Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ишни нимадан бошлаган маъқул?

Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, хусусий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда юритиш учун қўшимча равишда қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида кредит тизими соддалаштирилмоқда. Шу сабаб ҳозирда фуқароларимиз орасида тадбиркорлик фаолиятига қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

Аммо тадбиркорликни энди йўлга қўймоқчи бўлган юртдошларимиз ишни нимадан бошлашни билмай қийналишади Шуни инобатга олиб, уларни қизиқтираётган саволларга мутахассислар ёрдамида жавоб олишга ҳаракат қиламиз.

 

Тадбиркор бўлиш учун энг аввал қаерга мурожаат қилиш зарур?

Аввало ҳар бир фуқаро турли масала ва муаммолар юзасидан ўзи яшаб турган манзилдаги МФЙга мурожаат қилади. Чунки, ҳозир юртимизда маҳалла институтига кўплаб ваколатлар берилган.

– Бир қанча фуқароларимиз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва бу бўйича керакли маслаҳатлар олиш мақсадида маҳалла идорамизга келишмоқда, – дейди пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги “Шуҳрат” МФЙ раиси Нуржон Нажимов. – Бизнес қилмоқчи бўлган шахслардан ўз ёрдамимизни аямаймиз. Биринчи навбатда уларга маҳалламиз яқинидаги банкларнинг манзилини берамиз. Кейин эса қайси турдаги кредит фойдали ва маблағи қанча эканлиги хусусидаги маълумотлар билан таништирамиз. Шундан сўнг улар ўзи истаган кредит турини танлаб, ўз фаолиятини йўлга қўйиши мумкин бўлади.

 

Корхона қандай ташкил этилади?

Мамлакатимиздаги ҳар бир туман ҳокимиятлари қошида “Ягона дарча” хизмати ташкил этилган. Тадбиркор бўлмоқчи бўлган барча фуқаролар, ўзлари ташкил этаётган корхонани рўйхатдан ўтказиш учун ушбу хизматга мурожаат қиладилар.

Корхона ёки фирма очмоқчи бўлган фуқаро энг аввало унга ном қўйиши керак бўлади. Агарда у янги иш ўринлари яратмоқчи бўлса, корхонани маъсулияти чекланган жамият деб рўйхатдан ўтказади. Барча ҳужжатлар расмийлаштирилгач, ўзларига маъқул келган банк билан шартнома тузиб, ҳисоб рақамига эга бўлади.

 Ушбу босқичлардан сўнг банкка кредит олиш учун мурожаат қилиш мумкин. Ҳар бир банкда кредит бўлими ташкил этилган бўлиб, мутахассислар бўлажак тадбиркордан ўз тавсияларини аямайдилар.

 

– Тадбиркорликни ривожлантириш тўғрисидаги қарорга мувофиқ ҳозирда нафақат юридик, балки жисмоний шахсларга ҳам кредит ажратилмоқда, – дейди Ипотека банкининг Шайхонтоҳур филиали кредит бўлими бош мутахассиси Отабек Бўрибоев. – Хонадонида қорамол ёки паррандачилик ва яна бошқа хўжалик тури билан шуғулланмоқчи бўлганлар учун алоҳида имтиёзлар белгиланган. Уларга патент очиш, бизнес режа тузиш каби қўшимча ҳужжатлар талаб этилмайди. Фақат ўз яшаш жойидаги маҳалласидан тавсиянома олиб келиши талаб этилади. Ана шу ҳужжатлар билан кредит олиш имконига эга бўладилар.

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2015-23)

Аҳоли ўртасида йирик тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган, ўз корхонасини ташкил этиш истагида юрган кўплаб фуқароларимиз бор. Уларга юқорида келтирган талаблардан ташқари бизнес режа тузиш тавсия этилади.

 

Бизнес режа қандай тузилади?

Бизнес режа бу – ўзи амалга оширмоқчи бўлган тадбиркорлик иши ҳақидаги ёзма ёки ҳисобот шаклидаги маълумот. Унда ўз фаолиятининг аниқ мақсади, лойиҳага қанча маблағ кетиши, даромади ва эҳтиёжлари батафсил акс этади. Асосийси, банк томонидан олинган кредитни маълум вақт мобайнида тўлиқ қайтарилишини ҳужжатда кўрсата олиши зарур бўлади. Бундан ташқари банкка патент(фаолият турини) тасдиқловчи ҳужжат, бизнес режа, ўз номига очилган ҳисоб рақамини тасдиқловчи гувоҳнома билан мурожаат қилсалар, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кредит олиш имконига эга бўладилар.

Кредит ажратилишидан аввал банк кредитни кимга, нима мақсадда бераётганини билиши керак. Ноқонуний мақсадда ишлатилмаслигини назоратга олиш учун банк мутахассислари барча иш жараёнидан хабардор бўлиши лозим.

 

Чарос ХУШВАҚТОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: