Фарзандингиз мактаб остонасида

у галдаги таълим-тарбия синовларига қанчалик тайёр?

Жажжи фарзандингиз мактабга илк қадамларини қўйиш арафасида. Бу пайтда улардан кўра сизда ҳаяжон бисёр. Ҳадемай, қилган эзгу ниятларингиз ўз ижобатини топади.

Мактаб ҳаёти бола учун дастлабки жиддий ва муҳим синов. Бунинг учун у ҳам маънан, ҳам жисмонан тайёр бўлиши лозим. Энди унинг бутун ҳаёт тарзи: муҳит, талаблар, хулқи ўзгаради. Шу дақиқадан бошлаб, беташвиш бола мактаб ўқувчисига айланади. Вазифалар эса, бир қадар ортади. Болани мактаб ҳаётига босқичма-босқич тайёрлаш эса юз бериши мумкин бўлган қийинчиликларни енгишга ёрдам беради.

Мана, фарзандингиз 7 ёшга қадам қўйди. Энди унинг ҳаётига мактабга бориш, ўқиш, уйга берилган дарсларни бажариш каби янги юмушлар кириб келади. Бундай пайтда ота-онанинг вазифаси болаларни янги шароитга имкони борича тезроқ мослашишга ва янги дўстлар билан тез тил топишишига кўмаклашишдан иборат.

 

Соғ танда – соғлом ақл

Барча ўғил-қизлар 1-синфга боришдан олдин чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Бу каби текширувлардан кўзланган мақсад бола организмидаги касалликларни эрта аниқлаш ва уларни ўз вақтида даволаш чораларини кўришдан иборат.

– Бу текширувларда болакайнинг кўзини соғломлигига алоҳида эътибор қаратамиз. Зарур бўлса, кўзойнак тақиш тавсия қилинади. Боланинг қулоқлари эшитишида муаммо бўлса, буни синф раҳбарига албатта айтиш лозим. Боиси, шунга қараб, ўқувчи синфда тегишли жойга ўтказилади, – дейди олий тоифали болалар шифокори Муҳаббат Ҳамроева.

Ота-оналар болалар шифокори ва психологнинг бўлажак мактаб ўқувчисининг саломатлигига алоқадор маслаҳатлари ва тавсияларига жиддий қараши, улар буюрган муолажаларнинг барини бажариши лозим.

 

Тур, мактабга кеч қоласан!

Бу сўзни деярли ҳар биримиз мактаб пайтимизда ота-онамиздан эшитганмиз. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мактаб ҳаёти боладан анча-мунча куч ва энергия талаб қилади. Бу пайтда ота-оналар фарзандининг мустақил бўлиши учун кўмаклашиши, улар йўл қўйиши мумкин бўлган хатоларни ўз вақтида олдини олиши ва фойдали маслаҳатлар бериши жуда муҳим. Аввало, кун тартибини аниқ, пухта тузиш ва унга қатъий риоя қилиш керак. Агар оилада тегишли тартиб ўрнатилган бўлса, бола шунга одатланади, саранжом-саришта, интизомли бўлиб улғаяди, унда масъулият ҳисси шаклланади.

Ўқиш бошланишидан 10-15 кун олдин бўлажак мактаб ўқувчисини эртароқ туришга одатлантириш зарур. Бу унга кейинчалик уйқудан барвақт уйғонишга ёрдам беради. Одат тусига айланиши лозим бўлган оддий гигиена қоидалари фарзандингизни доимо соғлом бўлишга ва турли касалликлардан ҳимоя қилишга кўмаклашади.

Яна ўқинг:  Саломатлик йўлидаги ҳамкорлик

 

Букчайма, қаддингни ғоз тут!

Таянч-ҳаракат аъзоларида пайдо бўлган нуқсонларнинг дастлабки аломатлари, жумладан, букчайиб юриш, умуртқа поғонасининг қийшайиши каби ҳолатлар кузатилса, болани жисмоний тарбия билан алоҳида шуғуллантириш лозим. Бу пайтда айниқса, гимнастика машғулотлари катта фойда беради.

– Иш тажрибамдан маълумки, баъзи ўқувчилар мактабга керагидан ортиқ китоб ва дафтарлар, турли хил буюмларни олиб келишади. Натижада улар организмида таянч-ҳаракат аъзолари касалликлари юзага келади, – дейди пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 300-умумтаълим мактаби жисмоний тарбия ўқитувчиси Наргиза Усмонова. – Шу боис, ота-оналар фарзандлари мактабга ўзлари билан фақат дарс жадвалида кўрсатилган китобларни олиб боришини назорат қилиши зарур. Шунингдек, бошланғич синф ўқувчиларига орқадан осиладиган сумка тақиб юриш тавсия этилади. Чунки, бу каби портфеллар умуртқа поғонасининг қийшайишига йўл қўймайди.

Яна бир гап: ота-оналар синф раҳбари, мактаб шифокори билан яқин алоқада бўлиши лозим. Бу ўқувчини назорат қилишнинг самарали усули ҳисобланади.

– Мактаб ва оила боланинг юриш-туришини биргаликда назорат қилса, ундаги ёмон одатларга чек қўйишга, фанларни ўзлаштира олмасликнинг олдини олишга ёрдам беради. Ундан доимо нималар билан машғул бўлаётганини сўраб туриш, кундалик дафтарини текшириб бориш, ёмон баҳо олганининг сабабини билиш, яхши баҳо олганда, у билан қувониш, уни мақташ лозим, – дейди бошланғич синф ўқитувчиси Моҳира Соҳибова.

Бир сўз билан айтганда, фарзандларининг қизиқиш ва ташвишлари билан яшаш – ота-она билан болалар ўртасидаги чин дўстликнинг зарурий шарти ҳисобланади.

Туронбека ШАРОФУТДИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: