Қирқ йилдан зиёд меҳнатга муносиб рағбат
Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак тумани тиббиёт бирлашмаси неонатолог шифокори Шаригул Омарбаева ёш авлод саломатлигини асраш йўлида самарали фаолият юритиб келаётган касб фидойиларидан.
Тажрибали шифокор мана бир неча йилдирки, янги туғилган чақалоқларда хавфли касалликларни ўз вақтида аниқлаш, уларни бартараф этиш, хасталикларнинг олдини олиш борасидаги маслаҳатларини ёш мутахассисларга ўргатиб келмоқда.
Муассасанинг кўплаб ходимлари Шаригул опани ўзларига устоз деб биладилар. У нафақа ёшида бўлишига қарамай, ҳамкасбларига ҳар томонлама ўрнак бўлишга интилади. Шифокорнинг қилган меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб эътиборга олиниб, Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” унвони билан тақдирланди.
– Ёшлигимдан шифокор бўлишни орзу қилганман. Институтни тамомлагач, 3 йил болалар шифокори бўлиб ишладим, – дейди Шаригул Омарбаева. – Сўнг туманимиздаги тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимига болалар шифокори бўлиб ишга ўтдим. У ерда менга Клара Ўринбоева устозлик қилган. Мана 43 йилдирки ушбу соҳада самарали хизмат қилиб келмоқдаман.
Шаригул Омарбаева оилада турмуш ўртоғи билан олти нафар фарзандни юртга камарбаста инсонлар қилиб тарбиялади. Бугун фарзандларининг барчаси олий маълумотли. Қизларнинг икки нафари ота-онасининг изидан бориб, шифокорлик касбини танлашди. Бир сўз билан айтганда бу оилани шифокорлар сулоласи десак, асло муболаға бўлмайди.
Бугун юртимизда аҳоли, айниқса, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, баркамол авлодни вояга етказиш учун етарли шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу йўлда самарали хизмат қилиб келаётган барча фидойи шифокорларимизга касбий фаолиятларида улкан зафарлар тилаймиз.