Библиотерапия – мутолаа билан саломатлигингизни тикланг
Мутолаа – мия учун энг яхши машқ. Бу машғулот мияга қабул қилинган ахборотнинг сақланишини таъминлайдиган асаб толаларини кўпайтиради.
Одатда китобни маънавиятни бойитувчи, билимни ошириб, фикрлаш, дунёқарашни ўстирувчи восита деб биламиз. Ўз навбатида хорижлик олимларнинг тадқиқотларидан маълум бўлишича, мутолаа инсон саломатлиги учун ҳам фойдали машғулот экан.
Кейинги йилларда ўтказилган шундай тадқиқотлар натижалари китоб мутолааси ёрдамида бир қатор хасталикларни самарали даволаш мумкинлигини исботлади.
Бир гуруҳ шотланд олимлари китоб ўқиш ёрдамида депрессия – тушкунлик касаллигини даволашга уриниб кўришди. Натижалар эса ҳайратомуз: ушбу хасталикнинг бирмунча оғир турларини ҳам тиббий дори-дармонларсиз шунчаки, қизиқарли асарлар орқали даволаш мумкин экан. Тажрибада депрессиядан азият чекаётган 2 минг 500 нафар киши қатнашди. Олимлар кўнгиллиларни икки гуруҳга бўлишди: биринчи гуруҳдагилар тушкунликни енгиш учун антидепрессантлардан фойдаланишди. Иккинчи гуруҳга эса китоб ўқиш ёрдамида даволаш усули тавсия этилди ва улар мутолаа билан мунтазам шуғуллана бошлашди. Роппа-роса 4 ойдан кейин ўтказилган текширувда эса биринчи гуруҳдан фақат 25 фоиз киши депрессиядан ҳалос бўлгани аниқланди. Иккинчи гуруҳда эса бу кўрсаткич 40 фоизни ташкил этди.
Бир йилдан сўнг қайта ўтказилган текширув натижалари шуни кўрсатдики, китоб мутолааси орқали даволанганлар ўз ҳолатини антидепрессант қабул қилганларга қараганда яхшироқ назорат қила бошлаган. Бу эса китоб ўқиш депрессиянинг турли босқичларида ҳам бирдай самарали таъсир кўрсатишини исботлади.
Юқоридаги каби тадқиқотлар натижалари олимларни қуйидаги хулосаларга олиб келди: китоб ўқиш хотирани яхшилайди, мияни ривожлантиради ва ақлий қобилиятни ўстиради. Мутолаа – мия учун энг яхши машқ. Бу машғулот мияга қабул қилинган ахборотнинг сақланишини таъминлайдиган асаб толаларини кўпайтиради. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, ақлий фаолликнинг пасайиши мутолаани севадиганларда бирмунча кам кузатилар экан.
Мутолаа Альцгеймер (кексаларда ақли заифлик) касаллигига чалиниш эҳтимолини камайтиради. Китоб ўқиш жараёнида мия фаоллиги ортади. Бу эса унинг умумий ҳолатига ижобий таъсир ўтказади. Олимларнинг айтишича, китоб мутолааси кексаликда ҳам ақлни фаол, тетик сақлаб қолишнинг энг яхши йўлидир. У стресс (руҳий зўриқиш)ни камайтиради. Бошқа ҳеч нарса одамни кучли руҳий зарбалардан яхши китоб ўқиганчалик тез халос эта олмайди. Тадқиқотларда исботланишича, ҳатто сайр қилиш ёки мусиқа тинглаш ҳам китоб мутолааси билан тенглаша олмайди: бор-йўғи 6 дақиқалик мутолаа стресс даражасини 3/2 фоизга камайтира олади.
Китоб ўқиш уйқусизликни бартараф этади. Пасайтирилган ёруғлик остида мутолаа қилиш организмни бўшаштириб, уйқуга тайёрлайди. Шунингдек, китоб ўқиш одамнинг спортга бўлган рағбатини оширади. “Ўқийдиган” одамлар спорт машғулотларига ҳам кўпроқ мойил бўладилар.
Библиотерапия, яъни китоб ёрдамида даволаш усули Буюк Британияда жорий этилганига эндигина 10 йилдан ошди. Бугунги кунда терапиянинг бу ёқимли ва фойдали тури амалда анча оммалашди.
Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан “Обуна бўйича китоб” деб номланган махсус дастур жорий қилинди. Унга кўра шифокорлар ўз беморларига депрессиядан халос бўлиш учун бадиий адабиётнинг турли жанрларини ўқишни тавсия этишади. Шифокорлар депрессиядан азият чекаётганларга ушбу асарларни антидепрессантларни қабул қилишдан олдин ўқиб чиқишни тавсия қилишади. Китоб мутолааси кишига бир замондан бошқасига бемалол ўтишга, ҳар кунлик ҳаётдан узилиб, ён-атрофда рўй берган кўнгилсизликларни унутишга ёрдам беради.
Ливерпуль университети тадқиқотчилари ҳам бу борада ноодатий тажриба ўтказдилар. Улар Шекспир, Вордсворт, Томас Стернз Элиот ва инглиз шеъриятининг бошқа ёрқин юлдузлари ижодини ўқиш инсон миясига қандай таъсир кўрсатиши устида кузатув олиб бордилар. Олимлар инсон мияси шеърдаги ҳар бир сўзни қандай таҳлил қилишини, ҳар бир жумла тузилиши, одатий-ноодатий қурилишлардан қай даражада таъсирланишини тадқиқ қилишди. Оддий матн ўқилганида уни мия қандай қабул қилишини билиш мақсадида олдин ўқилган шеър мазмунини насрий матнга айлантириб, кўнгиллиларга тақдим этишди. Маълум бўлишича мумтоз шеърият фақатгина руҳиятга завқ бермайди, балки у мияга худди нейрофизиологик машқ каби таъсир қилади. Шеърдаги ноодатий жумлалар, кам қўлланадиган сўзларни қайта ишлаш жараёнида мия доимий ҳолатидан чиқади.
Сассекс университети олимлари эса стресс ҳолатини мутолаа ёрдамида бартараф этиш устида иш олиб боришган. Кўнгиллиларга дастлаб руҳиятда стресс уйғотадиган матн ва машқларни бажартиришди. Шундан сўнг уларга релаксациянинг кенг тарқалган бир неча усулини таклиф қилишган ва ушбу усулнинг томир уриши ва мушаклар таранглигини меъёрлаштиришдаги таъсирини ўрганишди.
Маълум бўлишича, стресс даражасини камайтирадиган энг самарали усул мутолаа экан. унинг таъсири 68 фоизни кўрсатди. Томир уришини меъёрлаштириш ва мушакларни бўшаштириш учун сокинликда 6 дақиқа мазмунли бирор асарни мутолаа қилиш етарли бўлди.
Тажриба давомида мусиқа тинглаш стрессни 61 фоизга, бир пиёла чой ёки қаҳва ичиш 54 фоизга, сайр қилиш эса 42 фоизга камайтирган. Видеоўйинлар эса бундай асабий қўзғалишни бор-йўғи 21 фоизга йўқота олади, холос. Чунки, ўйин давомида пульс кўп ҳам одатий ҳолга тушмаган.
Тадқиқот муаллифи нейрофизиолог Дэвид Льюис стрессдан халос бўлиш учун ҳар қандай жанрдаги мазмунли китобни ўқиш аҳамиятли, дея хулоса қилди. Энг муҳими китоб муаллифининг ички дунёсига кириб олишга интилишдир.
Немис экспертлари эса мутолаани ёшлик эликсири, деб аташмоқда. Улар ёш улғайганида ҳам, ҳатто, кўриш қобилияти пасая бошлаганида ҳам китоб ўқишдан тўхтамасликни тавсия этишмоқда. Мунтазам ўқиш одам миясини ривожлантиради. Чунки бу тадбир мияда янги синапслар – асаб тўқималари ва бошқа ҳужайраларни ўзаро боғлайдиган толалар ҳосил бўлишига олиб келади. Бу эса бутун организм фаолиятини яхшилайди. Китобдан олинган таассуротни бошқалар билан ўртоқлашиш эса янада яхшироқ натижа кўрсатади.
Хуллас, бу каби тадқиқотлар давом этмоқда. Биз эса қайта-қайта ота-боболаримиз китобга бежиз ошно бўлмаганини ўзимизга фахр билан таъкидлаб қўйишимиз мумкин. Зеро, қадимда узун қиш кечалари мойчироқ ёруғида, ёз тунларида ой шуъласида давом этган оммавий китобхонлик аждодларимизга чексиз завқ, кўтаринкилик бахш этгани шубҳасиз. Бу эса ўз навбатида, саломатлик гарови эканлигини Абу Али ибн Сино каби ҳакими ҳозиқлар ўз асарларида аниқ-равшан қилиб ёзиб қолдиришган.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА