Фарзандлари соғлом юрт

«Жамиятнинг ҳақиқий бойлиги, бу – инсон, инсон авлодидир. Кишилик жамияти эл-юртига, Ватанига садоқатли, иймон-эътиқоди бутун, мард ва жасур, малакаси етук, маънавияти юксак инсонлар билан ҳақли равишда фахрланади. Бу улуғвор, бетимсол бойлик ҳар қайси давлатнинг қудратли салоҳият манбаидир».

Президентимиз Ислом Каримовнинг мустақил давлатимиз тарихидаги илк юксак нишон – «Соғлом авлод учун» орденини топшириш маросимидаги бу сўзларида мамлакатимизнинг стратегик мақсади, давлат сиёсатининг устувор йўналиши ўз ифодасини топган.

Албатта, бундай улуғвор мақсадга бирданига эришиб бўлмайди. Бунинг учун узоқ вақт ва кенг миқёсдаги кўпдан-кўп вазифаларни бажариш талаб этилади.

«Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» китобида қайд этилган қуйидаги фикрлар бу ҳақда яққол тасаввур беради. 1990 йил 4 июнда бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов ўша пайтдаги долзарб масалаларга эътиборни қаратган эди: «Ижтимоий ин­фраструктура тармоқлари: соғлиқни сақлаш, халқ таълими, мактабгача болалар муассасалари жуда оғир аҳволга тушиб қолган. Мактаб ва касалхоналарнинг 60 фоизи нобоп биноларда жойлаштирилганини айтишнинг ўзи кифоя. Жуда ўткир иқтисодий ва ижтимоий муаммолар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Буни аввало шундан кўрса бўладики, инсоннинг ҳар томонлама уйғун камол топиши, унинг шахс сифатида маънавий ривожланиши у ёқда турсин, кўпинча яшаши учун керак бўлган энг оддий нарсалар ҳам етишмаяпти».

Бу ўша даврда иқтисодий-ижтимоий аҳвол, халқ дарди, инсон қадр-қимматига эътиборсизлик қай даражада бўлганини кўрсатади.

…Яқинда фарзандларимнинг шўх-шодон ўйинларини кузатиб, завқ туйган отам «Худо мени шу кунларни кўришим учун қайтиб берган экан-да», деб қолди. Сабабини сўрасам, чуқур хўрсиниб жавоб берди:

– Илгари ҳамма аёллар далада ишлар эди, – дея болалик йилларини хотирлади отам. – У пайтлар ҳозиргидек она ва бола саломатлиги, туғруқ таътили деган гаплар йўқ, оналар чақалоғининг чилласи чиқар-чиқмас яна далага чиқиб кетарди. Мен ҳам дала четидаги толбеланчакда катта бўлганман. Момонг раҳматлининг айтишича, икки ойлик чоғимда мени қаттиқ иссиқ урган, қандайдир мўъжиза туфайли омон қолган эканман. Онам бечора шундан кейин ҳам даладан бери келолмай, заҳар сепилган пахтазорда ишлаб, мени эмизиб кетаверган. Чунки у пайтлар шароит шундай бўлган. Одамлар эркин фикрлаш, эркин касб танлаш ҳуқуқидан маҳрум, адолатсиз меҳнат шароитларида ишлашга маҳкум эди.

Яна ўқинг:  Сулоланинг муносиб давомчиси

Табиийки, бундай оғир вазият аҳоли саломатлигига, ёш авлод камолотига таъсир этмай қолмаган. Ўтган асрнинг 80-йилларида аҳолининг касалланиш кўрсаткичлари, аёллар ва болалар ўлими ғоят юқори даражага етган.

Юртбошимиз мустақиллигимизнинг илк кунларидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, миллат генофондини соғломлаштириш масаласини давлат сиёсати даражасига кўтарди. Ўзбекистон фарзандларининг соғлом туғилиши ва соғлом улғайишига шароит яратиш учун катта куч ва маблағлар йўналтирилди.

Ўтган йиллар давомида бу олижаноб мақсад йўлида улкан ишлар амалга оширилди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, таълим тизимини такомиллаштириш, болалар спортини ривожлантириш каби йўналишлардаги изчил ислоҳотлар бир-бирини тўлдириб, узвий тизим шаклини олди. Бугун юртимизнинг барча ҳудудларини қамраб олган замонавий тиббий марказлар, таълим муассасалари, спорт иншоотлари ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «Соғлом она – соғлом бола» ғояси асосида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом оилани шакллантириш, ирсий касалликларнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган замонавий скрининг марказлари, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Репродуктив саломатлик маркази, уларнинг минтақавий филиалларида оналар ва чақалоқларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ёш авлодни комил инсонлар этиб тарбиялаш, жамиятда соғ­лом муҳитни қарор топтиришнинг асосий воситаси сифатида мамлакатимизда спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз томонидан асос солинган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жам­ғармасининг фаолияти умуммиллий ҳаракатга айланди. Айни пайтда бу жараён таълим-тарбия тизими билан мутаносиб равишда олиб борилаётгани унинг аҳамиятини янада оширмоқда.

Барча ҳудудларда, хусусан, чекка-чекка қишлоқларда ҳам замонавий спорт мажмуаларининг бунёд этилаётгани ва зарур анжомлар билан таъминланаётгани натижасида болаларнинг спорт билан шуғулланиш имкониятлари тобора кенгаймоқда. Бугунги кунда таълим тизимидаги спорт иншоотлари, мактаб спорт заллари ва сузиш ҳавзаларининг умумий сони 10 мингдан ошиб кетди.

Уларнинг сифати, жиҳозланиши ва фойдаланиш самарадорлиги каби масалалар ҳам борки, бу жиҳатларни илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Спорт мажмуаларимиз 120 турдаги спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминланган. 1 миллион 800 минг нафардан зиёд бола спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.

Бу борадаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар самараси фарзандларимизнинг саломатлигида, жисмоний кўрсаткичларида ҳам намоён бўлмоқда. Ҳар йили мактаб ёшидаги болалар ўртасида ўтказиладиган профилактик кўрик натижаларига кўра, сўнгги ўн йилда ўқувчилар ўртасида ўткир респиратор вирусли инфекциялар, пневмония, бронхит, сколиоз билан касалланиш ҳолатлари кескин камайган.

Яна ўқинг:  КОЛЛЕЖДАГИ СОFЛОМ МУҲИТ

Ўртача вазн кўрсаткичи 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида 43 килограммдан 47 килограммга, қизлар ўртасида эса 44 килограммдан 48 килограммга ортган. Болаларнинг бўйи ўғил болалар ўртасида ўртача 3 сантиметрга, қизлар ўртасида эса 2,9 сантиметрга ўсган. Ҳозирги вақтда 92 фоиз ўғил-қизларимизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.

Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик: бундан 20-25 йил олдин болалар саломатлиги қай аҳволда эди-ю, бугун қай даражага етди? Илгари болалар қай ҳолатда улғаярди-ю, бугун қандай шароитларда вояга етмоқда? Кеча ким эдиг-у, бугун ким бўлдик?

Бу саволлар бизни бир ҳақиқат сари бошлайди – мустақилликнинг қадр-қимматини, бу неъмат бугунимиз ва келажак авлодларимиз учун нақадар муҳим эканини теранроқ англаймиз, ҳис этамиз.

Яқинда интернет тармоғида шундай маълумот ўқиб қолдим. МДҲ давлатларининг бирида армия ёшига етган йигитларнинг учдан икки қисми ҳарбий хизматга яроқсиз, деб топилибди. Бошқа бир мамлакатда эса бор-йўғи 15 фоиз ёшларнинг соғлиғи ҳарбий чақирув талабларига жавоб берар экан. Улар ҳам имкон қадар армияга бормасликка ҳаракат қилаётган, бунга йўл қўймаслик учун полиция ходимлари жалб этилаётган экан.

Президентимиз, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида миллий армиямизнинг жанговар имкониятлари, ҳарбий жамоалардаги маънавий-ахлоқий муҳит тубдан ўзгарди. Қуролли Кучларимиз ёшларда мустаҳкам ирода ва характерни шакллантирадиган, жисмоний чиниқиш ва юксак инсоний фазилатлар камол топадиган ўзига хос мактабга айланди.

Ёшларимиз орасида армияда хизмат қилишга қизиқиш ва интилиш тобора кучайиб бораётир. Бунинг натижасида аскар бўлиш учун ўзига хос соғлом рақобат юзага келди. Ҳарбийга чақирилувчилар муддатли ҳарбий хизматга тиббий, жисмоний ва интеллектуал кўрик асосида саралаб олинмоқда.

Эътиборлиси шундаки, мамлакатимизда бу талабларга жавоб берадиган ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2003 йилда ҳарбий хизматга яроқли деб топилган йигитлар 67,6 фоизни ташкил этган бўлса, 2012 йилда бу кўрсаткич 82,5 фоизга етган.

Бу шунчаки оддий рақамлар эмас. Уларнинг замирида мустақиллик йилларида юртимизда дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил ишлар, тинимсиз меҳнат мужассамдир. Айни пайтда бу спорт ёш авлоднинг саломатлиги ва жисмоний ривожланишига нақадар ҳаётбахш таъсир кўрсатаётганининг яна бир ёрқин далилидир.

Яна ўқинг:  CОБИТҚАДАМ ҲАМКОРЛИК дўстона алоқаларни мустаҳкамлайди

Албатта, бугун спорт билан шуғулланаётган ёшларнинг ҳаммаси ҳам ҳарбий касб­ни танламас ёки етук спортчи бўлмас. Аммо жисмоний машқларда тобланган ҳар бир ўғил-қиз келажакда ҳаётнинг турли синовларига чидамли, мард ва қатъиятли бўлиб камолга етади. Ўз олдига қўйган мақсадларга эришади. Турмушидан, Ватанидан рози бўлиб яшайди, бунёдкорлик билан машғул бўлади. Келажакда ўз фарзандларини ҳам ана шундай руҳда тарбиялайди.

Бундай ноёб фазилатларга эга авлодни тарбиялаб вояга етказаётган халқ келажакка очиқ кўз, катта ишонч билан қараши табиий. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлади.

Анвар САМАДОВ,

ЎзА шарҳловчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: