ОЛИС МАНЗИЛЛАРДА: САЛОМАТЛИК ВА ИНСОНПАРВАРЛИК КАРВОНИ

Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компанияси ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикасининг узоқ ҳамда бориш қийин бўлган ҳудудларида истиқомат қилувчи ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларга тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда инсонпарварлик ёрдамларини етказиш мақсадида Тошкент – Тўрткўл – Мискин – Тошкент йўналишида “Саломатлик” поезди ташкил этилди.

«Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тиббий-ижтимоий лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилаётгани, она ва болалар саломатлигини сақлашга қаратилаётган эътибор бунга ёрқин мисолдир.

«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди бу борадаги вазифаларни кенг йўлга қўйиш мақсадида қатор давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Фонд томонидан жорий йилнинг ўтган даврида чекка ҳудудларда ташкил этилган тиббий лойиҳаларда уч мингдан зиёд аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилганлиги катта аҳамиятга эгадир.

Энг улуҒ неъмат

Поезд Тўрткўл туманига етиб келди. Вокзал байрамона безатилган. Ҳамманинг кўзида ҳаяжон, қувонч, мамнуният… Айниқса, мезбонларнинг бу учрашувга ўзгача тайёргарлик кўрганлиги нигоҳларидан сезилиб турарди. Меҳрнинг қудратини қарангки, улар билан худди узоқ йиллик қадрдонлардек кўришиб, бир зумда самимий суҳбат бошланди.

Дарҳақиқат, мазкур хайрия акцияси юртимизда инсон ва унинг манфаатлари нечоғли улуғ эканидан бир нишонадир. «Саломатлик» поезди доирасида амалга оширилаётган тиббий ва инсонпарварлик ёрдамлари мамлакатимизнинг олис ва экологик жиҳатдан шароити ноқулай бўлган чекка ҳудудларида ҳам соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юртимиз келажагига ўз ҳиссасини қўшадиган баркамол авлодни вояга етказишда муносиб хизмат қилаётир.

Бу галги «Саломатлик» поезди таркибидаги малакали шифокорлар Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда фонднинг ҳудудий филиали тиббий-ижтимоий патронаж бригадасининг тажрибали мутахассисларидан ташкил топган. Улар аҳолини, жумладан, аёллар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, эҳтиёжманд аҳолига манзилли ёрдам кўрсатди. Шу муносабат билан Оролбўйида «Саломатлик кунлари» уюштирилди. Унда аҳолининг тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини кўрикдан ўтказиш, соғломлаштириш ишлари олиб борилди. Поездда тиббий кўрикларни юқори савияда ташкил этиш, замонавий тиббий-диагностика воситалари ёрдамида касалликка аниқ ташхис қўйиш, хасталикни эрта босқичларда аниқлаш ва соғломлаштириш имконияти мавжуд.

Яна ўқинг:  Таълим тараққиётининг ҳуқуқий кафолати

– Ушбу акциямиз давомида 1 минг 757 нафар кишига сифатли тиббий хизмат кўрсатилди, – дейди «Ўзбекистон темир йўллари» ДАКнинг «Саломатлик» тиббий санитария ёрдам поезди шифокори Умаржон Алимжонов – Тиббий кўрикдан ўтганларнинг 495 нафарини аёллар (улардан 335 нафари фертиль ёшидаги аёллар), 456 нафарини болалар ва ўсмирлар ҳамда 807 нафарини эркаклар ташкил этди. 141 нафари қариялар, 11 нафари эса ногиронлардан иборат.

Тадбир давомида никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, саломатликни асрашга муносабат, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, келажак насллар саломатлигига эътибор мавзуларида суҳбатлар, учрашувлар, тадбирлар ўтказилди.

Маълумки, чекка, экологик шароити ноқулай бўлган ҳудудларда яшовчи аҳолига малакали мутахассислар томонидан тиббий ёрдам кўрсатишда замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида текширувлар ўтказиш катта аҳамият касб этади. Шу боис тиббий кўрик давомида аниқ лаборатор таҳлилларга ва замонавий текшириш усулларига таянган ҳолда ташхислар қўйилади. Жумладан, 313 нафар фуқаро ЭКГ текшируви, 529 нафар фуқарога 2 минг 625 та УТТ текшируви ҳамда 720 нафар фуқарога 2 минг 160 та лаборатория текширувлари ўтказилди.

«Саломатлик» поезди таркибида «Дори-дармон» акциядорлик компанияси, «Baxtteks-Farm» ва «DiyorBiznes» масъулияти чекланган жамияти ҳамда бир қатор халқаро ташкилотлар маҳсулотлари асосида мурувват юклари етказилди.

Мурувват сарҲад билмайди

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоялаш фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир. Шу боис мамлакатимизда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлар ҳамда ёлғиз қарияларга инсонпарварлик, меҳр-мурувват ёрдамларини кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

– Ушбу хайрия акцияси давомида аҳолига ва даволаш профилактика муассасаларига 34,7 миллон сўмлик озиқ-овқат, кийим-кечак, турли мавзудаги буклетлар, 465 минг 250 АҚШ долларига тенг бўлган дори-дармон, тиббиёт жиҳозлари, санитария-гигиена воситаларидан иборат мурувват юклари етказиб берилди, – дейди «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди «Оналик ва болалик» бўлими бошлиғи Жумабек Нуров.

Акция давомида Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа, Амударё туманларидаги «Меҳрибонлик», «Мурувват» ва «Саховат» уйлари, даволаш-профилактика муассасалари, туғруқ комплекслари, имконияти чекланган болалар мактаб-интернатларига тиббий анжомлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва бошқа жиҳозлар етказиб берилди.

КЎнгилдан дарак

Фонднинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси мутахассислари билан ҳамкорликда Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа, Амударё туманларининг узоқ ва чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолига, айниқса, аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш билан бир қаторда кам таъминланган, ногирон ва боқувчисини йўқотган оилаларга жами 1 минг 834 нафар фуқарога шундан 600 нафарига манзилли тарзда озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон, уй-рўзғор анжомлари ва санитария-гигиена воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдамлари топширилди.

Яна ўқинг:  Бардавом қадриятлар

Тўрткўл тумани «Мискин» станцияси «Оққомиш» ОФЙда истиқомат қилувчи Расул Аманов хонадонига маҳалла оқсоқоли ҳамроҳлигида йўлга тушдик. Бу оилага ногиронлар аравачаси топшириб хонадон эгалари билан бироз суҳбатлашдик.

– Биринчи фарзандим – Асилбек дунёга келганида беҳад қувонгандик, – дейди Манзура Аманова. – Бироқ вақт ўтиши билан унда руҳий ва жисмоний нуқсон борлиги аниқланди. Шифокорлар унинг юролмаслигини айтишди. Ўтган вақт давомида бизга ҳукуматимиз томонидан юксак эътибор кўрсатилди. Асилбек доимий назорат остида. Ҳозирда ўзини яхши ҳис қиляпти. Ҳукуматимизнинг бизларга кўрсатаётган ушбу ғамхўрлигидан миннатдормиз.

Мазкур хонадондан чиқар эканмиз Асилбек юзида табассум ила биз билан хайрлашди. Энди одимларканман, қулоғимга бир сўз чалинди: «Раҳмат, яна келинглар». Албатта, келамиз. Фақат биз келганда югуриб олдимизга чиқиб оласан, деган гап менинг кўнглимга ҳам илиқлик бағишлади.

ЙЎл якуни

Ҳаёт давомийлигининг асоси бўлган аёлни, наслимиз давомчиси фарзандларимиз саломатлигини асраш – бу миллатни, халқни асрашдир. Бинобарин, аёлга, онага ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш халқимизнинг азалий қадриятларидан. Президентимиз томонидан 2014 йилнинг мамлакатимизда Соғлом бола йили, деб эълон қилиниши замирида ҳам ана шундай юксак эътибор ва ғамхўрлик мужассам.

Ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом ва интеллектуал шахс этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини малакали тиббий хизмат билан қамраб олиш бу олис сафаримизнинг олий мақсади эди.

Наврўз НОРБОБОЕВ,

«Соғлом авлод» мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: