Cен қуёш умрига тенгмисан…

…Нафақат ўз шеърлари, балки бутун ҳаёти билан ўзбек аёлининг маънавий қиёфасини намоён этган атоқли шоирамиз Зулфияхонимни ҳам мен ана шундай фидойи инсонлар қаторига қўшган бўлардим. Унинг жаҳон минбарларидан янграган шеърлари Шарқ аёлининг ақлу закоси, фазлу камолининг ёрқин ифодаси сифатида миллионлаб шеърият мухлисларига одамийлик, муҳаббат ва садоқатдан сабоқ берган, десак, муболаға бўлмайди.

Ислом КАРИМОВ

Бола кўнглининг тусагани – ўз дунёси бўлади. Унда ойдан баланд орзулар, адоқсиз ўйу ниятлар камалакранг куртак тугади. Адабиётга меҳр, мутолаага ошнолик қалбимизга китобнинг суратини муҳрлаганди…

Дарслигимиздаги шоир-ёзувчиларнинг таржимаи ҳолини ёд олиш анъанага айланиб кетган кезлар. Зулфия Исроилова ҳақидаги сабоқ мени бошқа оламга етаклади. Унинг темирчи отаси ҳолатини қайд этган битиклари менга ёд бўлиб кетди: босқон тутган қабариқ қўллари шундай тасвирланган эдики, мен ундан таажжубга тушдим. Оддийгина темирчини шунчалар чиройли, шунчалар ҳаяжонли – олов билан ишлашларини олов қалб билан сўзда суратини тасвирлаган эди. Уларнинг ҳар бир сўзлари хаёлимда такрорланаверарди. Мен хаёл билан яшардим. Хаёлимда шоира билан яшардим. Ўйимдан ўзим уялардим, аммо менинг отам ҳам темирчилигидан кўнглимда фахр туйғуси уйғонарди. Бу уйғоқликни фақат менинг кўнглим тушунарди. Шундан опанинг шеърларини қайта-қайта ўқиш менинг кундалик юмушимга айланди.

“Саодат” журналининг ҳар бир сонини интизорлик билан кутардим. Унинг ҳар бир саҳифасини бола нигоҳим билан ўқиб чиқардим. Кунларнинг бирида таҳририятга мактуб йўллаш фикри келди. Аммо, ҳаяжон бунга бирмунча фурсат йўл бермади. Йиллар ўтиб, бунга қарор қилдим. Таҳририят номига йўллаган хатимга қисқа муддатда жавоб олганимда мендан бахтиёр одам йўқ эди. Хатни бағримга босаман. Ёстиқларимга қўйиб олиб ётаман. Билган яқин дугоналаримнинг менга ҳаваси келарди. Мен эса шоиранинг шеърларини такрорлайверардим.

Гўзал тупроқ узра қуйилди оқшом,

Кундуз олар дам,

Жўшқин мушоира этади давом,

Дўстим, кел сен ҳам!

Бунда узоқдаги дўст бўлар яқин,

Санъат, маҳоратнинг байрами бунда.

Қофия, сўз, мисра баҳслари қизғин.

Юраклар даврага киради бунда…

Мен шоира тасвирлаган давранинг тингловчиси бўлгим, у суҳбатларни узоқ эшитгим, эшитгиларим келарди. 1982 йили таҳририят остонасига қадам босиб халқимизнинг севимли шоиралари Ойдин Хожиева, Қутлибека Раҳимбоевалар билан суҳбатлашиб қайтарканман, узун йўлак охиридаги Зулфияхоним номи ёзилган эшикка ҳадик ва беқиёс меҳр билан термулиб вужудимда булоқнинг сувидан тотгандек тиниқиш ва қониқиш ҳис қилдимки, бу ҳисни ҳали ҳануз унутолмайман.

Яна ўқинг:  “Дока рўмол қуриши” ёхуд маҳалладаги “Яраштирув комиссияси” ўз вазифасини бажаряптими?

Салом, менинг азиз дугоналарим,

Азизим, лобарим, чеварим қизлар!

Эй, тоза қалбимнинг ошнолари,

Куйларим илҳоми, севарим қизлар!

