Тиббий таълим: соҳадаги ислоҳотлар – тараққиёт мезонидир

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Тиббий таълимдаги ислоҳотлар – мамлакатимиз тиббиёт соҳасининг тараққиёт мезонларидан бири” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Б.Юсупалиев ва бошқалар мамлакатимизда тиббиёт ходимларини тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тиббий таълимни ислоҳ қилиш ва уни дунё стандартлари даражасига етказиш бўйича берган топшириғи юзасидан олиб борилган ишлар, тизимда кутилаётган ўзгаришлар ва уларнинг натижалари хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Президентимизнинг шу йил 5 майдаги «Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-табирлари тўғрисида»ги қарори ушбу йўналишда муҳим бурилиш ясаб бергани қайд этилди.

Таҳлиллар олий тиббий таълим муассасаларида бакалавриат босқичининг 7 йил давом этиши замон талабларига тўғри келмаслиги билан бирга, ушбу таълим учун асосланмаган ҳолда ортиқча молиявий маблағларни ҳам талаб этаётганини кўрсатмоқда.

Юқоридаги қарорга асосан, 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб ўқиш муддати даволаш иши, касб таълими, ҳарбий-тиббиёт иши, педиатрия иши йўналишида 6 йил, тиббий профилактика иши йўналишида эса 5 йил, тиббий-биологик иш йўналишида 4 йил этиб белгиланди.

Мамлакатимизда 7 та олий тиббий таълим муассасаси ҳамда уларнинг ҳудудий филиалларида ҳар йили 2 мингдан ортиқ ёш мутахассис тайёрланмокда. Аммо жойларга чиқиб мавжуд ҳолат ўрганилганда, соғлиқни сақлаш соҳасининг бирламчи тизимида кадрлар таъминотида номутаносиблик борлиги маълум бўлди. Шу нуқтаи назардан Президентимизнинг жорий йил 5 майдаги «2017-2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида»ги қарори кадрлар таъминотини яхшилашда муҳим ҳужжат бўлди. Унга мувофиқ, 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт кадрларига талаб юқори бўлган ҳудудлар учун биринчи марта давлат гранти асосида бакалавриат йўналишига қабул амалга оширилди.

Тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун мавжуд 3 минг 445 ўринга 44 минг 409 абитуриент ҳужжат топширгани жорий ўқув йили учун қабул ҳар йилгидан-да қизғин кечганидан далолат беради.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилаётган тиббий таълимни комплекс ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар юқори малакали кадрлар етишмовчилигини бартараф этишга, таълим муассасалари кадрлари салоҳиятини оширишга ва давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланишига хизмат қилади.

Тадбирда мутахассислар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Яна ўқинг:  Тошкентдаги Инха университети Google I/O 2017 extended анжуманига мезбонлик қилади

Н.НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: