Ўзбекистон – чемпионлар Ватани

бу болалар спортига берилган эътибор самарасидир

Болам. Халқимизнинг ўзига хос фазилати, эзгу нияти, мақсад-муддаоси ҳам ана шу биргина сўзда жамланган. Дарҳақиқат, азалдан ўзининг болажонлиги билан ном қозонган элимиз норасидасининг камоли йўлида ҳар қандай машаққатни енгиб ўта олади. Фарзанди толеи учун бор кучини аямайди. Истиқолнинг илк йиллариданоқ ёш авлод тарбиясига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиши халқимизнинг дилидаги, орзусидаги фаровон замон келганидан бир нишона эди.

“Ҳеч бир соҳа мамлакатни спортчалик тез дунёга машҳур қила олмайди”, Президентимиз мустақилликка эришган чоғимиздаёқ шу сўзларни баралла айтаркан, юртимиз равнақи, туғилажак ҳар бир боланинг тақдири учун ёруғ саҳифани очиб берди. 2002 йилда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилиши эса қисқа муддатда халқаро майдонларда давлатимиз байроғини баланд кўтарадиган чемпион ёшларнинг кашф этилишига замин ҳозирлади. Юртимизнинг шаҳару қишлоқлари кўркига кўрк бағишлаб турган муҳташам спорт иншоотлари ўғил-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни жисмоний тарбия ва спортга, соғлом турмуш тарзига кенг жалб этишга хизмат қилмоқда.

БУ РАҚАМЛАР ҲАР БИР БОЛА ТАҚДИРИГА ДАХЛДОР

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маълумотларига кўра, жорий йилда 163 объект, жумладан, 115 болалар спорти иншоотини қуриш-тиклаш ишлари кўзда тутилган. Ўтган ойларда Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида бир неча болалар спорти иншоотларини қуриш ишлари якунланди. Замонавий қиёфадаги, энг сўнги спорт инвентарлари билан жиҳозланган мазкур объектлар қишлоқ жойларда барпо этилди.

Ушбу спорт комплексларини жиҳозлашга 4 миллиард 647 миллион сўм,2004-2012 йилларда фойдаланишга топширилган болалар спорти иншоотлари, мактаб спорт заллари ва сузиш ҳавзаларини қайта жиҳозлаш учун 16 миллиард 950 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилган бўлиб, уни янги ўқув йилига қадар жойлардаги иншоотларга тўлиқ етказиб бериш кўзда тутилган. Мазкур рақамларни жорий йилнинг 1 июль ҳолатидаги вазият билан таққосласак бу борадаги ишлар барқарор амалга оширилаётгани аён бўлади.

Таъкидлаш жоиз, 2014 йилнинг олти ойи давомида жиҳозлаш дастурига кўра 2,1 миллиард ва қайта жиҳозлаш дастурига асосан 6,4 миллиард сўмлик спорт анжомлари ҳудудларга етказиб берилди.

– Болалар спорти иншоотларида ўғил-қизларимиз нафақат саломатлигини мустаҳкамламоқда, балки халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб она Ватанимизнинг шаънини муносиб ҳимоя қилмоқда. Жамғармамиз маблағи ҳисобидан 2014 йилнинг ўтган даврида ёш спортчиларимиз кўплаб халқаро турнер ва мусобақаларда медаллар шодасини қўлга киритиб келмоқда, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижрочи директорининг ўринбосари Акмал Бобонов.

Яна ўқинг:  CОБИТҚАДАМ ҲАМКОРЛИК дўстона алоқаларни мустаҳкамлайди

ҲАР ҚИШЛОҚНИНГ ЧЕМПИОНИ БОР

Ҳозир шаҳар кўчаларининг ҳар қадамида, балки қишлоқларимизда ҳам қад ростлаётган замонавий футбол майдончалари гавжумлигини кўриб, албатта, қувонасиз. Шундай пайтларда болалик хотираларим ёдимга тушади. Қишлоғимизнинг чанг кўчаларида икки катта тошни дарвоза қилиб футбол ўйнардик. Ўйин вақтида шундай ҳолатлар бўлардики, тўп тошнинг тепасидан ўтиб кетар, унинг голга айланиши ёки айланмаслиги, қисқаси ўйин тақдири иккала гуруҳ болаларининг қай бири “муштумзўр”лиги билан аниқланарди.

Истиқлолимиз шарофати билан манзара бутунлай ўзгарди. Бугун юртимизда истеъдод соҳиблари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, уларга шароит яратилмоқда, халқимиз Президентимизнинг юксак ишончига, рағбатига сазовор бўлаётир.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг узвий ва муҳим бўлаги ҳисобланган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва “Универсиада” мусобақалари иқтидорли спортчиларнинг янги-янги авлодини тарбиялайдиган, минглаб спортсевар ёшларга унутилмас лаҳзаларни ҳадя этадиган, уларнинг орзуларини рўёбга чиқарадиган, пировардида ҳаёт йўлини белгилаб берадиган том маънода спорт байрамига айланганини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.

Мазкур тизим қанчадан-қанча истеъдодлар учун кашфиёт майдонига айланди. Уларнинг изидан яна минглаб иқтидор эгалари етишиб чиқмоқда.

Спортчиларимиз мустақил жамоа сифатида ёзги Олимпия ўйинларидаги иштирокини 1996 йили АҚШнинг Атланта шаҳридаги мусобақалардан бошлаган бўлса, шу кунгача мазкур мусобақаларда бештадан олтин ва кумуш, ўнта бронза медални қўлга киритди. Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларидаги ютуқларимиз янада салмоқли бўлаётгани спортни ривожлантириш борасидаги тизимли ишлар нақадар тўғри йўлга қўйилганининг самарасидир.

Ўзбекистонга ёзги Олимпия ўйинларининг биринчи олтин медалини келтирган боксчи Муҳаммадқодир Абдуллаевнинг юртимиз байроғини баланд кўтарган ҳолат ҳали-ҳануз кўз олдимиздан кетмайди. Шахмат бўйича 17-жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов ёки ўзбек қизлари ўртасида биринчи халқаро гроссмейстер Нафиса Мўминова, оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони Руслан Нуриддинов каби спортчиларимизни бугун бутун дунё танийди, уларнинг юксак салоҳиятига тан беради.

Ана шу ака-опаларига ҳавас қилиб, жаҳон ареналарида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш, юрт шаънини улуғлашдек олий мақсадни беғубор қалбига жойлаган ёш спортчиларимизнинг мусобақаларда эришаётган натижалари таҳсинга лойиқ. Уларнинг қўлга киритган медалларини санаб ҳам, ҳисоблаб ҳам адоғига етиш қийин.

СПОРТ ВА САЛОМАТЛИК

Спорт – саломатлик демакдир. Бунинг амалий тасдиғи сифатида ўтган даврда ўқувчилар ўртасида ўткир респиратор вирусли инфекциялар, пневмония (зотилжам), бронхит, сколиоз билан касалланиш ҳолатлари сезиларли даражада камайганини, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида болалар саломатлиги яхшиланиши кузатилаётганини таъкидлаш мумкин.

Яна ўқинг:  Vatan ravnaqi – el saodati

Яна бир муҳим натижа шундан иборатки, сўнгги ўн йилда 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида ўртача вазн кўрсаткичи 43 килограммдан 47 килограммга, қизлар ўртасида эса 44 килограммдан 48 килограммга ортгани кузатилмоқда.

Болаларнинг бўйи эса ўғил болалар ўртасида ўртача 3 сантиметрга, қиз болалар ўртасида эса 2,9 сантиметрга ўсгани аниқланган. Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда 92 фоиз ўғил-қизларимизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.

Айни вақтда бу рақамлар спорт билан мунтазам шуғулланиш ўсиб келаётган ёш авлоднинг саломатлиги ва жисмоний ривожланишига нақадар катта таъсир кўрсатаётганининг яна бир ёрқин далилидир.

САККИЗИГАЧА САРА БЎЛГАНЛАР

Ўтган йили шахмат бўйича 8 ёшгача ўғил болалар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган Нодирбек Абдусатторовга ҳавас қилмаган болани топиш қийин. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Грециянинг Кавала шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган рапид ва блиц шахмат бўйича жаҳон чемпионатида Исломбек ва Жавоҳир Синдоровлар иккитадан олтин медални қўлга киритиб, ўзбек ёшлари салоҳиятини яна бир бор бутун дунёга намойиш этди. Ёш жаҳон чемпионлари Президентимиз Ислом Каримов томонидан энг сўнгги русумдаги замонавий компьютерлар билан тақдирланди.

Бундай қувончли воқеаларнинг деярли ҳар куни бўлаётгани ўзбек спортининг жаҳон миқёсида юксак поғонага чиққанидан далолатдир. Ҳа, бундай натижаларга ўз-ўзидан эришилмагани, унинг замирида тинимсиз меҳнат, ҳар жиҳатдан пухта ўйланган, кенг қамровли ва тизимли чора-тадбирлар мужассам экани айни ҳақиқатдир.

Дунёга ўз юртини танитаётган бу ёш болалар яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланаётганидан даракдир. Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Шахмат бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар олимпия заҳиралари спорт мактаби фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори юқоридаги сўзларимизнинг тасдиғидир.

Эркин ва обод, тинч ва осойишта юртда вояга етаётган ўғил-қизлар ўз ҳаётини Ватани равнақи, эл-юртининг обрўсига дахлдор, деб билиши тайин. Бу йўлда билим ва салоҳиятини, истеъдоду иқтидорини аямайди.

Айни кунларда Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Ушбу нуфузли спорт анжуманида муваффақиятли иштирок этиб, жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллигининг 23 йиллигига муносиб совға ҳозирлашларини ўсмир йигит-қизларимиздан кутиб қоламиз.

Наврўз НОРБОБОЕВ,

Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: