Ички туризм: ҳар манзили саёҳатбоп, ҳар ҳоки бир зиёратгоҳ

“Юрган дарё – ўтирган бўйра”, дейди доно халқимиз. Дарҳақиқат, инсон орзулари сари олға интилса, ҳаракат қилса, албатта, ўйлаган эзгу мақсадларига етади.

Бу йил соғиниб кутганимиз баҳор фасли ўзгача келди. Наврўз байрамининг ҳар йилгиданда кўтаринки руҳда нишонланиши ҳам одамларимиз қалбига олам-олам қувонч, хурсандчилик улашди. Президентимиз ташаббуси билан байрам арафасидаги дам олиш кунларининг узайтирилиши, юртдошларимизни бутун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишлари учун имкон яратди. Айём кунлари диёримизнинг кўҳна кентлари, у ердаги қадимий обидалар, сайлгоҳ-у майдонлар, зиёратгоҳлар маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар билан гавжум бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси, “Ўзбекистон темир йўллари” ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорликда аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши, ички туризмни ривожлантириш, фуқароларимизнинг мамлакатимиз бўйлаб саёҳат қилишлари учун қулай шароит яратиш, уларнинг транспорт, меҳмонхона ҳамда жамоат овқатланиш шохобчаларида кўрсатиладиган хизматларни махсус чегирма орқали тақдим этиш тизими ишлаб чиқилгани айни муддао бўлди.

Кўҳна ва боқий Бухорода ўтказилган Наврўз сайлини шу ерлик аҳоли, маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар ҳали узоқ вақт эслаб юрса ажаб эмас. Бу ерда ташкил этилган “Варраклар сайли”, “Сумалак сайли”, “Палов сайли”, “Ёш ошпазлар танлови”, “Наврўз – менинг нигоҳимда”, “Наврўз дастурхони”, “Наврўз ялласи”, “Миллий либослар”, “Ёшлар маҳорати”, Жонли табиат”, “Наврўз ва ёшлар ижодиёти”, “Ёшлик шижоати” спорт мусобақаси, “Қўғирчоқ театри” ҳамда “Қувноқ ёшлар театри” каби лойиҳаларни ўз ичига қамраб олган томошалар барчага чинакам байрам кайфиятини улашди.

 

– Юртимизнинг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Бухорога Наманган вилояти Чуст туманидан оилавий саёҳатга келдик, – дейди Зарнигор Абдувоҳидова. – Бу ажойиб шаҳардаги қадимий обидалар, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб, руҳан тетик бўлдим. Ўзимни худди эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этдим. “Кўҳна ва боқий Бухоро” монументи, “Пахтаой” болалар боғи, “Фавворалар” майдони, қадим “Арк” қўрғонидан тортиб, Лаби-Ҳовуз бўйлари ва бошқа қатор манзиллар Наврўз байрамида нафақат ўзбекистонлик, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам ўзига оҳанрабодек тортмоқда. Дам олиш кунимиз мазмунли ўтганидан беҳад шодмиз.

 

Кўҳна кент – азим Самарқандда фасли навбаҳорнинг шукуҳли ва тароватли, эзгу ният ва боқий қадриятларни ўзига жо этган Наврўзи олам ўзига хос тарзда нишонланди.

Байрам арафасида Самарқанд шаҳрига келган чет эл фуқаролари ўртача 5 минг нафар, маҳаллий зиёратчилар эса 18 минг нафарни ташкил қилди. Шаҳардаги 79 та меҳмонхонага 2 мингдан ортиқ хорижий, 5 мингдан ортиқ маҳаллий меҳмон жойлаштирилди.

Қолаверса, Президентимиз саъй-ҳаракатлари билан яқин қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқаларнинг йўлга қўйилгани боис, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистондан кўплаб фуқаролар шаҳарда меҳмон бўлди.

Яна ўқинг:  Ғамхўрлик

 

Самарқанд шаҳрига азим пойтахтдан меҳнат жамоамиз билан саёҳатга келдик, – дейди Мафтуна Ражабова. – Ҳамкасблар билан она замин сайқали бўлмиш – Самарқанднинг диққатга сазавор жойларини, муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиб, бир олам таассурот олдик. Айниқса, Бибихоним мажмуасидан олган ҳайратим сизга сўз билан таърифлаб бера олмайман.

 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан ёшлар ўртасида ички туризмни ривожлантириш ва фаол дам олиш йўналишлари бўйича манзилли режа ишлаб чиқилиб, туман ва шаҳар марказларида мустақиллик йилларида барпо этилган иншоотлар, музейлар ҳамда тарихий обидаларга саёҳатлар ташкиллаштирилди. Бу каби тадбирларга, жами 58 минг нафардан зиёд фаол ёшлар жалб этилди.

 

Саёҳатимиз кутганимизданда мароқли ўтди. Синфдошларимиз билан “Оқсарой”, “Кўк гумбаз”, Амир Темур музейи, “Дор-ул тиловат”, “Дор-ул саодат”, Амир Темур даҳмаси каби бир қанча тарихий обидаларни зиёрат қилдик. Ушбу саёҳат биз ёшларни юртга муҳаббат, ота-боболаримизга муносиб авлод бўлиб ўсиб-улғайишимизга хизмат қилади, десам янглишмайман, – дейди Қарши туманидаги 10-ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Шоҳжаҳон Норматов.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан 450 нафар ёшларнинг Шаҳрисабз шаҳрига, 360 нафар ёш сайёҳатчининг Самарқанд вилоятига, 320 нафарининг эса Бухоро вилоятига саёҳатлари ташкил этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ёшлар туризми агентлиги ҳамкорлигидаги лойиҳа доирасида Қозоғистондан келган 18 нафар ёш турист Шаҳрисабзнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилди. Қозоғистоннинг иқтидорли ёшлари, Президент стипендияси соҳибларидан ташкил топган ушбу гуруҳ Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларини томоша қилиб, бир олам таассурот олди.

Буюк ипак йўлида жойлашган – очиқ осмон остидаги музей саналмиш Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳам сайёҳларнинг энг севимли масканларидан саналади. Қувонарлиси, дам олиш кунлари ушбу қутлуғ маскан ҳам сайёҳлар билан гавжум бўлди.

 

– Хива манзараларини ойнаи жаҳон орқали жуда кўп томоша қилганман. Унинг ажабтовур бинолари, миноралари кишини ўзига мафтун этади. Анчадан бери ушбу шаҳарни ўз кўзим билан кўришни орзу қилар эдим. Мана ниятимга етдим. Курсдошларимиз билан Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳи, “Кўҳна Арк” мажмуаси, Хива хонларининг машҳур “Тошҳовли” саройи, “Калта минор” иншооти, “Жума масжид” жомеъ масжиди, “Оллақулихон”, Муҳаммад Аминхон мадрасаларини мириқиб айландик, эсдалик учун суратларга тушдик, – дейди Элдор Усмонов.

 

Қолаверса, айём кунлари Урганч шаҳридаги Жалолиддин Мангуберди ёдгорлиги ва “Авесто” боғ мажмуаси ҳам зиёратга келганларнинг севимли масканига айланди.

Яна ўқинг:  Илгирлик – фирибгарлик... ми?

Қадимий шаҳарларнинг пайдо бўлиши, уларнинг тарихи билан яқиндан танишиш, қадамжоларни зиёрат қилиш инсон дунёқарашига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Зеро яхши дам, инсонни буюк ишлар сари ундайди.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: