Ўзбекистон – безгакдан холи ҳудуд

Охирги йилларда безгак элиминация қилинган 7 та мамлакат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бош директори томонидан халқаро сертификатни қўлга киритди.

Булар Бирлашган Араб Амирликлари, Марокаш, Туркманистон, Арманистон, Мальдив ороллари, Шри-Ланка ва Қирғизистон. Яқин кунларда мамлакатимиз ҳам ушбу давлатлар қаторидан жой эгаллаш арафасида турибди.

Халқаро сертификатни қўлга киритиш мамлакатимиз учун турли соҳаларда муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда ЖССТнинг кўмаги билан бу бўйича республика ҳудудида қатор ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ўзбекистон Республикасида безгакка қарши кураш ва элиминация (бартараф этиш) борасида эришилган ютуқлар ва безгак элиминацияси бўйича халқаро сертификатни қўлга киритиш” мавзусида ўтказилган матбуот ануманида ушбу мавзуга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Мамлакатимизда кетма-кет уч йил давомида безгакнинг бирорта ҳам маҳаллий ҳолатлари рўйхатга олинмаганлиги, хасталик элиминациясини сертификатлаштириш учун ЖССТга ариза билан мурожаат қилинишига мезон бўла олади. Безгак элиминацияси бу – маълум ҳудудда мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида ушбу хасталикнинг маҳаллий ҳолатлари бартараф этилишидир.

– Ўзбекистон Республикасида чора-тадбирларни мақсадли амалга оширилиши натижасида 2011 йилдан буён безгакнинг маҳаллий ҳолатлари рўйхатга олинмади. Республикадаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, хасталикка қарши курашдан элиминацияга қараб ҳамда бугунги кунда ушбу касалликни қайта тикланишининг олдини олиш бўйича миллий дастур кетма-кет амалга оширилди, – дейди Республика ДСЭНМ бош врачи ўринбосари Ботиржон Қурбонов. – 2017 йил 22 августда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ўзбекистон Республикасида 2017–2021 йилларда безгакни қайта тикланишни олдини олиш Миллий стратегияси” тўғрисидаги буйруғи тасдиқланди. Ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ЖССТга безгак элиминациясини сертификатлаштиришга тайёргарлик бўйича ариза берилди.

Ушбу хасталик инсон соғлиғи ва ҳаётига катта хавф туғдирувчи юқумли касаллик ҳисобланади. Хасталик қўзғатувчилари оддий паразитлар бўлиб, соғлом одамга зарарланган урғочи Анофелес чивинларининг чақиши натижасида юқади. Безкак ўткир иситма билан кечадиган касалликдир. Унинг олдини олиш ва даволаш мумкин. Лекин касаллик аниқлангандан сўнг 24 соат ичида даволаш муолажалари ўтказилмаса, айниқса, тропик безгак касаллиги (P. Falciparum) оғир асоратлар, ҳатто, ўлим билан якун топиши мумкин.

2015 йилда дунё аҳолисининг ярмида ушбу касалликка чалиниш эҳтимоли мавжуд бўлган. Дунёнинг 91 та мамлакат ва ҳудудларида безгакнинг тарқалиши давом этган.

Яна ўқинг:  Мактаб яратган устоз

ЖССТнинг сўнгги маълумотига кўра йил давомида 212 миллион безгак касаллиги ҳолати ва 429 минг ўлим ҳолати қайд этилган. 2010–2015 йилларда ушбу хасталик дунёда 21 фоизга, ундан ўлим ҳолати 29 фоизга камайиши кузатилган.

2001 йилдан бошлаб бутун дунёда 6,8 миллион безгак касаллигидан ўлим ҳолатларининг олди олинди. Унинг 90 фоизи ва ўлим ҳолатларининг 92 фоизи Африка қитъаси давлатларига тўғри келади.

2015 йил май ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ассамблеясида “2016–2030 йилларда безгакка қарши Глобал теник стратегия”си дастури қабул қилинди. Унга кўра 2030 йилгача касаллик кўрсаткичларини 90 фоизга камайтириш, 35 мамлакатда безгак элиминациясига эришиш ҳамда ундан холи бўлган барча мамлакатларда хасталикнинг қайта тикланишининг олдини олиш белгиланган.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.

Н. НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: