ОИЛА — ҚЎШ УСТУНЛИ АЙВОН

Турфа хил гўзалликларга ошиён бўлган ҳаёт завқини албатта тани сиҳатликда туясиз. Киши хаста бўлдими кўзига дунё тор кўринади. Бемор кўнглида яшашга бўлган умид учқунларини алангалатиб ўксик дилга қувонч туйғуларини ҳадя этолган шифокор чинданда нажот фариштасидир.

Ҳа, эгнидаги оқ халати мисол пок қалби, ширин забони, бой билим тажрибаси билан кўплаб беморларнинг дардига даво топаётган оилавий шифокорлар — Баҳодир Мамажонов ва Робияхон Мамажонова ҳақида гап кетгудек бўлса, улар шаънига илиқ фикрлар билдирилади. Чунки эл саломатлиги йўлида ҳамиша камарбаста бўлаётган бу инсонларнинг меҳнати мақтаса арзигулик.

Ўрта мактабни тугатиб Андижон Давлат тиббиёт олийгоҳида таҳсил олган Баҳодир ака дастлаб Қўқондаги 1-шаҳар шифохонасида интернатурани ўтагач, Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидаги Рапқон қишлоқ шифохонасида терапевт лавозимида ишлай бошлайди. Қўли енгил шифокор қишлоқ аҳолиси ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида тинимсиз изланди. Эл назарига тушди.

Кейинчалик Баҳодир Мамажонов Андижон Давлат тиббиёт олийгоҳи “Ички касалликлар” кафедрасида катта ўқитувчи, сўнгра Тошкент Тиббиёт академияси Фарғона филиалининг “Ички касалликлар” кафедрасида катта ўқитувчи лавозимларида иш фаолиятини давом эттиради. 2000 йилдан бошлаб Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали Шошилинч Кардиология бўлимида врач-кардиолог лавозимида, 2004 йилдан шу марказнинг Эрта Реабилитация бўлимида бўлим мудири лавозимида ишлаб келмоқда. Отаси Собиржон Мамажонов сингари шифокор деган шарафли касбни улуғлашга интилиб яшаётган Баҳодир ака бўлим фаолиятига тўхталиб шундай деди: “Аҳоли орасида юрак касалликлари тез-тез учраб турадиган хасталиклар сирасига киради. Текширув жараёнида ҳар бир беморга алоҳида даволаш усуллари қўлланилади. Беморларни даволашда физиотерапия усулларидан кенг фойдаланаяпмиз. Ўзига хос услуб билан даволаш, оғриқ қолдирувчи, тинчлантирувчи уқалаш муолажалари, қисқа тўлқинли ток ёрдамида даволаш, бу борада қўл келмоқда. Биргина бу эмас юрак қон томири касалликларида таомнома тартибига қатъий риоя этиш талаб этилади. Беморни ширин сўз билан даволаш муҳим аҳамиятга эга. Шифокор қандай ҳолатда бўлмасин қабулига келган беморнинг ҳаёти учун жавобгар ҳисобланади. Бўлимдаги ҳар бир шифокор мунтазам равишда аҳоли ўртасида бўлиб турли хил касалликларнинг олдини олиш борасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасидаги тарғибот ва ташвиқот ишларимиз ўз самарасини бермоқда”.

Яна ўқинг:  ЎҚУВ-СЕМИНАРИ ИШ БОШЛАДИ

Баҳодир аканинг турмуш ўртоғи Робияхон Мамажонова ҳам ички касалликлар бўйича олий тоифага эга. Мактабни аъло баҳоларга тугатган Робияхон Андижон Тиббиёт олийгоҳида таҳсил олган. Фарғона вилоятининг “Нурсух” қишлоқ врачлик пунктида дастлаб ички касалликлар шифокори, сўнгра қарийб ўн йил мобайнида эса ушбу ҚВП мудири вазифасида ишлади. Қишлоқ аҳолисининг соғлиғини мустаҳкамлаш йўлида олиб борган ҳалол меҳнати боис эл орасида обрў-эътибор топди. Ширинсўз, изланувчан, жонкуяр шифокор ҳамиша каттага ҳурматда, кичикка иззатда бўлиб, ҳузурига шифо излаб келувчиларнинг кўнглига йўл топди. Қишлоқ аёлларининг энг яқин маслаҳатчисига айланди. Айни вақтда Республика Шошилинч Тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида ички касалликлар шифокори лавозимида фаолият олиб бораётган Робияхон Мамажонова онаси тиббиёт ходими Ўктамхон ая орзусидагидек ҳам оилада, ҳам севган касбида эъзоз ва ҳурматга сазовор бўлди. “Тўғрисини айтсам”, — дея таъкидлайди Робияхон опа, – ёшинг катта бўлсада янги жамоада иш бошлашдан бироз ийманиб турар экансан. Республика Шошилинч Тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида ички касалликлар шифокори лавозимига тайинланганимда янги жамоанинг бир оила фарзанди сингари аҳил-иноқлигидан, бир-бирини қўллаб-қувватлашидан бошим кўкка етди. Айниқса марказ раҳбари Одилжон Умаровнинг ҳамиша янгиликка интилиши, тиниб-тинчимаслиги бизни янада кўпроқ ўқиб-ўрганишга, замонавий тиббиёт усулларидан фойдаланишимизга, ўз устимизда тинимсиз ишлашга ундайди. Шифокорлик касбини танлаб орзуимга эришганимдан бахтиёрман”.

Ҳа, аёл киши учун бунданда ортиқ бахт бўлмаса керак. Турмуш ўртоғи олий тоифали шифокор Баҳодир Мамажонов билан тўрт нафар фарзандни оқ ювиб оқ тараб вояга етказдилар. Гулноза, Дилноза, Бобурмирзолар айни вақтда олийгоҳларда таҳсил олишмоқда. Дилдорахон эса коллеж ўқувчиси.

Ҳа, эртасини бугунидан бошлаб бераётган нурафшон кунлар шукуҳи оилавий шифокорларни қайноқ меҳнат қўйнига чорлайди. Биз эса эл саломатлиги йўлида камарбаста бўлаётган қўли енгил шифокорларга омад тилаймиз.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: