Реклама

Йўл қурган етар муродга

Халқ орасида йўл қурган савоб, дейишади. Негаки кимнингдир оғирини енгил, олисини яқин қилишдан-да савобли иш бор эканми? Шукрки, орамизда ана шундай яхши амалларни ўзига касб этган юртдошларимиз бор. Улар билан юрт обод, кўнгил эса ғурурга тўлади.

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри кўчаларидан юриб борар экансиз йўлсозларнинг қилган ишлардан севинасиз. Текис, равон ва тунлари чароғон кўчаларда сайр этгингиз келади. Қурувчилардан миннатдор бўласиз. Кишиларга ана шундай ҳузр-ҳаловат улашишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган Шукурулло Бердибаев ҳам юрт корига ярашни мақсад қилган. У раҳбарлик қилаётган “Қорақалпоғистон Республикаси йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси Нукус филиали жамоси томонидан қилинаётган салмоқли ишлар таҳсинга лойиқ.

Шукурулло Бердибаев қарийб ўттиз йилдирки йўл қурилиши соҳасида меҳнат қилиб келмоқда. У 1990 йили Тошкент Автомобиль транспорти ва йўллари институтини тамомлаб, йўл ҳаракати муҳандиси мутахассислиги бўйича илк фаолиятини Элликкаъла туманидаги 3-механизациялашган кўчма колоннадан бошлади. Кейинчалик Нукус йўллардан фойдаланиш бошқармасида йўл устаси, бўлим бошлиғи, “Трансйўлқурилиш” компанияси ДУКнинг Нукус филиали АСУ механиги, Шимолий-Ғарбий ХДААЙСИТФК Нукус филиали бош муҳандиси вазифаларида меҳнат қилиб келди. Мана икки йилдирки “Қорақалпоғистон Республикаси йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси Нукус филиали директори.

Ш. Бердибаев болалик кезларини эслар экан, туғилиб ўсган юрти Қангли овулини хотирлайди. Пастқам лойсувоқ уйлар, қишда лой, ёзда чанг кўчалар, таъмирталаб мактаб, тиргович тиралган деворлар… Саҳифамиз қаҳрамонида йўлсоз бўлиш фикри дастлаб ўша кезларда пайдо бўлган бўлса ажабмас.

Биз болаларимизни ёшликдан меҳнатга ўргатдик. Ҳозирда уларнинг ҳаммаси уйли-жойли, – дейди Шукурулла аканинг отаси 86 ёшли Мадяр бобо. – Бунинг устига набираларимнинг ҳам бўйи чўзилиб, улар сафига қўшилиб қолди. Улар даврасида бир зумга бўлса ҳам зерикмайсан, киши. Ҳали униси, ҳали буниси ҳолимдан хабар олиб, йўқлаб келишади, омон бўлгурлар. Ўғлим Шукурулло эса мана бугун эл хизматида. Унинг ортидан кўп раҳмат эшитдик, ризқи бутун бўлсин, илоҳим.

Отахон билан суҳбатимиз асноси Шукурулло ака ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлдик. Бу шижоат фарзандларига ҳам айнан отахондан ўтганига амин бўлдик.

Шукурулло раҳбарлигидаги йўл қурувчилари кўчаларимизни асфальтлаш ва ободонлаштиришда баҳоли-қудрат амалий ёрдам бериб келишмоқда, – дейди Овул фуқаролар йиғини котиби Аминбой Бердибоев. – Ҳозир маҳалламизда асфальт бўлмаган кўча қолмади. Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар овулимиз аҳолиси ҳаётида том маънода янги саҳифа очди. Атрофимизда яхши одамлар кўп. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан чор-атроф обод, кўнгиллар нурга тўлмоқда. Ният қиламизки, ёш авлод орасида ҳам ўзимизнинг Шукурулло каби фидойи, элга қайишадиган, юрт учун ҳузур-ҳаловатини унутадиган, ҳақиқий меҳнатсевар инсонлар етишиб чиқаверсин.

Шукурулло ака ҳақида атрофдагилар ва қўни-қўшниларнинг фикрини тинглар эканмиз унинг хонадони маҳаллада ҳам намунали оилалардан эканини эшитдик. Остона ҳатлар экансиз бу ердаги орасталик, файзу тароватдан баҳри-дилингиз очилади. Хонадон соҳибаси Райҳон опа ҳам исми жисмига монанд, қизлари Азиза, Умида, Дурдона, Муслималарни ҳам ўзи сингари оқила, меҳнатсевар, юртга садоқатли қилиб тарбиялабди. Хонадондаги ўзгача файз ҳам шундан бўлса керак. Ўғли Қабулбек келажакда отаси изидан бориб, йўл қурувчи бўлишни ният қилган.

Яна ўқинг:  Куёв ҳам ўғил ҳисобланадими?

Ана шундай намунали хонадон эгалари Шукурулла ака ва Райҳон опа фарзандлари қувончи ва касбининг баракасидан бахтиёр яшашмоқда.

 

Ойгул РАЗЗОҚОВА,

журналист

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: