Оққон қандай дард?

Давоми. Боши

Ўткир лейкоз клиникаси

Касаллик белгилари суяк кўмигида лейкоз ҳужайралари тўплами-клони ўсиши сабабли пайдо бўлади. Клон ҳужайралар кўпайиши билан унинг атрофидаги нормал қон ишлаб чиқариш жараёни бузилиши юзага келади. Қонда соғлом ҳужайраларнинг камайиши туфайли клон ва нормал ҳужайраларнинг нисбий ўзгариши даражаси ҳисобига клиник белгиларнинг ривожланиши кузатилади. Хаста одамда лоҳаслик, дармонсизлик, тана ҳароратининг кўтарилиши, талоқ ва периферик лимфа тугунларининг катталашиши кузатилиб, терида геморрагик тошмалар пайдо бўлади. Бемор бурнидан қон кетганда ЛОР шифокорга, меъда-ичак тизимидан қон кетса жарроҳга, буйракдан қон кетса урологга мурожаат қилади. Лейкоцитларнинг камайиши хастанинг иммун тизими фаолиятини сусайтириб юборади. Натижада унда грипп, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)лар ва юқумли касалликларга мойиллик пайдо бўлади. Бўғимларда кузатиладиган оғриқ ва шишларнинг пайдо бўлиши беморни ревматизм (бод) ташхиси билан даволанишга мажбур этади. Шу каби ўткир лейкоз билан касалланган беморлар терапевт, пульмоналог, инфекционист, стоматолог, дерматолог ва бошқа шифокорларга мурожаат қилишади. Даволашнинг ижобий натижаси бўлмаса беморнинг такрор ўтказилган қон таҳлилларида кузатилган кескин ўзгаришлар туфайли мутахассис-гемоталог ўткир лейкозга гумон қилиши мумкин. Анча кеч бўлсада у махсус клиникага текшириш ва даволаниш учун юборилади. Демак, ўткир лейкознинг бошланиши ўзига хос белгилар билан эмас, балки асоратларнинг клиник кўриниши билан кечади. Шундай бўлсада уларнинг турларини аниқлашга имкон берадиган хасталик белгиларини ҳам топса бўлади.

Метастазлар

Гемобластознинг бошқа турларида ва умуман ўсма жараёнларида метастазлар (ўсмаларнинг тарқалиши) одатда касалликнинг кечиккан даврларида кузатилади. Чунончи, лейкозларда ва айниқса, уларнинг ўткир турларида метастаз касалликнинг бошланишидаёқ юзага келади. Уларнинг ўсма ҳужайралари қон ҳужайраларидан (негиз ёки ўқ ҳужайра) ва унинг яқин авлодларидан ташкил топганлиги сабабли улар осонлик билан қонга ўтади. Қонга ўтган лейкоз ҳужайралари турли аъзоларда, биринчи навбатда қон яратувчи аъзолар бўлган тўқима, жигар, талоқ, лимфа тугунларида, кейинчалик эса бошқаларда (буйрак, мия пардаларида, овқат ҳазм қилиш аъзоларида ҳатто, оғиз бўшлиғидаги тўқималар ва терида) ўрнашиб, лейкемик инфильтрат-йиринг (лейкоз пролиферацияси)ни юзага келтиради, яъни, ўсмалар ҳосил қилади. Булар юқорида кўрсатилган аъзоларнинг фаолиятига сўзсиз қаттиқ зарар етказади. Бласт ҳужайраларнинг цитостатик моддаларга нисбатан сезувчанлиги йўқолиб беморни даволаш ғоят қийинлашади.

Яна ўқинг:  Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конференция

Лейкозларнинг бир неча таснифлари бор. Қоннинг морфологиясига қараб қуйидагилари фарқланади:

  1. Лимфолейкоз – лимфоцитар тизимнинг шикастланишидан юзага келадиган лейкоз, унинг ўткир (лимфобластли лейкоз ёки лимфобластоз) ва сурункали тури мавжуд.
  2. Миелолейкоз – миелоид тўқиманинг шикастланиши сабабли вужудга келувчи лейкоз. Бу лейкознинг қуйидаги турлари фарқланади:

а) миелолейкоз – ўткир (миелобластоз) ва сурункали миелолейкоз;

б) моноцитар лейкоз – ўткир (монобластоз) ва сурункали моноцитар лейкоз;

в) эритроцитар лейкоз – ўткир (эритробластоз) ва сурункали эритроцитар лейкоз (эритремия ёки Вакез касаллиги);

г) тромбоцитар лейкоз – ўткир (мегакариобластоз) ва сурункали тромбоцитар лейкоз.

Авваллари касаллик лейкемия деб аталган бўлиб, бу икки маъно (лейкемия ва лейкоз) билан боғлиқ бўлган. Биринчидан, оққон таначаларининг кўп бўлиши (оққонлик) ва иккинчидан, қонга лейкемоид ҳужайраларнинг ўтиши назарда тутилган.

Лейкознинг ўткир шакллари ҳаёт учун айниқса, хавфли бўлиб, тез ривожланади ва бир-икки ой, ҳатто, бир неча ҳафта ичида беморнинг ўлимига сабаб бўлиши маълум. Ўлим сабаблари: ўта оғир даражадаги анемия (камқонлик), лейкоз инфильтратларининг тарқалиб, аъзоларни шикастлаши ва кўпинча иммун тизимининг сустлашиши натижасида иккиламчи инфекцияларнинг ривожланишидир.

Лейкозларнинг давоси

Кимиёвий дори воситалари – яъни, цитостатик дори воситалари, антибиотиклар, қон компонентлари, янги музлатилган зардоб тромбоконцентрат ва қўшимча дори воситалари билан даволаш. Беморлар албатта овқатланиш рационига ҳам катта эътибор беришлари керак.

Гемоглобин миқдори кам бўлса эритроцитар масса, қон кетганда янги музлатилган плазма қуйиш, гемостатик даво, инфекцион асоратлар бўлса антибактериал препаратлар, замбуруғга қарши даво ўтказилади.

Ташхис аниқ бўлгандан кейин даво фақат поликимётерапия усули билан олиб борилади. Ўткир лейкозларни даволаш учун бир неча режали даволаш усуллари мавжуд бўлиб, улар иммунофенотипик варианти ва хавф омиллари борлигига кўра танланади. Бласт хужайралар иммунофенотипик текшируви мавжуд терапевтик протоколларни танлашда муҳим аҳамиятга эга. Замонавий поликимётерапия протоколлар асосида (ALL-BFM-95, ALL-MB – 2008 ва 2015) индукция, консолидация курсларини ўтказиш ва касалликни бир мунча вақт давомида қўзғалмаслигини таъминлаб турувчи поликимётерапия курслари ўтказилади.

Беморлар ўткир лейкоз ҳуружидан тўлиқ чиққандан сўнг 5 йил давомида кузатувда бўлишади. Улар тўғри овқатланиш рационига риоя қилишлари керак. Кундалик рационга ўсимлик толаси (клетчатка)га бой маҳсулотларни (сабзавот ва кўкатлар, ёрмалар, дағал ундан тортилган ва тайёрланган маҳсулотлар), тўйинмаган ёғ кислоталари (кам миқдорда ўсимлик мойлари, балиқ) киритилади.

Яна ўқинг:  КИЧКИНТОЙ ҚАНДАЙ ОВҚАТЛАНАДИ?

Хаста кишилар хавфли омилларнинг олдини олишлари, зарарли одатлар-спиртли ичимликлар истеъмол қилишни ва чекишни ташлашлари, жисмоний фаолликни камайтиришлари керак.

Азиза МАҲМУДОВА,

Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти директор ўринбосари,

тиббиёт фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: