Ёши улуғ кишиларга овқатланиш бўйича алоҳида тавсиялар
- Гўштли ва балиқли таомларни зарур даражада истеъмол қилиш;
- Тузли ва гўштли таомлар юрак-қон томир ва нафас тизимлари фаолиятига салбий таъсир этиши сабабли (қон босимининг кўтарилиши, томир уриш ва нафас олиш сонининг ортиши) уларни кечқурунлари истеъмол қилмаслик;
- Уйқу пайтида аъзолар фаолиятига таъсир этмаганлиги сабабли кечки овқатда сутли маҳсулотларни қабул қилиш;
- Ёши улуғ кишилар кўпроқ димланган ва гўштсиз шўрвалар истеъмол қилишлари мақсадга мувофиқ. Ҳазм безларининг ортиқча юклама билан ишлашига сабаб бўлганлиги туфайли ёғли, қовурилган, аччиқ таомлар, маринад ва соуслар истеъмолини кескин чеклаш;
- Дастурхон тузаганда таомларнинг ташқи кўриниши, ҳиди ва таъмига алоҳида эътибор бериш (чунки улар ҳазм шираси ажралиши ва таомларни яхши ўзлаштирилишига ёрдам беради);
- Таркибида холестерин, организмга тез сингувчи углеводлар ва кўп миқдорда ош тузи сақловчи маҳсулотлар ва улардан тайёрланган таомлар истеъмолини камайтириш;
- Рационга витаминлар, калий ва магний тузларига бой маҳсулотлар ҳамда ўсимлик ёғидан тайёрланган таомларни киритиш. Уларни тайёрлашда димланган, ёғсиз қўй, мол ва парранда гўштлари ҳамда балиқдан фойдаланиш;
- Сабзавотлар ва дуккакли маҳсулотлардан тайёрланган таомлар ва салатларни кўпроқ истеъмол қилиш;
- Бир кунда 70–80 гр. атрофида ёғ истеъмол қилиш. Унинг 1/3 қисми ўсимликлар ёғи бўлиши керак. Тана вазни ортишига мойиллиги бўлган онахон ва отахонлар хамирли озиқ-овқатлар, ширинликлар, сметана, сариёғ каби маҳсулотлар истеъмолини кескин чегаралашлари шарт;
- Сутли маҳсулотлар – ёғсиз пишлоқ, творог ва улардан тайёрланган таомлар, қатиқ ва ацидофилин истеъмолини кўпайтириш;
- Ичиш учун аччиқ қилиб дамланмаган чой, шу жумладан, сутли, мева ва сабзавот шарбатларидан фойдаланиш;
Хулоса қилиб айтганда, қарилик – бу қонуний биологик жараён ҳисобланиб, уни соғлом турмуш тарзига амал қилиш, рационал овқатланиш, чекиш ва бошқа зарарли одатлардан воз кечиш орқали секинлаштириш мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати