Мутахассислар парвоз вақтида ухламасликни масаҳат беради
Мутахассислар фикрича, самолёт бортида ухлаб кетувчи одамларнинг қулоғи шикастланиши мумкин. Айниқса, самолётнинг юқорига кўтарилиши ва қўниш вақти ухлаётган йўловчилар учун энг хавфли вақт ҳисобланади. Бу пайтда қулоқ пардасининг ички ва ташқари томонидаги босим турлича бўлгани сабабли қулоқ беркилиб қолади. Бу ҳолатни эснаш ёки ютиниш орқали бартараф қилиш мумкин.
Баъзи авиакомпаниялар йўловчиларга парвоз ёки қўниш вақтида нохуш туйғулар бўлмаслиги учун чайналадиган конфетлар тарқатади. Одам конфетни чайнаётганида ўрта қулоқ бўшлиғини бурун-томоқ бўшлиғи билан туташтирувчи найча очилади. Бу эса ўрта қулоқ билан бурун ва томоқ ўртасидаги алоқани таъминлайди.
Инсон ухлаётган пайтда эса босимни тенглаштира олмайди, оқибатда қулоқ найчалари тўсилиб қолиши туфайли эшитиш органларининг шикастланиш хавфи ортади. Бундан ташқари, қулоқнинг узоқ вақт беркилиб қолиши инфекция ривожланиши, эшитиш қобилиятининг пасайиши ва қулоқда суюқлик пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Мутахассислар парвоз ва қўниш вақтида йўловчилар албатта уйғоқ бўлиши кераклигини таъкидламоқда.
Миржалол Мадвалиев тайёрлади.