Қобилият ва имконият: уларнинг рўёбга чиқиши тарбия билан боғлиқдир

Улуғ муаллим Абдулла Авлонийнинг шундай сўзлари бор: “Дарс ила тарбия орасида бироз фарқ бўлса ҳам, иккиси бир-биридан айрилмайдурган, бирининг вужуди бирига бойланган жон ила тан кабидир…” мана шу жон ва танни вужудга келтирувчи, уни вояга етказувчи зот ўқитувчидир. Албатта, шуни унитмаслик керакки, таълим тарбия билан биргаликда олиб борилгандагина яхши самара беради. Чунки хулқи ёмон фарзандда ўқишга иштиёқ бўлмайди. Шунинг учун ҳам биз ўз олдимизга қўйган мақсадни бажаришда аввало ўзимиз ўрнак бўлишимиз муҳим, деб ўйлайман.

Бу дегани, педагог кийиниш маданияти, ўзини тутиш, ҳар бир ишга адолатли ёндашиш, энг муҳими, ўзининг гапига ўзи ишониши лозимдир. Таълим-тарбия учун масъул ҳар бир педагог психолог бўла олиши, қайси болага қаттиққўл, қайси болага эҳтиёткорона муносабат кераклигини ажрата билиши керак. Боланинг ўзига хос нозик руҳияти билан ҳисоблашмасликнинг иложи йўқ.

Буни бир неча йил аввал бўлиб ўтган воқеа мисолида айтишим мумкин. Санжар деган ўқувчи 8-синфда ўқирди. Ўқитувчилари ундан нолир эди. Ҳатто, синф раҳбарининг қаттиққўллиги “ўқишдан ҳайдайман” деб қўрқитишлари ҳам уни чўчитмасди. Бир куни Санжар билан суҳбатлашдим. Дастлаб у мен билан очилиб гаплашмади. Сўнг унинг оилавий шароитини, ота-онаси, қизиқишлари билан танишдим. Сўнг уни тез-тез ёнимга чақирадиган, суҳбатлашадиган, у қизиқадиган жиҳатлардан сўз очадиган бўлдим. Шундан сўнг у ота-онаси-ю устозларининг уришишларидан безор бўлганини, ҳар гал шундай ҳолат юзага келганда Санжар ҳам атайлаб ўқитувчининг ғашига тегишга ҳаракат қилаётганини англадим. Унга таъсир кўрсатишда нималарга қизиқишини билган ҳолда ёндашдим. Ота-она ҳамда синф раҳбари ва ўқитувчиларига боланинг ички қобилиятини юзага чиқаришда нималарга эътибор бериш кераклигини уқтирдим. Иш режа асосида юмшоқлик ва сабр-тоқат билан олиб борилди. Натижада Санжар дастлаб синфни, кейин мактаб обрўйини юқорига кўтарадиган ўқувчига айланди.

Бу билан нима демоқчиман. Ўқувчини доимо койиш, жазолаш, уни мактабдан, ўқишдан бездиради. Ўқитувчиларидан совутади. Дарсларни, синф соатларида ўзаро ҳурмат, дўстлик, яхшилик, ҳақидаги мисоллар орқали ҳаётга, ўтмишга боғлаб ўтиш яхши натижа беради. Тарбиянинг асосий вазифаси – шахснинг ақлий, ахлоқий ва жисмоний ривожланиши, унинг қобилиятларини ҳар томонлама очиш учун имконият яратишдир. Бу ўринда биз ёш авлод таълим-тарбияси билан шуғулланаётган педагогларни замон билан ҳамнафас бўлаолиши, дарсни кўргазмалар асосида ташкил этиш, амалий машғулотлар билан ривожлантирувчи омилларга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидламоқчиман.

Яна ўқинг:  ФОНД фаолиятидан (2014/42)

Ота-оналар энг оддий деб қарайдиган тасвирий санъат, меҳнат фанлари ўқувчилар назарида ҳам шундай туюлади. Ота-оналари фарзандларига уқтирганидек, у рассом ёки дурадгор бўлиши шарт эмас. Аммо биз педагоглар бола кўнглида тасвирий санъат, бадиий меҳнатга нисбатан ижобий фикр уйғотишимиз лозим. Бундай дарслар, айниқса, 5-6 синф ўқувчиларида ўйинли вазифалар, қувноқлик, машғулотларга берилувчанлик, уятчанликни енгиш, нутқий мулоқот ва ижодкорлик хислатларини фаоллаштиради. Ўқувчиларнинг “Витраж”, “Мозаика”, “Гравюра”, “Сабзи тахта”, “Миниатюра” лойиҳалари устида ишлаши, ўз ижодий имкониятларини амалда синаб кўришлари машғулотларга бўлган қизиқишини орттиради. Таълим-тарбия узвийлигига эришишда, бола онгида ўзига бўлган ишончнинг шаклланишида ҳам ана шу амалиёт билан боғлиқ фанларнинг ўрни беқиёсдир.

Малика АБДУЛЛАЕВА,

Тошкент шаҳридаги 300-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби директор ўринбосари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: