Реклама

Валеология сирлари. Она табиат билан уйғун яшанг

Халқимизда “Бойликнинг боши соғлиқ” деган мақол мавжуд. Чунки саломатликни ҳар қанча моддий бойлик ва маблағ эвазига сотиб олиб бўлмайди. Инсон мустаҳкам саломатликка эга бўлгандагина бахтли яшаши мумкин. Соғлом турмуш тарзига амал қилиб яшаган одамлар ҳар жиҳатидан меъёрни сақлай билиши керак. Бу “олтин ўрталик қоидаси” – яъни, меъёрнинг бузилиши эса албатта, саломатликка зарар етказади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг берган маълумотларига кўра саломатлигимизнинг 50-55 фоизи турмуш тарзига, 18 фоизи эса ирсий касалликларга, 17 фоизи экологияга, 8-10 фоизи ўз вақтида бизга тиббий ёрдам кўрсатилишига боғлиқ экан. Ҳар бир инсон мустаҳкам саломатликка қандай эришиш йўлини ва уни мустаҳкамлаш сирларини чуқур билиши зарур. Ҳамда бу бебаҳо неъматни асрашнинг ягона йўли – соғлом турмуш тарзи эканлигини англаб етиши лозим. Турмуш тарзи – бу кундалик ҳаёт тартиби. Уни белгиловчи бош омил инсоннинг ўзидир. Соғлом турмуш тарзи (лотинча “vaieoiogiya”) – бу инсоннинг ҳаёти ва саломатлигининг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи кўникмаларга амал қилиб, унинг асосида кун тартибини онгли равишда йўлга қўйишидир. Бу шундай яшаш тарзики, унда одамлар саломатлигига таъсир кўрсатувчи зарарли омиллар бўлмаслиги, инсон улардан ўзини четга олиши керак. Соғлом турмуш тарзининг асосий йўналишларига шахсий ва жамоа гигиена қоидаларига амал қилиш киради. Шунингдек, жисмоний фаоллик ҳамда кун тартибига риоя қилиш, зарарли одатлардан тийилиш ва соғлом овқатланишнинг ҳам инсон ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Яна меҳнат қилиш ва дам олиш, муомала маданияти, руҳий хотиржамлик ва тиббий маданият ҳамда жинсий тарбия каби омиллар ҳам валеология асосига киради. Агар соғлом бўлай десангиз, энг аввало, ўзингиздаги зарарли одатлардан қутилишга ҳаракат қилинг. Бунинг учун уларнинг зарари ва оқибатини ҳар доим тасаввур қилинг ҳамда танқидий баҳолаб боринг.

Овқатланишда меъёр ва таомноманинг хилма-хиллигига катта эътибор беринг. Тана оғирлигининг ортиқча бўлмаслигига эришинг. Пала-партиш овқатланишга чек қўйинг. Жисмоний фаол бўлинг. Бунинг учун дастлаб бўғимларни ҳаракатга келтирувчи машқларни бажаринг. Буни уй шароитида бажариладиган машқлардан бошлаш мумкин. Эрталаб туриб сайр қилиш, аста-секин эса юриш машқларини югуришга айлантиринг. Кундалик ҳаракат дастурингиз оз бўлса ҳам доимий бажариладиган машғулотлардан иборат бўлсин. Кун тартибини тўғри режалаштиринг.

Яна ўқинг:  Анжир – жаннат меваси

Ҳар куни эрта уйқуга ётиб, барвақт туришга одатланинг. Ўқиш давомида танаффусларга риоя қилинг. Танаффуслар вақтида очиқ ҳавога чиқинг. Таомномангизда озиқ-овқат маҳсулотларининг сархил бўлишига эришинг.

Одамлар билан ўзаро муомала ва муносабатларда ахлоқ-одобга ҳамда жамият қонунларига риоя қилинг. Руҳий саломатликни асранг. Оилавий муносабатлар ҳам ўзаро муносабатларнинг давоми ҳисобланади. Оилавий жуфт танлашда асосий талабни чирой, мавқе, бойлик каби омилларга қараб эмас, балки, ушбу ҳаётий муҳим масалани тиббий-биологик ва ижтимоий-психологик омиллар нуқтаи-назаридан ҳал қилишга ҳаракат қилинг.

Тозаликни одат қилинг. Бу борада билим ва малакангизни мустаҳкамлаб боринг. Шахсий гигиена қоидаларига яъни, қўл ва тирноқлар тозалиги, оғиз бўшлиғи ҳамда соч парвариши, тери тозалиги қоидаларига риоя қилиш ҳам аслида соғлом ҳаёт кечиришнинг асосий омили ҳисобланади. Ҳар бир техника ва механизмлардан фойдаланишда ҳушёр бўлинг. Келажакда соғлом фарзандлар туғилишини таъминлаш учун оилавий турмуш қуришга шайланаётган йигит ва қизлар тиббий нуқтаи назардан киши организмининг етилиш даври, никоҳ гигиенаси ва жинсий ҳаёт ҳамда соғлом турмуш тарзи ҳақидаги билимлардан хабардор бўлишлари лозим. Шифокорлар ҳузурида бўлиб, йилда камида 1 маротаба профилактик тиббий кўриклардан ўтинг. Чунки касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш осонроқдир.

Салбий руҳий ҳолатлар кўпинча хасталикларни, жумладан, қон босими, невроз, меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси хасталиги, саратон, қандли диабет сингари касалликларни келтириб чиқаради. Олимларнинг фикрича, инсон ортиқча ҳис – ҳаяжонга берилмаслиги, аксинча, ақл билан иш тутиб, ўз олдига катта мақсадлар қўйиб яшаши ва шунга яраша меҳнат қилиши лозим.

Сиз юқоридаги каътий талабларни ўз турмушингизга татбиқ этганингиздан сўнг соғлом турмуш тарзининг ҳар бир йўналишини ривожлантиришга ҳаракат қилиб боринг. Бунинг учун оилада ва ишхонада соғлом турмуш тарзи ва сиҳат – саломатликни сақлаш, жисмонан баркамолликка эришиш тўғрисидаги қўлланмаларни ўқиб бориш муҳим. Теледастурлардаги саломатлик ва жисмоний баркамоллик мавзусидаги кўрсатувларни мунтазам кўриб бориш, шу соҳага алоқадор билимлар доирасини кенгайтириш ва тиббий саводхонликни ошириб бориш зарур. Соғлом турмуш тарзига оид кўникмалар камида 2-3 ойда шаклланиб, 5-6 ойда улар мустаҳкамланиб, 1 йилдан кейин эса бундай турмуш тарзи Сиз учун кундалик одатга айланади. Энг аввало, сиз соғлиқ қандай бебаҳо ва улуғ неъмат эканлигини тушунасиз. Фаол инсонлар билан дўстлашинг. Уларнинг суҳбатлари Сизда соғлом турмуш тарзи шаклланишига ва бу соҳада билимларингизни бойишига ёрдам беради. Сизнинг бу интилишларингиз оила аъзоларингиз, дўстларингиз ҳамда танишларингизни ортингиздан эргаштиришга хизмат қилсин.

Яна ўқинг:  Ҳомиладор аёл таомномаси: бунда кўпроқ нималарга эътибор бериш зарур?

 

Гулбаҳор АБДУЛЛАЕВА,

Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш

илмий тадқиқот институти директор ўринбосари

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: