Одобни одобсиздан ўрганмоқ керак…

Халқимизда бирор яширин иш ёки жиноят ошкор бўлганда “миси чиқди” ибораси қўлланилади. 1987-йилдан  буён Хонқа туман ДСЕНМ да фаолият олиб бораётган Худойбердиев Улугбек (исм-фамилиялар ўзгартирилган)нинг уйидан мис эмас, жиноятга далил бўлувчи 12 дона 1.2 грамм кўп миқдордаги ампула “Трамадол 3н” гиёҳвандлик воситаси ва 135 минг сўм пул топилди…

2019-йил 22-Май куни соат 10:30да Худойбердиев Улугбек ҳамкасби Солиева Раъно (исм-фамилиялар ўзгартирилган) билан ўтирарди. Шу пайт  Солиева Раънонинг телефони жиринглаб қолади-ю, маҳалласида киракашлик қилувчи “Санъат” (А.Бекчанов) ундан “Трамадол 3н” дорисини топиб беришини сўрайди.  Раъно билан Санъатнинг телефондаги суҳбатини эшитган Худойбердиев Улугбек  ўзида  вафот этган синглисидан қолган “Трамадол 3н” борлигини айтади. Сўнг Худойбердиев Улугбек  ҳамкасби Солиева Раъно билан жиноий тил бириктириб, Хонқа туман деҳқон бозори ёнида А.Бекчанов билан учрашишади. 1 дона  0,1 грамм кўп миқдордаги ампула “Трамадол-3н”  гиёҳвандлик воситасини 30.000 сўм пулга келишиб, жами 5 дона 0,5 грамм кўп миқдордаги ампула  “Трамадол-3н” гиёҳвандлик  воситасини 150.000 сўмга қонунга хилоф равишда сотишади.

2019-йил 25-май куни Худойбердиев ишхонасида ўтирганида ҳамкасби Ш.Ўринова Солиева Раъно уни телефонда сўраётганини айтиб, телефонини ташлаб чиқиб кетади. Телефонда Солиева Худойбердиевга  А.Бекчанов ишхона олдида турганлигини,  “Трамадол-3н” дорисини бериб юборишини айтади. Сўнг Худойбердиев Ш.Ўриновани чақириб, уйидан олиб келган  “Трамадол-3н” дорисини оқ қоғозга ўралган ҳолда  бериб, нималигини айтмай, А.Бекчановга олиб тушиб беришини тайинлайди. Яъни жиноят яна қайталаниб, Худойбердиев ва Солиевалар А.Бекчановга 1 дона  0,1 грамм кўп миқдордаги ампула “Трамадол-3н”  гиёҳвандлик воситасини 30.000 сўм пулга келишиб, жами 5 дона 0,5 грамм кўп миқдордаги ампула  “Трамадол-3н” гиёҳвандлик  воситасини 150.000 сўмга  сотишади.

Гарчи жиноий шериклар Худойбердиев ва Солиева судда ўз айбларига қисман иқрор бўлган бўлсалар-да, топилган ашёвий далиллар, экспертиза хулосалари, гувоҳларнинг кўрсатмалари туфайли жиноят тўлиқ ўз тасдиғини топди.

Суд Худойбердиев Улугбек ва Солиева Раънога тегишли жазо тайинлаб ҳукм ўқиди. Одобни одобсиздан ўрганмоқ керак, дейишади. Бугун пушаймонлик кўз ёшлари юзларини ювган шахсларнинг издан чиққан ҳаётлари барчамизга кўз оқига игна билан ёзгулик ибрат бўлди.

М.Қиличев,

Жиноят ишлари бўйича Хонқа туман суди судьяси

Яна ўқинг:  Харид қилган МАҲСУЛОТИНГИЗ СИФАТЛИМИ?

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: