Гўдакларда камқонликнинг кечиши
Ҳозирги кунга келиб экологик муҳитнинг ёмонлашуви, кундалик истеъмол қилинаётган маҳсулотларда керакли дармондориларнинг етишмаслиги натижасида бир қанча касалликлар юзага келмоқда.
Бугун ана шундай касалликлардан бири бўлган камқонлик яъни, анемия ҳақида тўхталмоқчимиз. Қон таркибидаги гемоглобин миқдорининг пасайиб кетиши камқонлик касаллигига сабаб бўлади. Мияга кислород етказиб бериш эса айнан қондаги гемоглобиннинг асосий вазифасидир. Бу касаллик билан оғриган беморларда турли инфекцион хасталикларга чалиниш хавфи юқори бўлиб, уни тезда бартараф этиш қобилияти паст бўлади. Қон таркибида организмнинг ҳаётий ўсиб ривожланиши учун муҳим бўлган озиқ моддалар мавжуд.
Камқонликка чалинмаслик учун қондаги гемоглобин миқдорининг меъёрда бўлишига аҳамият беринг ҳамда кундалик таомномангизни темир моддасига бой бўлган маҳсулотлар билан бойитинг.
Ушбу касаллик болаларнинг жисмоний ва руҳий ривожланишига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Бемор болалар ўз тенгдошларидан ақлий қобилияти пастлиги сабабли ортда қола бошлайди. Камқонлик боланинг дарс жараёнида вазифаларни яхши ўзлаштира олмаслиги, уйқучанлик, хотиранинг пасайиши, тез касалликка чалиниши, бош оғриғи ва бошқа шу каби кўринишларни юзага келтириши мумкин.
Болаларда камқонлик касаллигини тезда аниқлаш ва уни вақтида даволаш зарур. Уларнинг ўз вақтида овқатланиши, витаминларга бой маҳсулотларни истеъмол қилиши келажакда соғлом бўлиб вояга етишини таъминлайди.
Шунингдек, камқонлик касаллиги аёлларда ҳомиланинг нормал етилишига ва соғлом ривожланишига таъсир этиб, туғиш пайтида кузатиладиган асоратларнинг кўпайишига олиб келади. Бундан ташқари, темир танқислиги, яъни камқонлик аниқланган она туғилажак фарзандига етарли миқдорда темир заҳирасини бера олмайди. Оқибатда чақалоқ руҳий ва жисмоний ривожланишдан ортда қолади.
Камқонликнинг белгилари қуйидагилар:
Терининг қуруқлашиши, оғиз бурчагининг ва товоннинг ёрилиши, сочнинг тез синиши ва тўкилиши, тишларнинг мўрт бўлиб емирилиши, тирноқларнинг юпқалашиши, кўчиши ва синиши, тирноқ шаклининг ўзгариши, ҳид сезишда (қуруқ ердан сув сепилганда чиқадигин ҳид, шунингдек, керосин, бензин, тамаки, машина моторидан чиқадиган ҳидларни ёқтириш) ва таъм билишда (кесак, гилвата, чой шамаси, хом гўшт, макарон, гуруч ейишга мойиллик) каби ўзгаришлар кузатилади.
Темир моддаси табиий ҳолда озиқ-овқатлар таркибида етарлича мавжуд. Фақат темир моддасини кўп тутадиган ва инсонга зарур бўладиган озиқ-овқатлардан етарли миқдорда ёшликдан бошлаб, узлуксиз истеъмол қилинса бўлгани.
Чақалоқларда учрайдиган камқонликни даволаш қандай амалга оширилади?
Бугунги кунда ёш болалар ва чақалоқларда учраётган камқонлик касаллигининг келиб чиқишига бир қанча омиллар сабаб бўлмоқда. Аввало ҳомиладорликни режалаштириш даврида бўлажак онани соғломлаштиришга аҳамият бериш лозим. Она организмидаги ҳар бир ўзгариш болага ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Шу сабабли ҳомиладор аёл ўз саломатлиги ҳақида жиддий қайғуриши лозим. Бўлажак онанинг кондаги гемоглобин миқдори камида 120 г/л ни ташкил этиши лозим.
Чақалоқлардаги камқонликнинг келиб чиқишига қуйидагилар сабаб бўлиши мумкин:
– Болани нотўғри овқатлантириш;
– бола меъда-ичак касаллиги билан оғриганда;
– сунъий овқатлантириш давомида;
– чала туғилган чақалоқларда;
– ўткир инфекцион касалликларга чалинганида ва ҳакозо;
– бола организми темир моддасини яхши ўзлаштира олмаслиги натижасида темир танқислиги юзага келиши мумкин.
Чала туғилган чақалоқларга меъёрда ўсиб ривожланиши учун 2 ой давомида қўшимча равишда Е витамини бериб борилади. Чақалоқларга дастлабки 2 ой давомида темир препаратлари бериш тавсия этилмайди. Сабаби чақалоқ организми ҳали жудаям нимжон, янги ҳаётга ҳали тўлиқ мослаша олмаган бўлади. Бу даврда ўзига керакли бўлган озуқани фақат она сутидан олади. Жуда зарур ҳолатларда шифокор маслаҳати билан темир препарати кичик миқдорда берилиши мумкин. Камқонлик билан туғилган чақалоқларга 2 ой бўлганидан сўнг унга темир препарати бериш мумкин.
Бу касаллик чақалоқнинг ота-онасидан ирсий гемолитик камқонлик сифатида ҳам ўтиши мумкин. Чақалоқларнинг геморрагик касаллиги эса – витамин К ва қон ивишини таъминловчи омилларнинг етишмовчилиги натижасида келиб чиқади.
Геморрагик касалликларда чақалоқ туғилгандан сўнг витамин К препарати шифокор текшируви остида амалга оширилади.
Ҳомиладорлик даврида бўлажак она ўзининг гемоглобин миқдорини меъёрий ҳолатга келтириб олса, туғилажак болада камқонлик касаллиги билан чалинишининг олди олинади. Бунинг учун таомномада гемоглобин миқдорини оширувчи маҳсулотлар бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Гипербилирубинемия (сариқлик) касалига беэътибор бўлманг
Чилла даврида чақалоқдаги сариқлик қандай аниқланади? Сариқликнинг келиб чиқиш сабаблари?
Гипербилирубинемия (сариқлик) – бу қон таркибидаги билирубин миқдорининг юқорилиги ва сариқликнинг клиник кўринишидир. Чақалоқлардаги гипербилирубинемия, яъни сариқликка жиддий қараш лозим. Сабаби қондаги билирубин миқдори ошиб кетса, натижада мияни шикастлаши ва жиддий функционал бузилишларга олиб келиши мумкин. Кўпинча бу касаллик белгиларсиз ривожланади. Боланинг умумий аҳволи яхши бўлади. Жигар ва қораталоқда ўзгаришлар сезилмайди. Гўдакнинг пешоб ва ахлат анализлари ҳам одатдагидек бўлиши мумкин. Баъзи ҳолларда эса ушбу касаллик уйқучанлик, иштаҳанинг пасайиши каби белгилар билан марказий асаб тизимини шикастлаши кузатилади. Соғлом туғилган чақалоқларда ҳаётининг иккинчи, учинчи ҳафталарига бориб сариқлик белгилари йўқолади.
Ўз вақтида туғилган чақалоқларда 3-4-кундан то 14-кунгача, чала туғилган чақалоқларда эса 24 кунгача физиологик сариқлик кузатилиши мумкин. Янги туғилган чақалоқда 24-36 соат давомида сариқликнинг дастлабки белгилари намоён бўлади. Шу сабабли чақалоқ ҳаётининг биринчи кунларида пайдо бўладиган ҳар бир сариқликни жиддий тарзда қабул килиш ва зудлик билан болани текшириш ва даволаш зарур.
Бу борада неонатолог – шифокорнинг биринчи вазифаси – сариқликнинг белгиси, унинг физиологик ёки патологик сариқлик эканлигини аниқлашдан иборат. Бунинг учун онанинг бошдан кечирган касалликлари, қон таҳлили, оилавий касалликлар тарихи, боланинг ота-онасининг қон гуруҳини аниқлаш жуда муҳим вазифалардан биридир.
Чақалоқдаги сариқликнинг намоён бўлиш шакли маълум бир кетма-кетликда бўлади. Сариқликнинг тезлиги ва ортиб бориш жадаллигини тўғри аниқлаш лозим. Бу физиологик сариқликни патологик сариқликдан ажратиш учун кўп жиҳатдан ёрдам беради.
Агар сариқлик чақалоқ ҳаётининг дастлабки кунидаёқ танасининг турли қисмларида, ҳаётининг иккинчи кунида эса кафтлар ва товонларда кузатилса, зудлик билан фототерапия шифокор текшируви остида амалга оширилади.
Агар болага ўз вақтида ва зарур ёрдам кўрсатилса, бу белгилар ўтиб кетиши мумкин. Бироқ, ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаса, касалликнинг оғир ҳолларида билирубиннинг юқори кўрсаткичи янги туғилган чақалоқнинг миясини шикастлаши мумкин. Оқибатда эса беморнинг ногиронлиги ва ҳатто ўлимига олиб келувчи сариқликни келтириб чикариши мумкин.
Гипербилирубинемия – сариқликнинг хавфли омиллари қуйидагилардан иборат:
– Онанинг ҳомиладорлик даврида бошидан ўтказган оғир хасталиклар, шу жумладан, қандли диабет, турли инфекция, вирусли касалликларга чалинганлиги;
– туғруқ пайтидаги жароҳатлар, кўкаришлар ҳам сабаб бўлиши мумкин;
– янги туғилган чақалоқлар сепсиси;
– кўкрак сути билан етарли овқатлантирмаслик (сариқликнинг эрта кўриниши);
– оилавий генетик, туғма, наслдан ўтувчи касалликлар ҳам сариқлик белгисига сабаб бўлиши мумкин.
I тоифали неонатолог Феруза Жабборова тавсиялари асосида Наргиза Угламова тайёрлади