Ҳар оқшом бир шеър дилга кўчиб ўтарди. Кўчганда кўч-кўрони, ҳаяжони, титроқлари билан манзил топарди. Севимли ижодкорларимиз билан учрашган кунларимиз – талабаликнинг оддий кунларини байрамларга айлантириб юборарди. Журнал билан мулоқот таҳририятга азиз бир риштадай боғлаб қўйган дамлар не бахтки, шу жамоада бир ходим бўлиб ишлаш насиб этди. Ардоқли шоирамиз Ҳалима Худойбердиева бош муҳаррирлик қилаётган йиллар эди. Бунда Зулфияхоним улуғлик гаштини сураётган бўлса-да, таҳририятдаги анжуманларга гоҳ-гоҳ қатнашиб турардилар. Уларнинг келиши, уларни кутиб олиш ўзига хос ботини ва зоҳири уйғун бир ҳолатни эслатадики, у даврадан фақат ўқимоқ ва уқимоқ нелигини англаб чиқасан. Сипо кийимию, сипо қарашларининг ўзидан-да ўрганадиган синоатлар борлиги вужудингга кўчади. Нигоҳларидаги фикрнинг ўзида сабоқ беради. Таҳририятга илк бор хат йўллагандаги ҳаяжонларимга янада адоқсиз титроқлар тушди. Уларнинг аёллик, оналик ва инсонийлиги, меҳру муҳаббати, матонати – бутун умри, умрининг ҳар бир лаҳзаси ёғдуга – нурга тенглигини тенглайдиган ўлчагич йўқ эди дунёда. У сабрнинг денгизини симирди, курашиб яшамоқ иқболи нелигини кўрсатди. Иродаси, жасорати билан ўзбек аёли тимсолига айланди. Ўн йиллик ҳаётининг гавҳар хотиралари билан яшаб, вафо ва садоқат куйчиси бўлиб кўнгиллардан жой олди.

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,

Ҳаётни куйлайман чекинар алам,

Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,

Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

Улар сўзи, амали билан шарқ аёлига сабоқ бўлди, сабоқ берди, сабоқ дақиқалари эса асрга айланаётир. Устоз Миртемир Зулфия шеъриятимизнинг ҳам, маданиятимизнинг ҳам, юртимизнинг ҳам ифтихори!… Улуғ Ватан фахри!” дея ёзганида шоира толеини кўра олганди. Шоира азиз умрининг 80 йиллик улуғ шодиёнасида ўзига хос саодатли сўзини айтди. Қоғозга ойнаксиз қадалган кўзларида нур зоҳир эди. Бунинг сири чексиз ёруғ кўнгил кенгликларининг қайтими эди. “Мен ўзбекнинг Зулфиясиман” дея шеър билан сўзларини тугатганда бутун залнинг узоқ олқишлаб туришлари шоира сўзининг минг чандон хақлигига халқнинг баҳоси эди.

Шоиранинг иккинчи умри ҳам шундай азиз бўлди.

Меҳнатлари муносиб қадрланиб эъзозланган Зулфияхоним номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилиши, иқтидорли қизларнинг ижтимоий ҳаётида катта ҳодиса бўлди. Жамият ҳаётида фаол кадрлар, етакчи ва иқтидорли қизларнинг шаклланишига мустаҳкам замин ҳозирлади. Шаҳримизнинг марказий хиёбонига шоира ҳайкалининг ўрнатилиши мамлакатимизда Аёлга, Аёлнинг жасоратига, сабру қаноатига, меҳнатига, вафоси ва ҳаёсига берилган юксак эҳтиром бўлди. Бугун унга ҳавас қилиб шоиранинг издошлари саф тортди. Ҳавас билан минглаб қизлар уларнинг ҳаёти ва ижодидан ғойибона сабоқ олди. Қад ростлаб, қаддини тиклади. Ўз айтар сўзига эга бўлди. Изланиб, ўрганиб ниятни улуғ қилди ва шу юртга муносиб фарзандлар бўлиб камол топди.

Яна ўқинг:  Тутқаноқ хуружлари (эпилепсия) қандай касаллик?

Шеърни, шоирани соғиниб юртимизда баҳор бошланади. Неча йилдирки, Зулфия ҳайкали қошида баҳорни қаршилаймиз. Бунда бетакрор шоирамиз ўз овозларида ўқиган шеърлари билан мухлисларини кутиб олаётгандек туюлаверади. Қулоғимга уларнинг бир сатри ногаҳон қуйилиб қолади:

Эгилган ҳар ниҳолни турғазиб қўйдим…

Дарҳақиқат, шоирамиз ўзлари таъкидлаганидек, нафақат ниҳолни турғазиб қўйиш, уни тик тутишга чоғлади ва бунга муяссар бўлди. Бугун у яратган боғ чаманзорга айланди. Бугун йўлини топган иқтидорлар карвонининг издошлари ҳам яна бир карвон бўлиб йўлга чиққани рост. Шоирага ҳарорат билан ўзи айтганидек: “Сен қуёш умрига тенгмисан…” дегимиз келади, дегимиз келаверади.

Дилфуза ШОМАЛИКОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: