Жавоҳир – жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстери
Венгриянинг Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган “First Saturday GM” халқаро турнирида иқтидорли шахматчимиз Жавоҳир Синдаров муваффақиятли иштирок этиб, учинчи гроссмейстерлик талабини бажарди. У 12 ёшида жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстерига айланди.
Бундан бир йил олдин Жавоҳир халқаро шахмат устаси унвонига сазовор бўлиб, Президентимизнинг қимматли совғаларини қўлга киритган эди. Ўтган бир йил ичида у ўз устида тинимсиз ишлаб, жорий йилнинг июнь ойида “Воронеж опен-2018” халқаро мусобақасида биринчи, сентябрь ойида Туркияда ўтказилган 20 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи гроссмейстерлик талабини бажарганди. Шуниси қувонарлики, Жавоҳир 12 ёш 10 ой 8 кунда гроссмейстерлик унвонини қўлга киритиб, жаҳон шахмат тарихида С. Корякиндан (12 ёшу 7 ой) кейин иккинчи, Осиёда эса биринчи – энг ёш шахматчи сифатида ўз номини тарих йилномаларига муҳрлади.
Дунёнинг энг ёш шахматчилари рўйхатининг энг юқори поғонасида юртимизнинг икки вундеркинди – Жавоҳир ва Нодирбекларнинг турганлиги қалбимизга ғурур бағишлаши билан бирга яқин йилларда жаҳон шахмат тожининг яна юртимизга қайтишига умид уйғотади.
Т. ОРТИҚОВА