“Яқинларимни қайта кўра оламанми?”

– Беморлар ҳар гал менга ана шу саволни берганида зиммамдаги масъулиятни чуқур ҳис этаман, – дейди кўз шифокори Яхия Салиев.

Уйда ёки қўшнилардан кимдир касал бўлиб қолгудай бўлса, отаcи ёки онасининг дарров ёрдамга шошилиши, аввало, ширин сўзи билан бемор инсонлар дардига малҳам бўлиши унинг мурғак қалбида шифокорлик касбига меҳр уйғотганди.

Бир сўз билан айтганда, тиббиёт соҳасининг етук ходими бўлиш Яхия Салиевнинг болалик орзусига айланди. Бугун Қорақалпоғистон Республикаси кўз касалликлари шифохонаси бош шифокори бўлиб фаолият юритаётган қаҳрамонимиз ўзининг муваффақиятларида яқинлари, айниқса, ота-онасининг кўмагини алоҳида эътироф этади. Узоқ йиллардан буён малакали жарроҳ сифатида элга беминнат хизмат қилиб келаётган отаси Мамутжон Салиевни кўпчилик ҳалигача тажрибли шифокор сифатида яхши билади. Бу инсон самарали фаолияти давомида қанча-қанча инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолган.

Яхия Салиевнинг онаси Ўғилжон опа Хажабаеванинг фаолияти ҳақида ҳам шундай илиқ фикрларни билдириш мумкин. Қирқ беш йил Нукус шаҳридаги 3-сонли оилавий поликлиникада катта ҳамшира бўлиб фаолият кўрсатган Ўғилжон опа ўз касбига асло хиёнат қилмади. Қўлидан келганича одамлар оғирини енгил қилишга, улар дардига малҳам бўлишга интилди.

Мамутжон ака ва Ўғилжон опалар фарзандларининг келажакда эл-юрт корига ярайдиган баркамол шахс бўлиб вояга етишлари учун астойдил меҳнат қилди. Ўз навбатида Яхия Салиев ҳам ота-онасининг касбини пухта эгаллашга, болалик орзусини амалга оширишга интилди. Бунинг учун тинимсиз изланиб, ҳозирги Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга кирди. У тиббиётнинг бирмунча мураккаб йўналиши – кўз касалликлари бўйича етук мутахассис бўлишни мақсад қилди ва ўзи танлаган соҳанинг сир-асрорларини пухта ўзлаштириш учун доимо изланиш ва ҳаракатда бўлди. Бу орқали устозлар назарига тушди.

Яхия Салиев ўқишни муваффақиятли тугатиб, Қорақалпоғистон Республикаси кўз касалликлари шифохонаси маслаҳат поликлиникасида врач-офтальмолог сифатида иш бошлади. 2008 йил Россия, 2011 йил Ҳиндистон, 2013 йил Голландия, 2014 йил Буюк Британия, 2015–2016 йилларда Корея Республикасида бўлиб, чет эллик ҳамкасблари билан тажриба алмашиб қайтди. 2015 йилдан шу бугунга қадар Я. Салиев Қорақалпоғистон Республикаси кўз касалликлари шифохонаси бош врачи сифатида фаолиятини давом эттириб келмоқда.

 

– 2015–2016 йилларда Кореяга қилган хизмат сафаримиз жуда самарали бўлди, – дейди Яхия Салиев. – Сафар давомида ҳамкасбларим Марина Ли, Руслан Султоновлар билан бирга Сеул шаҳридаги “Siloam eye hospital” шифохонасида бўлиб, замонавий технологиялар асосида ишлаш бўйича малакаларимизни оширдик. Энг муҳими, ўзим фаолият юритаётган шифохонани Кореяда ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги тиббий анжомлар билан жиҳозладик. Бундан ташқари, кореялик бир гуруҳ малакали мутахассислар ўтган йили Қорақалпоғистонда бўлиб, биз билан биргаликда 44 та мураккаб жарроҳлик амалиётини бажарди. Келишув асосида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, кекса инсонларга бепул суньий кўз гавҳарлари қўйилди. Бунда албатта, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шароитлар, имкониятлар асосий ўрин тутганини қайд этиш ўринли.

Барчамизга маълумки, кўз инсон танасидаги энг муҳим аъзолардан бири ҳисобланади. Кўз орқали биз оламни кўрамиз, дунё гўзалликларини ҳис қиламиз.

 

– Фаолиятим давомида қанчадан қанча инсонларнинг “Энди яқинларимни кўра олмайманми?” деган ҳадик билан қабулимга келганларини кўрганман, – дейди Яхия Салиев. – Мен уларга, энг аввало, тушкунликка тушмасликни уқтираман. Чунки ўзингга бўлган ишонч хасталикни енгишда муҳим ўрин тутади. Қолаверса, бугунги замонавий технологиялар ҳар қандай хасталикни даволаш имконини бермоқда. Бунинг учун фақат ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш лозим.

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев тиббиёт соҳаси ривожига жуда катта эътибор бермоқда. Тиббиёт ходимларига керакли шароитларни яратиш, одамларнинг дардини енгил қилиш кераклигини такрор-такрор уқтирмоқда ва бунинг учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Давлатимиз раҳбари 2017 йилнинг 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрганида ҳам бу муҳим масалалар асло эътибордан четда қолгани йўқ. Хўжайли тумани марказий шифохонаси, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали фаолияти билан яқиндан танишиб, соҳа ходимларига ўзининг қимматли кўрсатмаларини берган эди. Ҳозирда бу ерда қилинган ва қилинаётган ибратли ишларни кўриб, кўнгилда чексиз фахр-ифтихор туйғулари жўш уради.

Яна ўқинг:  Инсон табиатнинг бир бўлаги

Ойгул РАЗЗОҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: