Жаҳон, бўйлашмоққа етар журъатим
Ҳозир айтмоқчи бўлган гапларимга қўшилсангиз ҳам бўлади, қўшилмасангиз ҳам. Мен бир оддий оилада туғилганман. Шукур, бекаму кўст улғайдим. Оилада кўпчиликмиз. Ака-ука, опа-сингилларим ҳам мен каби вояга етишди.
Бир боланинг улғайиши учун оилада бош ролни Она ўйнайди. Фарзанд ҳар қандай ҳолда ҳам онага суянади. Она суйгувчидир, она кечиргувчидир. Фарзандлар қувонса қувонгуси, қайғурса ҳам ғамга шерик онаизор. У ойнинг тимсоли, ер шарининг қиёси… Буни билиб қўйсангиз ҳам бўлади, билмасангиз ҳам. Ахир унга беихтиёр, мутлақо табиий равишда меҳр қўясиз.
Дилимизга “Баҳри Муҳит Ҳинди” (Ҳинд океани) тўлқинлари каби шодлик инди. Чунки биз – ҳуррият болаларимиз. Шукронамиз чексиз. Энди, катта-ку катта, кичиклар ҳам мундоқ дўпписини бошидан олиб, ёнига қўйса-ю, ўйлаб кўрса… Афғонда афғон чекаётганлар камми? Шом (Сурия)га тушган “шом”ни кўриб, дили хуфтон бўлаётганларга саноқ етмай қолади. Қаердадир очлик, қаердадир ташналик халқ устида қилич яланғочлаган. Жуғрофияга қарасангиз, яна аллақаердадир уруш ичида уруш болалари вояга етди. Йигирма-ўттиз йил аввал бошланган хунрезлик орасида туғилган норасида бугун йигирманчи-ўттизинчи баҳорига етиб келди ёки йўқ. Баҳодир ўғлонлар нима учун курашаётганлигини ҳам унутди. Кимдан нима талаб қилаётганлигига ақли етиб-етмасдан, онасидан айрилди. Эсини таниб, китобни қандай очишни ўрганмасидан, қуролни китоб ўрнида ушлайдиган бўлганларга умр хайф. Буни қандай таҳлил қилиш мумкин? Қандай тушуниш ва тушунтириш мумкин? Ўйлайсан, буларга ачинса ҳам бўлади, ачинмаса ҳам.
Жаҳон афкор оммаси турли “пьеса”ларда қатнашаётган ва хилма-хил ролларни ўйнаётган бир даврда онамиз бизни “пўпалаб”, “ҳўппалаб” ўстиряпти. Инсон деган номга, шахс отлиғ унвонга муносиб бўлишимизни истаяпти. Дунё оқими ўзанидан чиқиш арафасида турган бир даврда бизнинг ёшлар бир иттифоқ бўлди, боши кўкка етди.
Тинчлик – улуғ неъмат. Аввало, у, одамга яшаш ҳуқуқини беради. Хотиржамлик ва шодлик учун имконият. Миллат учун, халқ учун бундан катта туҳфа борми? Албатта, йўқ! Бунинг қадрига етмаганнинг йўли таназзулдир. Шу заминнинг зилол сувлари, далаларни тўлдириб турган ризқ-рўзи, дастурхонидаги нонининг уволи уради. Гўдакларнинг кулгуси уради. Оналарнинг қарғиши, оталарнинг оҳи уради. Сулув қизлар чиройининг уволи тутади. Иншооллоҳ, бу сингари қишмиш-кечирмишлар бизга бегона. Бунда ҳар бир она “Осмонимиз мусаффо бўлсин, тинчлик бўлсин”, – дея дуо қилади. Зеро, онанинг дуоси шаксиз мустажобдир.
Одам боласи ёши улғайган сари кўриб, эшитиб тажрибага бойиб боради. “Санамай саккиз” дейишдан тийилади. “Етти ўлчаб, бир кесади”. Устозлар айтганидай, Озодлик насимини биринчи бўлиб, шоиру ёзувчилар ҳис этади. Илк шабада уларнинг кўкрагига урилади. Зеро, ҳазрат Навоий деганким:
Не наво соз айлагай булбул гулистондин жудо,
Айламас тўти такаллум шаккаристондин жудо.
Буни ич-ичидан ҳис этувчи иқболи порлаган, мирзо ўғлонлар баралла ҳайқириб, дунё майдонига от қўяди.
Ўзбек десам жаранглаган тор келур,
Ундан олдин номус ила ор келур,
Бургут келур, Лочин келур, Сор келур,
Ўзбек ўғли, ўзлигингни унутма!
(Иқбол Мирзо)
Муниса шоиралар уларни янада учқур бўлишга, юлдузни бенарвон урушга-ю, тўсиқ тоғларни талқон қилишга ундайди:
…Қанча қонинг бўлса Ватан учун тўк,
Қанча шонинг бўлса, Ватанни кўтар!
(Ҳалима Худойбердиева)
Найсон маҳали. Ҳарбий хизматдаги дўстларимни кўргани бордим. Бири Сурхон элида, бири Фарғона водийсида. Улар мамнун, қуролдош дўстлари билан таништирди. Ҳаммаси хизматидан, юртидан, тинчликдан хурсанд. Мен ойнаи жаҳонни кўп кузатаман. Ҳеч бир юртнинг аскарларини хурсанд ҳолда кўрмаганман. Юзларида ташвиш ифодаси. Кўзлари қисилса, кўзёшдан, йиғидан қисилган. Менинг дўстларимнинг кўзлари фақат кулгудан қисилади.
Дейди: “Ватан – азиз, Ватан – шон!”. Севиндим, дўстларим, укаларим бари бирдек ўктам, паҳлавон. Овозидан тоғлар титрайди. Қадамидан ўт чақнайди. Алпомишни, Мангубердини, Соҳибқиронни кўз ўнгингизда гавдалантиради.
Ўзимча яна бир карра ишонч ҳосил қилдим: Сизу биз ишончли қўллардамиз! Халқимиз кичик кўнгил, бегидир, жавонмард. Ажабмаски, Яратган шу сабабли бул жаннатмакон ерни биз учун яратган бўлса. Шубҳа йўқки, унинг инояти тасодиф эмас. Сизу бизни шу Ватан – Онамиз улғайтирди. Аждодлардан ор-номус, ғуруру андиша туҳфа этди. Онамиз бизга бирга кетаёган карвонимизнинг сарбонини эъзозлашга ўргатди. Биз бу карвонни сарбони билан яхши кўрамиз. Асраймиз, авайлаймиз. Дунёда ҳар бир нарсанинг сарҳади бор. Фақат шодлигимиз шуки, меҳрнинг сарҳади йўқ. Яхшиям, меҳр бор… Мен бу Ватанни жон дилим билан севаман, ардоқлайман.
Биз ака-ука, опа-сингиллар онамизни – Ватанимизни жондан ортиқ севамиз. Зеро, Ватанни севмоқ – иймондандур. Шоир айтгани каби:
Жаҳон, бўйлашмоққа
етар журъатим,
Халқим юрагида дарёнинг сеҳри.
Ҳар зарра қумида замин қудрати,
Икки дарё ичра тошади меҳри.
...Сотмадим шон-шуҳрат
излаб виждонни,
Нону туз ҳурмати заминга қасам.
Мендан хафа бўлманг Ўзбекистонни
Ҳаммангиздан кўпроқ
севаман десам…
Шавкат ОДИЛЖОН