Авcтриялик шифокор ўзбекистонлик ҳамкасблари билан тажриба алмашди

Одамлар учун муносиб турмуш шароитларини яратишдан тортиб, таълимдаги ислоҳотлар, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш ва албатта, тиббиёт тизимини такомиллаштириш ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётган устувор йўналишлардан саналади.

Бугунги кунда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, скрининг марказларини зарур диагностик тиббий асбоб-ускуналар билан бойитиш, тиббиётнинг бирламчи бўғини ҳисобланмиш ҚВП ёки оилавий поликлиникаларни мутахассис-педиатрлар билан таъминлаш, мавжуд тиббиёт мутахассислари малакасини ошириш долзарб масалалардан биридир. Шу билан бир қаторда ҳукуматимиз томонидан чет эл тиббий марказлари, уларда меҳнат қилаётган малакали кадрлар билан кенг кўламда ҳамкорликни олиб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Тошкент педиатрия тиббиёт институти бир нечта тиббий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Яқинда ушбу даргоҳнинг неонатология кафедраси Германиянинг SES – “Senior Experten Servise” нотижорат ташкилоти билан амалга оширган ҳамкорлик доирасида Австриянинг Иннсбург тиббиёт университети профессори, Грац шаҳрининг Биринчи педиатрия саломатлик маркази кенгаши аъзоси, доктор Штейн Йорг Инголф Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Мутахассис билан қарийб бир ой давомида институтнинг неонатология кафедраси жойлашган 5-сон Шаҳар болалар шифохонасида назарий ва амалий машғулотлар, Маҳорат дарслари, тиббий кўриклар ўтказишни режалаштирганмиз, – дейди Тошкент Педиатрия тиббиёт институти халқаро алоқалар бўлими раҳбари Собир Нурхўжаев. – Ҳозирга қадар жаноб Штейн Йорг ҳамкорлик доирасида кўплаб чақалоқларни тиббий текширувдан ўтказди.

5-сон Шаҳар болалар шифохонасига қилган ташрифимиз давомида хорижлик мутахассис томонидан олиб борилаётган маърузалар, “Маҳорат дарслари”га бевосита гувоҳ бўлдик. Ушбу ҳамкорликдан тиббиёт соҳасининг етакчи мутахассисларидан тортиб, бу соҳага эндигина қадам қўйган мутахассислар жуда мамнун.

Педиатрия соҳаси тиббиётнинг бошқа йўналишларидан ўзига хослиги билан алоҳида ажралиб туради. Чақалоқ қаери оғриётгани, уни нима безовта қилаётгани ҳақида айта олмайди. Шундай экан унинг ҳолати ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилиш учун фақатгина яқинларининг кўмагига таянамиз. Перинатал парвариш, боланинг илк ёшида шаклланиш жараёнлари, янги туғилган чақалоқларда учрайдиган юрак нуқсонлари бўйича тайёрлаб келган маърузаларимни ўзбекистонлик ҳамкасбларим диққат билан тинглаб, ўз фикрларини билдиришаётгани мени қувонтирмоқда. Қолаверса, маърузаларим талаба ёшларда ўзига хос қизиқиш уйғотмоқда. Шифокор беморга тўғри ташхис қўя олмаса, даволаш бесамар кетади. Шунинг учун биз ўз тажрибаларимизни бир-биримиз билан доимий равишда ўртоқлашишимиз керак бўлади. Бунинг учун эса амалиёт муҳим ўринга эга, – дейди Штейн Йорг Инголф.

Таъкидлаш жоиз, профессор университетда дарс бериш билан бир қаторда, беморларни даволайди. 40 йиллик иш тажрибасига эга бўлган Штейн Йорг, Канада, Буюк Британия, Саудия Арабистони каби дунёнинг етакчи мамлакатларида фаолият кўрсатиб, халқаро тажрибага эга мутахассис сифатида эътироф этилган.

Яна ўқинг:  Иммунитетни қандай оширамиз?

Мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган. Ўтган давр мобайнида миллат генофондини яхшилаш, фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, аҳолининг узоқ умр кўриш даражасини ошириш, оилада соғлом авлод туғилиши ва уларнинг тарбияси учун шарт-шароитлар яратишга оид давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Юртбошимиз таъбири билан айтганда тиббиёт – миллат ва жамият тараққиётининг индикатори. Айнан шу соҳа ходимлари мамлакатнинг энг катта тарғиботчилари бўлиши зарур.

Келажак авлодни жисмонан бақувват, маънан етук қилиб улғайтириш, шубҳасиз, миллатни буюк келажак сари етаклайди. Фарзанд – оила қувончи, она – хонадон файзи. Уларнинг саломатлиги эса кўнглимиз хотиржамлиги, ҳаловатидир.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: