Услуб қироличаси

Аёл учун ёш аҳамиятсиз: 20 ёшда у латофатли, 40 ёшда мафтункор ва ҳатто умрининг охиригача соҳибжамол бўлиб қолиши мумкин.

Коко Шанель

 

Ер юзида ўзининг ишбилармонлиги, етук ақли ва зийраклиги билан машҳур бўлган аёллар кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг ҳаёти ва фаолияти барчанинг эътибор марказида бўлган.

Дунёнинг машҳур дизайнерлари ҳақида сўз борганда, албатта, Коко Шанель исми тилга олинади. У тўғрисида маълумотларга эга бўлиш азиз аёлларимиз учун қизиқ бўлса керак, шундай эмасми?!

Коко Шанелнинг ҳақиқий исми Габриэл Бонёр Шанель бўлиб, ХХ асрнинг афсонавий шахсларидан бири. У яратган либослар одамларда мода ҳақидаги тасаввурнинг тубдан ўзгаришига сабаб бўлди. 1883 йилнинг 19 августида Франциянинг Сомур шаҳрида туғилган бўлажак дизайнер 12 ёшга қадам қўйганида онасидан айрилади. Унинг қисматида отасидан ҳам айро яшаш ёзилган эди. Ўша даврдаги камбағал қизлар сингари Габриелнинг ҳам келажаги аниқ бўлиб, уни катта бўлганда хизматкорлик қисмати кутаётган эди. Аммо ёш қизалоқ болалигидан тадбиркор, ишбилармон бўлиб улғайди. Бу эса унга катта ҳаётда ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Меҳнат фаолиятини кийим-кечак дўконида сотувчиликдан бошлаган Габриэл, тунда кафеда қўшиқчи сифатида фаолият юритади. Санъатга меҳри ўзгача бўлган 18 ёшли қиз, айниқса, “Ко ко ри ко” ва “Кви ква ю Коко” номли француз миллий қўшиқларини маҳорат билан ижро этарди. Шу боис, кўп ўтмай, мухлислари уни қўшиғига мослаб, Коко дея чақира бошлайди.

Кейинчалик шляпа олди-сотдиси билан шуғуллана бошлаган Габриэл 1909-йилга келиб, ўзи яратган либослар дўконини очади ва аста-секинлик билан машҳурлик пиллапояларидан юқорига кўтарилиб боради.

Коко Шанель яратган либослар нега ҳалигача машҳур? Ушбу савол аксарият инсонларни қизиқтириши, табиий. Бу хусусда унинг ўзи шундай дейди: “Шанел – мода эмас, Шанел бу услуб!”. Шу сабаб у мода эмас, услуб қироличаси эди! Коко Шанель яратган либослар ўзининг башанглиги ва шу билан бир қаторда оддийлиги билан одамларни ўзига жалб қиларди. Моҳир дизайнер инсон танасидаги энг хунук аъзо – тиззалар, деб ҳисоблар ва шу сабаб у томонидан яратилган юбкаларнинг узунлиги тиззадан пастда бўларди.

Шанелнинг дунёга машҳур иқтибослари кўп. Улардан бирида шундай дейилади: “Атир – кўринмас, лекин унутилмас, энг мукаммал аксессуар. У аёлнинг келгани ҳақида хабар беради ва у кетганидан сўнг ҳам аёл ҳақида эслатиб туради”. Гап нима ҳақида кетаётганини фаҳмлаган бўлсангиз керак. Унинг машҳур “Chanel № 5” атири 1921 йил дунёга келди. Тадқиқотларга кўра унинг ихтиролари орасида машҳурлиги бўйича ушбу атир “Форд” автомобилидан сўнг иккинчи ўринда туради. Бу хушбўйга “5” рақамининг берилиш тарихи ҳам ажойиб. 5 – Шанелниннг энг севимли сони эди. Унинг либослар коллекцияси айнан ойнинг 5 санасида мухлислар эътиборига хавола этилган.

Яна ўқинг:  БОЛАЛАРИМИЗ ТАРБИЯСИ ИШОНЧЛИ ҚЎЛЛАРДА

Қашшоқ оилада дунёга келган Габриэл 88 ёшида вафот этди. Мода оламига қўшган хизматлари беиз кетмади, балки унинг номи абадиятга муҳрланди.

 

Хуршида Хусенова

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: