Барча бола бирдек азиз
Яхши биламизки, таълим ва тарбия ажралмас бир яхлитликни ташкил этади. Бу жараён боланинг саводли бўлиши ҳамда унинг маънавий камол топишидаги фаолиятнинг асосини ташкил этади.
Шу аснода баркамол авлод тарбияси дунё мамлакатларида ҳам бирламчи масала саналади. Бироқ барчасида ҳам ёш авлоднинг бекам-у кўст униб-ўсиши, таълим олиши учун етарли шароитлар мавжуд дея олмаймиз. Фарзандларимизни эса бу борада чинакам бахтли болалар дейиш мумкин. Чунки улар, аввало, бепул таълим олиш ҳуқуқига эга, шунингдек, уларнинг янада мукаммал сабоқ олишлари учун керагидан ортиқ имкониятлар яратилган. Қолаверса, мамлакатимизда инсон қадр-қиммати биринчи ўринда туради. Меҳнатга лаёқатсиз кишиларнинг ижтимоий ҳимоялангани, имконияти чекланган болаларнинг таълим олишлари, бу борада тенгдошларидан орқада қолмасликлари учун барча шароитларнинг яратилгани фикримизга мисол бўла олади.
Таълимнинг ҳуқуқий асослари мамлакатимиз Конституцияси, “Таълим тўғрисида”ги қонун ва “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури”да ўз аксини топган. Ушбу меъёрий ҳужжатлар фуқароларга таълим-тарбия бериш, касб-ҳунар ўргатишнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди ҳамда ҳар кимнинг билим олишидан иборат қомусий ҳуқуқини таъминлашга қаратилган.
Туманимизда истиқомат қилувчи икки мурғак қалб эгалари – Мирзабек Абдуғаффоров ва Севинч Каримовалар ҳам ногирон бўлишига қарамай, ҳуқуқий асосда тенгдошларидан орқада қолмаган ҳолда таълим олмоқда. Жонкуяр устозлар – Тўлқин Сафаров, Сабоҳат Қуллиева, Лайло Мамлиева, Гулноз Аблақулова, Ойгул Жалилова, Муҳаммад Жўраев, Гулсара Қаландарова ҳамда Мунира Худойназаровалар бу икки ўқувчига белгиланган режа асосида уйларига бориб билим беради.
Айтиш жоизки, болалар устозларининг келишини интизорлик билан кутишади. Илмга бўлган чанқоқлик, ҳаётга бўлган завқ-у шавқни уларнинг юз-кўзларидан ҳам ҳис қилиш қийин эмас. Шундай экан Мирзабек ҳамда Севинчнинг қалбида жўш ураётган эзгу-истаклар, орзу-умидларнинг рўёби учун устозларнинг беминнат хизматлари, заҳматлари эътиборга молик.
Бугун Мирзабек 9-синфда, Севинч эса 3-синфда таҳсил олмоқда. Уларнинг юз-кўзида бахтиёрлик акс этади, яхши ўқишга чин юракдан ошиқади. Биз эса болаларнинг шодлигини кўриб, янада ғайратимиз ошади. Мактаб раҳбарияти эса олдига қўйган вазифалари ижобат бўлаётганидан таскин топади.
Таъкидлаш керакки, таълим жараёнида ёшларга тақдим этилаётган бундай имкониятлар эртамиз эгалари бўлган ёш авлоднинг ўз салоҳиятини тўла намоён этиши, танлаган касби бўйича ўқиши, ишлаши, ҳаётда ўз ўрнини топиши ва жамият равнақига муносиб ҳисса қўшадиган мутахассислар бўлиб етиши учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Гулноз АМАНОВА,
Навоий вилояти, Кармана туманидаги 3-умумтаълим мактаби ўқитувчиси