Устозга ким қўл кўтаради ёхуд яна тарбия масаласи хусусида

Яқин бир ўртоғимнинг айтишича, тунов куни унинг аёли ишлайдиган мактабда бир нохуш воқеа содир бўлибди. Маълум бўлишича, ўқитувчи дарс машғулотларига халақит бераётган ўқувчини қаттиқроқ оҳангда тартибга чақирган экан, ёш қиз шартта ўрнидан туриб, ҳеч нима демасдан дарсдан чиқиб кетибди. Бироз вақт ўтиб, фарзанди билан қайтиб келган она мактаб раҳбариятининг қаршилигига қарамай, эркак устозга “Ҳали сенми мени қизимга танбеҳ берадиган?” дея қўл кўтарибди.

Бу тўполоннинг овозасидан бутун мактаб оёққа турган, ўқитувчилар эса қизнинг онасини ҳовуридан тушириш учун анча вақт овора-ю сарсон бўлибди.

Тўғрисини айтсам, бу воқеани эшитиб, ҳайратдан ёқамни ушладим. Ўқитувчининг ҳолатини тасаввур қилиб, дилим оғриди. Унинг “устоз” деган мақомига путур етганидан қаттиқ ранжидим.

Биламизки, халқимиз азал-азалдан бу мўътабар касб эгаларига юксак эҳтиром кўрсатган. Устоз-шогирдлик тушунчаси юксак миллий қадриятларимиздан ҳисобланиб, бунда асрлар давомида шаклланган тартиб-қоидаларга амал қилинган. Ота ўз ўғлини устозга шогирдликка бераркан, “эти сизники, суяги бизники”, дея лутф қилган. Бу билан муаллимга ўғлининг келажак тақдирини бус-бутун ишониб топшираётганини билдирган. Устоз ҳам шогирди тақдирига ўзини масъул билиб, бор билимини унга “юқтириш”га интилган. Оилавий муҳитда етарли талабчанлик кўрмаган болани қатъий тартиб-қоидага кўниктирган.

“Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур, агар устоз рози – Тангри розидур”, дейди Алишер Навоий ҳазратлари ҳам.

Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” китобида ҳам устоз қандай бўлиши, шогирдлик шартлари нималардан иборат экани ҳақида қуйидагича маълумот берилган: “Агар шогирдлик биноси ниманинг устига қурилади, деб сўрасалар, иродат устига, деб айтгин. Иродат нима деб сўрасалар, устоз нимаики айтса, уни жон қулоғи билан эшитиш, чин кўнгил билан қабул қилиш ва вужуд аъзолари орқали амалда адо этишдир”.

Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳазратлари ўртасидаги устоз-шогирдлик муносабатларини ҳам бир эсланг: Навоий ҳаётда ҳам, ижодда ҳам устозига ихлосманд шогирд эканини намоён этади.

Илм истаб Самарқандга келган Қозизода Румий шаҳзода Улуғбекка устозлик қилди. Фалакиёт ва математика фанларидан чуқур билим берди. Мирзо Улуғбек тахтга ўтиргач, устози кўрсатмалари билан иш тутиб, илм-фан ривожига катта ҳисса қўшди. 1420 йил бунёд этилган мадрасага Қозизода Румийни бош мударрис қилиб тайинлади. Кейинчалик устоз-шогирд ҳамкорлигида расадхона қурилди. Самарқанд фалакиёт ва математика академияси ташкил бўлди. Улуғ устозларнинг оламшумул янгиликларини янги шароитда такомилга етказди. Унинг хизматлари туфайли Самарқанд олимлари эришган ютуқлар Европага, сўнг бутун дунёга ёйилди. Юртимиз тарихи саҳифаларидан бу каби мисолларни кўплаб топиш мумкин.

Хўш, ажодларимиз юксак эҳтиром кўрсатган ушбу касб эгаларига бугун жамиятимизда нега муносабат буткул ўзгарди? Қачон ўзгарди? Нега ўзгарди? Наҳотки, “Устоз отангдай улуғ” деган панд эскирган бўлса?

Жамиятимизда юқоридаги каби дилни хира қиладиган воқеалар ёш авлод онг-у шуурига салбий таъсир кўрсатишини ҳеч ўйлаб кўряпмизми? Бундан боланинг ўй-хаёлида муаллимга нисбатан қандай фикр, ҳурмат шаклланади? Устозга қўл кўтарган айрим ота-оналар ўзининг арзанда “эркатойи”нинг додини эшитади-ю, наҳот бир дақиқа мулоҳаза юритишга вақти йўқ?

Яна ўқинг:  Геномни таҳрир этувчи нанокапсулалар

– Ўғлим 12 ёшда. Айни ўсмирлик остонасида. Авваллари у сўзимни икки қилмасди. Кейин эса аста гап қайтарадиган, адолатсизликка мутлақо чидолмайдиган, агар шундай ҳол юз берса, ўзини батамом назорат қилолмайдиган бўлиб қолди, – дейди пойтахтлик Наргиза Очилова. – Ўғлим бир куни ўқитувчиси билан тортишиб қолиб, дарсдан уйга вақтли қайтди. Кела солиб, менга устозим бақирди, дея нолиди. Ўша пайт у билан худди катталардек суҳбатлашдим. Муаллим агар ўқувчиси сўзига қулоқ солмаса, уни тергаш ва тартибга чақиришга ҳаққи бор эканлигини айтиб, устознинг хатти-ҳаракатларини оқладим. Бундан у бироз ранжиди. Кейинчалик ҳаммаси изига тушиб кетди. Тушундимки, бу даврда фарзандга алоҳида муносабат зарур экан. Уни тушуниш, қарорини ҳурмат қилиш эса янада муҳим. Лекин унга қўшилиб фикрлаш, унингдек йўл тутиш нотўғри деб ўйлайман.

Олдинги авлод вакиллари устозларининг танбеҳларини эътирозсиз қабул қилган бўлсалар, бугун аксинча, устознинг сўзига қулоқ солмаслик, унинг шаънига ҳурматсизлик қилиш, айрим ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун одатий ҳолга айланиб қолди. Бир нарса аниқ, ўз фанини мукаммал билган ва қатъиятли ўқитувчи ҳеч қачон ўқувчиларга изза бўлмайди. Шунга қарамай, интизомсиз, тарбияси оғир ўқувчилар учун қатъий жазо чораларини белгилаш ва уни ҳаммага баробар қўллаш шарт.

– Таълим муассасасида содир бўлаётган бундай воқеаларга ўқитувчининг қаттиққўллиги сабаб, дейиш мутлақо нотўғри. Аввало, бу муаммонинг сабабини оиладан изласак мақсадга мувофиқ бўларди, – дейди пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 282-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Моҳигул Эшманова. – Баъзан шундай ота-оналар билан мулоқот қиламизки, улар фарзандининг тарбиясини қўлдан чиқаришган. “Билганингизни қилинг, уринг, сўкинг” дейиш орқали, ўз масъулиятларини ўқитувчига юклайди. Бошқа тоифадагилари эса фарзанди ўқишга келмаса, ҳеч нарса ютқазмаслигига ишонади. Айримлари ўғил-қизларига берилган даккини ҳақоратга йўйиб, мактабга ҳақиқат талаб қилиб келади. Баъзи ота-оналар жуда калондимоғ ва фарзандларининг тақдири билан шуғулланишни ўзларига лойиқ иш деб билмайдилар. Уларнинг ўз ўғил-қизлари келажагига лоқайдлигини кўриб, лол қоласан, киши.

– Боланинг ўсмирга айланиш даври аста-секин ва шу билан бирга, кутилмаганда рўй беради. Айрим ўқувчиларда бу жадал ўсиш билан боғлиқ бўлса, айримлар бу ҳолатга ўзларининг ўқитувчи ёки ота-оналари билан бўлган биринчи келишмовчиликлари сабаб дуч келишади. Уларда бир савол туғилади: “Мен кимман?”. Баъзан ўқитувчининг бир оғиз ноўрин жумласи ўқувчи билан бутун йил давомида ўзаро муаммоларга сабаб бўлади. Устоз ўқувчиларнинг ҳолатини ҳисобга олиб, уларга “тегиб кетиши” мумкин бўлган жумлалардан ўзини тийиши керак. Масалан, айрим жисмоний камчиликлар, саломатлигидаги нуқсонлар ёки оилавий ҳолат борасида. Чунки мактаб ўқувчилари, айниқса, балоғат даври, яъни ўтиш ёшидаги болалар ҳар бир нарсага аҳамиятли бўлишади. Улар энг биринчи ўринда ўқитувчининг билимига эмас, балки инсоний хусусиятларига қараб баҳо беришади. Буни унутмаслик керак, – дейди психолог Зебинисо Аҳмедова. – Ўқитувчининг у ёки бу талабларини ўқувчи бажаришдан бош тортиш ҳолати сўз ёки хатти-ҳаракат орқали ифодаланиши мумкин. Бу эса ўсмир ўз фикрида собит туришни исботлашнинг ягона услуби деб билади. Бундай вазиятда болага янада қаттиқроқ босим ўтказмасдан, балки аксинча унга ҳолатни юмшоқлик билан тушунтириш, ўша талаб унга нега қўйилганини изоҳлаш даркор. Ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги келишмовчиликка билвосита аралашгани маъқул. Яъни, ўз фарзандини сўзини маъқуллаб, ота-оналик ҳиссиётларига берилиши мутлақо керак эмас. Акс ҳолда бу ҳолат жиддий муаммоларга сабаб бўлади. Келишмовчиликларни бартараф этиш томонларнинг қизиқишларини инобатга олиш билангина бўлади. Катталар, хусусан, ўқитувчилар айни муаммо ҳақида хабар топишлари биланоқ, энг камида айни муаммо ҳақида ўқувчининг ўзи билан суҳбатлашишлари керак. Балки катталар – ота-она, опа, ака ёки унга таъсир эта олувчи синфдаги чин дўстини ҳам суҳбатга жалб этиши лозим. Айни келишмовчиликда айбдорни топиш эмас, тўғри қарор чиқариш муҳим. Чиндан ҳам келишмовчилик бартараф этилса, бу нафақат битта ўқувчи билан, балки ўқитувчининг бутун синф билан дўстона муносабатлар ўрнатишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Умрини илмга, яхшиликка, мурувватга бағишлаган покдил устоз ҳамиша биз учун мўътабар шахс бўлиб қолади. Улар илмнинг бебаҳолигини, одамийликни ҳар нарсадан устун қўяди. Устоз деганда, унинг маънавий нури ва бу нурдан юзлаб кўнгиллар баҳра олаётганлигини тасаввур қиламиз. Устоз – ёзгани ҳам, айтган сухани ҳам мағизли, тафаккури кенг, маънавиятли инсон. У камтарин, сермулоҳаза касб эгасидир. Қолаверса, устоз халққа, элига манзур бўла оладиган мурувватли кишидир. Шундай экан уларга ҳурмат кўрсатиш, биз учун ҳам фарз, ҳам қарз.

Яна ўқинг:  Тарбия – келажак меваси

Азиз муштарий, ушбу мавзу юзасидан сизда ҳам қандайдир фикр-мулоҳазалар бўлса, биз билан ўртоқлашинг. Мактубларингизни кутиб қоламиз.

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: