбатда Шароф Рашидов дастурхондаги бодомларнинг таъми бошқача эканлиги ҳақида сўз очади.
– Бу бодомлар мўъжизанинг ўзи-ку. Бунақасини бошқа бирор жойда учратмаганман, – дейди ҳурматли меҳмон. – Бу ернинг табиати, тупроқ иқлими, ҳавоси бодомга мос экан. Шифобахшлигини айтмайсизларми?!. Худди шунга ўхшаш бодомларни, бодомзорларни кўпайтириш керак.
Орадан унча кўп вақт ўтмай, аниқроғи, 1968 йилда Шароф Рашидовнинг кўрсатмаси ва маслаҳати билан Майманоқ тоғ ён бағрида жойлашган академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Республика боғдорчилик ва узумчилик илмий текшириш институтининг бодомчилик таянч пункти ташкил қилинди. Мавжуд 280 гектарнинг 100 гектари бодом ниҳоллари учун ажратилди. Шундан 5 гектарига Американинг Техас штатидан келтирилган “Техас”, “Намфарель”, “Космический”, “Дрег” каби бодом навлари экилди. “Техас” навли бодом юмшоқ пўстли бўлиб, кафтга сиқиб “пуф” десангиз, пўсти ҳавога учади. 95 гектар майдонда эса 15 хилдаги маҳаллий бодом навлари парвариш қилина бошлади. Таянч пунктга қарашли қолган 180 гектар майдонда бодомдан ташқари ўрик, шафтоли, олма, анор, олхўри кўчатлари экилди. Токзорлар барпо қилинди.
Майманоқ бодомлари 1982 йилда Москвадаги халқ хўжалиги кўргазмасидан ўрин эгаллайди. Шу тариқа Майманоқ бодомларининг шуҳрати дунё кезади. Бу ютуқларга эришишда бағри кенг ва зукко инсон Шароф Рашидовнинг ҳиссаси беқиёс, албатта.
– Шароф ота қадами етган жойларга барака кириб келарди. Биз бу олийҳиммат, табаррук инсоннинг ташрифидан, эътиборидан, боғдорчиликни ривожлантиришдаги хизматларидан ҳамиша миннатдормиз, – дейди майманоқлик отахон ва онахонлар.
Бугунги кунда қишлоқ миришкорлари боғларни янада кенгайтиришга ҳаракат қилишаяпти. Бу ерда етиштирилаётган сархил мевалар нафақат Майманоқ деҳқон бозорини, балки Касби, Косон, Муборак, Қарши шаҳридаги бозорларни ҳам тўкин қилаяпти. Албатта, ҳалол меҳнатлар эвазига яхшигина даромад олинади. Сидқидилдан қилинган меҳнат боис оилалар иқтисоди юксалиб, рўзғор бут, турмуш фаровон бўлаяпти. Халқимиз “Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик” нақлини бежиз айтмаган. Соҳибкорлик ва деҳқончиликнинг ҳадисини олган майманоқликлар ҳар қарич ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишаяпти.
Абдулла АЙИЗОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси