Реклама

Тут шодасидаги шифобахш инжу

Тут асосан халқ табобати, анъанавий тиббиёт ва озиқ-овқат соҳасида қўлланилади. Баъзи жойларда тут мева сифатида ишлатилади. Айрим ҳудудларда эса уни турли мазали таомларга ҳам қўшишади. Тут шарбати ва дамламаси ангина (бодомча безларининг яллиғланиши) ва стоматит (оғиз бўшлиғининг яллиғланиши)да оғизни чайиш учун фойдалидир. Бундан ташқари пўстлоғининг дамламаси тери касалликларида шикастланган соҳага суртилади.

Организмда метаболизм жараёнининг меъёрида фаолият юритишида ва ўткир ва сурункали касалликдан кейин уни истеъмол қилиш фойдалидир. Ушбу мева тоза қон ҳосил қилади. Унинг шарбати балғам, пешоб ҳайдайди. Шунингдек, тут меъда – ичак тизими ва юрак қон томир тизими фаолиятига ижобий таъсир этади. Хитойлик табиблар ортиқча вазнли одамлар учун унинг мевасини истеъмол қилишни тавсия этишади. Агар мавсум давомида кўпгина меваларни истеъмол қилсангиз дисбактериоз (ичак микрофлорасининг бузилиши) хасталигидан фориғ бўласиз.

Тут шарбати ва дамламаси диарея (ичбуруғ), пневмония (зотилжам), ўткир ва сурункали бронхит, бронхиал астма (зиққинафас)да балғам кўчирувчи восита сифатида ҳам тавсия қилинади. Чин мамлакатида тутларнинг барглари, пўстлоғи ва илдизи гипертония (хафақон)га қарши қўлланилади. Ява оролида тут дарахтининг ёш барглари эмизувчи оналарга кўкрак сутини кўпайтириш учун тавсия этилган.

Унинг куртаклари ва баргларидан тайёрланган дори воситалари углевод ва ёғ алмашинувини тартибга солади. Айниқса, “тепки” билан оғриган ўғил болалар учун уни истеъмол қилиш фойдалидир. Илдизи ва пўстлоғидан астма (зиққинафас), нафас йўллари яллиғланиши ва гипертониядан азият чеккан беморларга дамлама ичиш тавсия этилади. Яраларга тут пўстлоғи шифобахш малҳам бўлади. Қуритилган ва майдаланган 2 ошқошиқ тут пўстлоғи кукуни ҳамда 750 гр. ўсимлик ёғи аралаштирилади ва мўъжизавий малҳам тайёрланади. Қора тут мевалари меъдани даволашда шифобахш ҳисобланади. Пишмаган қора тут меъда ширасида кислоталик даражаси ошиб кетганида ёрдам беради. Етилиб пишган мевалари озиқ-овқатлардан заҳарланишда самарали таъсирга эга. Тутнинг яхши пишган мевалари тинчлантирувчи восита сифатида тавсия этилади. У пешоб ҳайдовчи ва оздирувчи хусусиятга эга. Оқ тут яллиғланишга қарши шифобахш табиий воситадир. Шунингдек, бу мева грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар)да иммунитетни кўтаради.

 

Мумкин бўлмаган ҳолатлар

одатда иссиқ ҳавода тут танновул қилинганда қон босими ошиши мумкин. Шунинг учун ундан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш керак. Бундан ташқари диабет касаллиги билан оғриган кишиларга тутнинг баъзи навлари жуда ширинлиги сабабли тавсия этилмайди. Унинг пишган мевалари кўп истеъмол қилинса диарея ва унинг етилмаганини тановул этиш ич қотишига сабаб бўлади. Тут еб устидан қайнамаган совуқ сув ичиш мумкин эмас. Чунки бу ҳолатда меъда-ичак тизими фаолияти издан чиқади.

Яна ўқинг:  Суваракларнинг одам саломатлиги учун қандай хавфлари мавжуд?

Оқ ва қора тутдан мураббо, шинни, тутмайиз тайёрлаб қишда истеъмол қилиш мумкин. Ундан компот ёки шарбат ҳам тайёрласа бўлади. Шунингдек, уни махсус целофан халтачаларга солиб, музлатгичда қиш мавсуми учун ғамлаб қўйиш мумкин. Ушбу меваларни қайнатганда ундаги фойдали унсурлар парчаланиб кетиши мумкин. Аммо тутмайизда организм учун зарур микро ва макроэлементлар сақланиб қолади. Шунингдек, музлатилган тут мевалари ҳам барча шифобахш унсурларни ўзида сақлаб қолади.

 

Васила ПЎЛАТОВА тайёрлади.

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: