Қўлингиз асло дард кўрмасин!

Тунов куни таҳририятимиз эшиги қия очилиб, ёши катта бир онахон ичкарига киришга рухсат сўради. Ижозат бўлгач, у киши ёнимдаги стулга келиб ўтирди. Бироз нафасини ростлагач, аста гап бошлади:

“Исмим Шарифахон Мамажонова. Фарғона вилояти, Марғилон шаҳрида яшайман. 1992 йилда туғилган ўғил фарзандим бор. Исми Исломжон Мамажонов. У танглайсиз, нафас йўлига кетадиган бурун қисми очиқ туғилган. 24 йилдан буён фарзандим чеккан азобларни ўйласам, юрагим оғрийди. Тўғрисини айтсам, шундай меҳнаткаш, бўй-басти келишган боламнинг дардига шифо излаб бормаган жойим қолмади. Бу орада Исломжон икки маротаба – биринчи марта тўрт ёшида, иккинчи гал эса саккиз ёшга тўлганида операция бўлди. Лекин ижобий натижа ололмадик. Ҳозир ўғлим йигирма олтига кирди.

Ўтган йили бир танишим Фарғона вилояти стоматалогия клиникаси бош шифокори Муҳиддин Исмоиловга учрашишимни тавсия қилди. Яқинимнинг гапларидан сўнг у киши билан учрашдик. Шифокор ўғлимни обдон текшириб кўрди. Бахтни қарангки, ўша пайтда Ўзбекистон стоматологлари ассоцияциаси раиси, тиббиёт фанлари доктори Адҳамжон Ҳасанов шифохонада беморларни кўрикдан ўтказаётган экан. Малакали жарроҳ ўғлимни ҳам текширувдан ўтказди ва ўзининг керакли маслаҳатларини берди. Шифокорнинг кўрсатмалари билан ўғлим Исломжонни ҳар ҳафта тиббий кўрикка олиб келиб турдим. Бир йилдан сўнг фарзандим операция қилинди. Бир ҳафтадан кейин жарроҳлик иплари олингач, не кўз билан кўрайки, ўғлимнинг бурни ва юзи асл ҳолга келган эди. Ўша ондаги хурсандчилигимни сизга сўз билан таърифлаб беролмайман.

Фурсатдан фойдаланиб, “Соғлом авлод” газетаси орқали бу икки меҳридарё шифокор – Адҳамжон Ҳасанов ва Муҳиддин Исмоиловга ўз миннатдорлигимни билдираман. Илоҳим, юртимиздаги барча шифокорларнинг қўллари дард кўрмасин! Улар доимо беморлар дардига малҳам бўлиб юраверсинлар.”

 

Санобархон ДЎСМАТОВА

ёзиб олди.

Яна ўқинг:  Шифобахш кислородли кўпик

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: