Ўқувчининг бўш вақти: ундан оқилона фойдаланиляптими?
Фарзандларимиз дарсдан бўш вақтларида севимли машғулотлари билан вақтини чоғ ўтказишгани яхши. Бироқ, барча ота-оналар ҳам ўғил-қизлари учун ана шу имкониятни яратиб бера олармикан!?
2-синфда ўқиётган фарзандим мактабдан қайтгач, қўлидаги варақни шоша-пиша менга тутқазди. Қоғозда мактабидаги тўгараклар номи ҳамда ота-оналар фарзандининг лаёқатидан келиб чиқиб, уларни бирор бир машғулотга жалб қилиш лозимлиги ҳақида сўровнома ёзилган экан.
Ўғлим анчадан буён қизиқиб юрган шахмат тўгараги ҳам ушбу намунада келтирилган эди. Сўровномада ўғлимнинг қизиқишини инобатга олдим. Эртаси куни шахмат тўгараги билан яқинроқ танишиш ҳамда фарзандимни машғулотга ёздириш учун мактабга бордим. Билишимча, тўгаракнинг ойлик тўлови мен кутгандан ҳам бироз юқори экан. Фарзандимнинг қизиқишини ўйлаб, ушбу тўловга “кўз юмдим”.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: фарзандларимиз дарсдан бўш вақтларида севимли машғулотлари билан вақтини чоғ ўтказишгани яхши. Бироқ, барча ота-оналар ҳам ўғил-қизлари учун ана шу имкониятни яратиб бера олармикан!? Истаймизми-йўқми, масала барибир моддий таъминотга бориб тақалади.
Маълумки, умумтаълим мактабларида намунавий йиллик иш режага асосан бир ставка ишлаётган ҳар бир фан ўқитувчиси ҳафтасига икки соатдан ўқувчилар билан индивидуал ишлаши лозим. Бундан ташқари ўқувчиларнинг қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиққан ҳолда турли фан ва касб-ҳунар тўгараклари ҳамда пуллик асосда “Баркамол авлод” болалар марказларининг машғулотлари ҳам ташкил этилиши мумкин.
Хўш, ушбу тўгаракларга ўқувчилар тўлиқ қамраб олиняптими? Бизни кўпроқ ўйлантираётган мавзу аслида шу.
– Бугун таълим масканларидаги тўгараклар фаолиятини бирдек қониқарли деб бўлмайди, – дейди Бекобод шаҳридаги 38-умумтаълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Нигора Холиқулова. – Биргина мисол, бизнинг муассасамизда ҳам қатор тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Бироқ, даставвал машғулотларда фаол бўлган болаларнинг вақт ўтиши билан иштироки сустлашади. Бунга асосий сабаб сифатида ота-оналарнинг эътиборсизлигини келтирган бўлардим. Қолаверса, аксарият тўгараклар учун алоҳида хоналар ажратилмаган. Баъзиларида ўқувчига касб-ҳунар сирларини пухта ўргатадиган мутахассислар етишмаслиги сабаб ҳам тўгараклар фаолиятида камчиликларни кузатиш мумкин.
Биз бу борада ота-оналарнинг фикри билан ҳам қизиқдик. Уларнинг аксарияти касб-ҳунар ва спорт тўгаракларининг фаолиятида аниқ бир йўналиш борлиги учун бу машғулотлар яхши натижа бераётганини таъкидлашди. Шунингдек, ота-оналар мактаблардаги аниқ фанлар бўйича тўгараклар чуқурлаштирилган тарзда ўтилмаётгани сабаб, қўшимча репетиторларга эҳтиёж юқори эканлигини билдиришди.
– Фарзандим математика фанига қизиқади, – дейди олмалиқлик Шаҳноза Қудратова. – Шу сабаб уни шу фан бўйича тўгаракка бермоқчи бўлдим. Бироқ, математика ўқитувчиси машғулотларга вақти йўқлигини важ қилди. Шундан сўнг гарчи фарзандимнинг қизиқиши бўлмасада, уни мусиқа тўгарагига жалб қилдим. Агар мактабларда фан тўгараклари фаолият олиб бормас экан, унда таълим даргоҳининг эълонлар тахтасига машғулотлар жадвалини осиб қўйишдан нима наф. Бундан ташқари агар ўқитувчи ўқувчилар билан ишлашдан бош тортса болалар қандай қилиб ўз билимини оширади?
Назаримда бу фикрларда жон бордек.
Дарҳақиқат, фан тўгаракларида ўқувчилар дарсда олган билимларини мустаҳкамлайди, ўзлаштириши яхшиланади. Фанга нисбатан ўқувчининг қизиқиши ошади. Энг муҳими, бундай машғулотларда иқтидорли ўқувчилар билан алоҳида ишлаш имконияти вужудга келади.
Зеро, жаҳон цивилизацияси ривожида муҳим ўрин тутган Абу Наср Форобий, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад ал-Фарғоний ва Мирзо Улуғбек сингари буюк боболаримиз илм-фан бўйича қатор ютуқларни қўлга киритган. Томиримизда қони оқаётган ана шу боболаримиз ўз умрининг ҳар бир сониясидан самарали фойдаланишган. Жуда қийин шароитларда, олис-олис юртларга бориб илм ўрганишган.
– Тенгдошларим тўгараклардан етарли билим ола билмаганликлари учун олийгоҳга тайёрланиш мақсадида репетиторларга боришади, – дейди қашқадарёлик 10-синф ўқувчиси Наврўз Ашуров. – Бироқ, барчанинг ҳам бунга қурби етавермайди. Айрим тенгдошларим дарсдан сўнг фан тўгараклари йўқлиги сабаб бошқа ишлар билан банд бўлмоқда.
Бир сўз билан айтганда умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларда таълим олаётган ҳар бир ўқувчини фан, ҳунар ва спорт тўгаракларига жалб этиб, уларнинг онгидаги бўшлиқни билим ва маънавият билан тўлдиришимиз зарур. Зеро, улар эртамиз эгалари, келажагимиз бунёдкорларидир.
Майна ҲАСАНОВА