Академик эшкак эшиш: ўсмирларимизнинг муваффақияти
11-14 октябрь кунлари Сингапурда бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 3 та олтин ва 1 та бронза медалига сазовор бўлди.
Эътиборга молик жиҳати, бу сафарги қитъа чемпионати келаси йили Аргентинада бўлиб ўтадиган III ўсмирлар Олимпия ўйинларига саралаш босқичи вазифасини ҳам ўтаб берди. Осиё чемпионати якунига кўра ҳамюртимиз Камила Мақсудова яккалик экипажида мусобақани кучли тўртликда якунлаб, ўсмирлар Олимпия ўйинларига лицензияни қўлга киритди.
Сингапурдаги мусобақанинг сўнгги кунида барча йўналишларда финал баҳслари бўлиб ўтди. Ўзбекистон терма жамоаси унда муваффақиятли иштирок этиб, медаллар шодасига эга чиқди. Алишер Турдиев, Сардор Тўлқинхўжаев, Элёр Раупов ва Шаҳзод Нурматовлардан иборат биринчи тўртлик старт аввалиданоқ пешқадамликни ўз қўлига олди ва 2000 метр масофага биринчи бўлиб етиб келди ва олтин медалларга сазовор бўлди. Кейинроқ ўсмирлар ўртасида яккалик экипаж баҳсларида пойгалар ташкил этилди. Унда иштирок этган ҳамюртимиз Жасур Мавлонов марра чизиғини учинчи бўлиб кесиб ўтди ва бронза медалига лойиқ кўрилди. Шунингдек, икки кишилик экипаж баҳсларида Алишер Турдиев ва Сардор Тўлқинхўжаевлардан иборат жуфтлигимиз барча рақибларини ортда қолдириб олтин медалга сазовор бўлишди. Терма жамоамизга учинчи олтинни Евгений Агафонов, Давржон Давронов, Абдуазиз Раҳимжонов ва Жасур Мавлоновдан иборат тўртлик экипажи келтирди.
Ана шу тариқа Академик эшкак эшиш бўйича терма жамоамиз мамлакатимиз учун ўсмирлар Олимпия ўйинларига ажратилган максимал 2 та йўлланмани қўлга киритди.
Т. ОРТИҚОВА