Реклама

Покизалик кўп дарддан асрайди

Юқумли меъда-ичак тизими хасталикларининг қандай олдини олиш мумкин?

 

Юртимизда иссиқ кунлар авжига чиқмоқда. Бундай кунларда ўткир юқумли меъда – ичак йўли касалликларининг кўпайиши ҳам кузатилади. Бу хасталикларни турли микроорганизмлар келтириб чиқаради.

Касаллик қўзғатувчи микробларнинг турига қараб, улар ичбуруғ, сальмонеллёз, ичтерлама, эшерихиоз, иерсиниоз каби номлар билан юритилади. Ушбу касаллик ёз ойларида кўпроқ учрашига бир қанча омиллар сабаб бўлади. Аввало, ҳаво ҳароратининг юқори бўлиши, айниқса, ёш болалар организмида маълум иммунологик ўзгаришлар, овқат ҳазм бўлишининг сусайиши, қайнатилмаган сувни истеьмол қилиниши оқибатида меъда ширасидаги муҳим ҳимоя омили ҳисобланадиган хлорид кислота зичлигининг пасайиши дардга чалинишга замин ҳозирлайди.

Касаллик қўзғатувчи микробларнинг асосий манбаси бемор ёки хасталик билан оғриётган одам шунингдек, ушбу касаллик бактерияларини ташувчилардир. Уларнинг нажаси билан микроорганизмлар ташқи муҳитга тарқалади. Атроф-муҳит объектларини (сув, кийим-кечак, озиқ-овқатлар) ифлослантиради. Ёзнинг иссиқ кунларида озиқ-овқатларда айниқса, улар нотўғри жойда сақланган бўлса микробларнинг кўпайиш учун қулай муҳит юзага келади. Бундай егуликларни истеъмол қилиш касалланишга олиб келади.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, айрим гўдакларни эмизишда ва уларни овқатлантиришда оналар озодаликка эътибор бермасалар ёки чақалоқнинг сунъий сутли озуқаси нотўғри сақланса, унга микроблар тушиши ва тезгина кўпайиши мумкин.

Қайси микроб қўзғатишидан қатъий назар хасталикнинг асосий белгилари тўсатдан ич бузилиши ва қусиш билан кечади. Кетма-кет қусиш ва ич кетиши оқибатида бемор организми қисқа муддатда кўп миқдорда сув ва минерал тузларни йўқотади. Натижада хаста ҳолсизланади. Унинг териси қуруқлашиб, дағаллашади. Оғзи қурийди. Бу ҳолат ёш болаларда кўпроқ кузатилади. Ўйнаб-кулиб турган бола 3-4 соат ичида бутунлай мажолсиз бўлиб қолади.

Одатда одам ушбу касалликни бозорларда кўп меваларнинг таъмини татиб кўрган вақтида, яхши сақланмаган ва узоқ вақт туриб қолган овқатларни истеъмол қилганида ҳўл меваларни ювмасдан тановул этганда ва бемор билан мулоқотда бўлганда ҳамда унинг яхши тозаланмаган идиш-товоқларидан фойдаланганида юқтириб олади.

Шунингдек, болалар каналлар ва ариқлар ҳамда анҳорларда чўмилган пайтларида сув билан микробларни ютиб юборганида ҳам дардга чалинади.

Ўткир юқумли меъда-ичак тизими касалликларининг тарқалишида пашшалар катта роль ўйнайди. Улар ифлос жойларда тухум қўйиб ва кўпайиб, хасталик қўзғатувчи микроорганизмларни оёқларига илаштириб олади ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари, сув ва идиш-товоқларга қўниб, уларга микробларни тарқатади.

Агарда яқинларингиз ва ёш болаларда қайт қилиш, ич кетиши ва тана ҳароратининг кўтарилиши каби касаллик белгилари кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилишингиз керак.

Халқимизда “Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган яхши” деган мақол бор. Шунинг учун ҳам ўткир юқумли меъда-ичак тизими касалликларидан сақланишда биринчи галда озодаликка ва саранжом – саришталикка катта эътибор бериш зарур. Айниқса, овқатдан олдин ва ҳожатхонага кириб-чиққандан кейин қўлларни совунлаб ювиш лозим. Хонадон, иш жойи ва дала шийпонлари, мактаблар ҳамда болалар муассасалари, озиқ-овқат маҳсулотлари корхоналари, ошхоналарда тозаликка қатъий риоя қилиш зарур. Тез бузилиб қоладиган озиқ-овқат маҳсулотларини совутгичлар, бошқа маҳсулотларни эса пашша, суварак, сичқон ва каламушлар каби зарарли жонзотлар тегмайдиган жойда сақлаш лозим. Овқат қолдиқларини ўз вақтида йиғиштириб, махсус ажратилган чиқиндихоналарга ташлаш керак. Сувни фақат қайнатиб ичишни унутмаслик зарур. Ишхона ва жамоат жойлари ва уйда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш керак.

Яна ўқинг:  Балиқни мунтазам тановул қилинг!

Шифокорлар бу касалликни “ифлос қўллар касаллиги” деб бежиз айтишмаган. Ҳар нарсани билиб – билмай оғизга солишдан сақланиш керак. Айниқса, бозорлардан ҳўл меваларни харид қилаётганингизда уни ювмасдан оғизга солишдан сақланинг. Сувни истеъмол қилишда эҳтиёткор бўлган маъқул. Кўпроқ қайнатилган сув ичиш тавсия этилади. Чўмилганда сувларнинг тозалигига эътибор бериш керак. Ҳўл меваларни яхшилаб ювиб, сўнгра истеъмол қилиш зарур. Яхши сақланмаган ва узоқ вақт туриб қолган овқатларни ёки салатларни истеъмол қилишдан эҳтиёт бўлинг. Совутгичларни тоза тутиш, улардаги маҳсулотларни ўз вақтида истеъмол қилиш керак. Меваларни қайта ювишдан эринмаслик керак. Идиш – товоқларни ювгандан сўнг яна уларни қайнаган сувга ботириш ёки чайиш керак. Касалхонага борганда бемор яқин кишингиз бўлса ҳам ундан масофа сақланг.

Чақалоқларни овқатлантиришда сунъий овқатларни болага етарли қилиб тайёрлаб беринг, ҳамда уни узоқ сақламанг. Атроф-муҳит ва хонадонларни ҳамда аҳоли умумий фойдаланадиган жойларни доимо озода бўлишини таъминлаш керак. Ўзимиз ва оила аъзоларимизнинг соғлиги покизаликка қай даражада эътибор беришимизга боғлиқ.

Ҳар бир беморни даволаш учун давлат бюджетидан маълум миқдорда маблағ ажратилади. Шунинг учун ҳам хасталикнинг олдини олиш ҳар бир фуқаро учун масъулиятли вазифа бўлмоғи зарур. Зеро, оилада ҳамма соғ-омон бўлса, ота-онанинг кўнгли хотиржам бўлади. Уларнинг ишида ҳам унум бўлади. Бу эса жамият ривожи учун муҳим омилдир.

 

Омон МИРТОЗАЕВ,

Тошкент тиббиёт академияси Эпидемиология кафедраси профессори

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: