USAIDнинг озиқ-овқат кўмаги кимларга тарқатилади?
Миллий матбуот марказида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари, Тиббий—ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва Халқаро тараққиёт агентлиги масъуллари иштирокида матбуот анжумани ўтказди.
Таъкидланганидек, Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали қиймати қарийб 400 минг долларлик 131 тонна озиқ-овқат ёрдамини Ўзбекистонга етказиб берди. Келтирилган юк тўйимли сабзавотлар ва дуккаклилар аралашмасидан иборат бўлиб, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя муассасалари ва ёрдамга муҳтож оилаларга тарқатилади.
– Бир юз ўттиздан зиёд соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдам муассасаларидаги, жумладан, “Cоvid-19” бўйича карантин хизматларини кўрсатаётган, кўп дори-дармонларга чидамлилиги бор сил касалига чалинган беморларга узоқ муддатли ёрдам бераётган мамлакатдаги 30 мингдан зиёд энг ёрдамга муҳтож фуқаролар, болалар уйлари ва психиатрик муассасалар мазкур ёрдамни олади, – деди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Бошқаруви раиси ўринбосари Нозимжон Мўминов.
- Мазкур дастур Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги овқатланиш сифатини яхшилаш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламида соғлом ва самарали турмуш кечириш учун зарур бўлган етарли миқдордаги хавфсиз ва тўйимли озиқ-овқати бўлишини таъминлаш борасидаги доимий ҳамкорликни намойиш этади, – деди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит. – 2010 йилдан буён USAIDнинг озиқ-овқат кўмагини бериш халқаро ҳамкорлик дастури доирасида қиймати 3,5 миллион доллардан зиёд 1300 тонна озиқ-овқат ёрдами Ўзбекистонга етказиб берилди. Беғараз ёрдам сифатида берилган бу озиқ-овқат маҳсулотлари Aмериканинг “Resource and Policy Exchange” нотижорат ташкилоти томонидан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди билан ҳамкорликда тарқатилади.
Ўзбекистонга яқинда келтирилган бу гуманитар ёрдам AҚШнинг соғлиқни сақлаш соҳасига киритган 122 миллион AҚШ долларидан зиёд узоқ муддатли сармоясининг давоми бўлиб, сўнгги 20 йил мобайнида берилган умумий ёрдам қиймати 1 миллиард долларидан ошган.
Анжуманда Тошкентдаги “Мурувват” уйи, Республика ихтисослашган физиология ва пулмонология илмий-амалий тиббиёт марказига қуруқ сабзавот аралашмаси шаклидаги инсонпарварлик ёрдами хайрия сертификатлари топширилиб, журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Ўз мухбиримиз