Реклама

Қирқкокилли қиз: урф-одатларга содиқ бўлайлик!

Ёшлигимда сочим қалинлигидан ҳеч тартибга сололмасдим. Шунда момом сочимни ювиб, ёғоч тароқ билан оҳиста тарар, сўнг эса меҳр билан майда қилиб ўриб қўярди. У кишининг айтишича жамалак қўшиб ўрилган соч тез ўсаркан.

Болаликнинг биргина шу лавҳаси кўз ўнгимдан ўтиши ҳамоно соч билан боғлиқ яна бошқа бир қанча ўгитлар, одат-удумлар ёдимга тушади.

Маълумки, ўзбек оиласида туғилган фарзанднинг чилласи чиққач, “қайчи тегди” маросими ўтказилади. Унда оиланинг ёши улуғи гўдак сочига қайчи уриб беради. Бунинг замирида бола шу ёши улуғ инсон каби толъе баланд, ризқ-насибали бўлсин, деган эзгу ният ётади. Қиз боланинг сочи эса қўлга илинадиган заҳоти ўримга солинган. Унинг сочи ёйилиб, бесаранжом бўлиб юришига йўл қўйилмаган. Кесилган, таралганда тушган соч толалари эса ҳеч қачон оёқ остига ташланмаган.

Илгари сочнинг қандай ўрилганига қараб, унинг соҳибаси ҳақида маълумот олиш мумкин бўлган. Ёш қизалоқлар сочига пилта ё жамалак тақилган бўлса, навниҳол бўй қизлар ҳамиша қирқкокил қилиб ўриб юрган. Оналар қизининг сепига алоҳида безакли жамалак солишган. “Пўпак”, “тахтапўпак”, “заркокил”, “нуқрапўпак” сингари номлар билан аталган безаклар янги келинликнинг белгиси бўлган. Энди у то фарзандли бўлгунича сочини шу безак билан қўшиб ўрган. Она бўлган аёл эса бир ёки икки ўрим қилиб, сочини орқасига ташлаб юрган.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, бошқа халқларда ҳам сочга алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, қадимда рус аёллари сочларини тақимга етгудай ўстириб, ўриб юришган. У қанча узун бўлса, соҳибаси шунчалик доно, ақлли, аёллик фазилатлари, меҳр-муҳаббати кўп, деб ўйлашган. Гавданинг орқа томонидан тушиб турган қалин соч ўрими эгасига илоҳий куч бағишлаб, унинг руҳий қувватини мустаҳкамлаган.

Қадимда славян халқларида қизларнинг ўз ошиғига зулфидан ҳадя этиши расм бўлган. Токи ошиқ ўз севгилисининг соч толасини юрагига яқин жойда сақлаб, ҳамиша уни ёдида тутсин. Ёки қадимий Европанинг аслзода хонимлари акс эттирилган суратларни олайлик, ҳаммасида сочлари турмакланган ё ўрилган, бошига ёпинчиқ ташланган аёлларни кўрамиз.

Хўш, бугун-чи? Бугун сочга бўлган муносабат ўзгариб, қарашлар жўнлашиб бормаяптими? Яқин ўтмишда ардоқланган, эҳтиёткорона муносабатда бўлинган соч бугунги даврга келиб, “оммавий маданият” қуролига айланиб қолмаяптими?

Кўча-кўйда сочини ёйиб юрган хотин-қизларни кўриб, кўзимиз ўрганди. Бироз калтароқ сочларку майли, эҳтимол, ёйиб юриш уларнинг эркин ҳаракатланишга ҳалал бермас, атрофдагиларнинг эътиборини тортмас, аммо узун, белдан ошадиган сочларнинг шаршарадай ёйилиб туриши кўзга бироз ғалати кўринмайдими? Тўсдай қоп-қора сочларнинг сап-сариқ, қизил рангларга бўялишичи? Қошнигина эмас, ҳатто, кўзни ҳам тўсар даражада қалин қилиб туширилган пешоназулф – “чёлка”ларга нима дейсиз? Буларнинг бари миллий одат-таомилга зид, шарқона тарбияга тескари ҳолатлар эмасми?

Яна ўқинг:  Юртимиз тинчлиги, ободлиги – бахтли турмушимиз асосидир

Аслида сочни бежирим ҳаракатланишга ҳалал бермайдиган қилиб ўриб ё турмаклаб юрган минг марта аъло. Чунки йиғилган соч эгасини саранжом-саришта, батартиб кўрсатиб, унга нисбатан атрофдагиларнинг ҳурмат-эҳтиромини уйғотади. Асл гўзаллик – оддийлик, соддаликда эканини асло унутмайлик!

 

Сабоҳат АЛИМОВА,

Термиз санъат коллежи ўқитувчиси

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: