Фидойи

Каминага Зуҳра Бердиева ҳақида мақола ёзиб беришимни сўрашганида, бирдан хаёлимга юқоридаги сарлавҳа келди. Кейин яна қатор сарлавҳалар хаёлимдан ўтди. Лекин бирортаси ҳам “фидойи” каби Зуҳрага мос тушмади. Бошқа сарлавҳаларда унинг ҳақиқий сиймосини кўрмадим.

Зуҳра Бердиева билан Тошкент давлат маданият (ҳозирги Санъат ва маданият) институтида бирга ўқиганмиз. У талабалик йилларида ҳам жуда интилувчан ва изланувчан эди. Куюнчаклиги, оловлиги ўша йилларда ҳам унинг характерини, инсоний фазилатларини безаб турарди. Айрим талаба дўстларимизга ўхшаб, ўзининг билимдонлигини “кўрсатиш”га, бўлар-бўлмас тадбирларда “ўзлигини намоён қилиш”га интилмасди. Унда ҳаммаси табиий эди. У ҳамон оддий, камтарин ва фидойи… Ҳамон ўша-ўша…

Зуҳра Бердиева кутубхоначилик касби учун, кутубхонашунослик фани учун туғилган, десам муболаға бўлмайди. У ўз касбини ниҳоятда севади, қадрлайди. Барча сир-асрорларигача яхши билади. Бир қарашда кутубхоначилик касби оддийдек туюлади. Лекин бу шарафли касбнинг ўзига хос мураккабликлари, машаққатлари ҳам бор. Бу касб Зуҳрага ўхшаган фидойи, жонкуяр, мутахассисларга ўз сирларини очади…

Зуҳра Бердиева институтда дарс бериш билан бирга, узоқ йиллар Абдулла Қаҳҳор уй-музейида ҳам қизғин фаолият юритди. У музейни ташкил қилишдан бошлаб, ишга туширишгача бўлган барча жараёнларда фаол қатнашди. Айниқса, буюк адибнинг кутубхона фондини бунёд этишда мутахассис сифатида алоҳида жонбозлик кўрсатди. Энг муҳими, устози Матлуба Носирова раҳбарлигида “Абдулла Қаҳҳор библиографияси”ни тузишда у асосий вазифани бажарди. Бу китоб қаҳҳоршуносликда янгилик деб топилиб, мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. Бу табаррук масканда ажойиб ва билимдон инсон, Абдулла Қаҳҳорнинг умр йўлдоши, катта олима, йирик матншунос Кибриё Қаҳҳорованинг ҳаёт ва ижод мактабидан бебаҳо сабоқлар олди. Бу қутлуғ даргоҳда Кибриё опадай талабчан ва қаттиққўл устоздан фақат “аъло” баҳо олган ҳам Зуҳра Бердиева бўлса керак. Сабаби, барча ижод ва ҳаёт мактаблари ичида энг оғир ва мураккаби Кибриё опа мактаби эди. Бу мактабда ўқиб, ўрганиш, айниқса, оила ва турмуш сирларидан сабоқ олиш осон эмасди. Опамиз қанчалар хушчақчақ, латифагўй, ғазалпараст, кўнгли ва дастурхони очиқ бўлса, шунчалар талабчан, андак тажанг-у, андак инжиқроқ эди.

– Опага чидаганингиз учун сизга ҳайкал қўйиш керак, Зуҳрахон, – дерди устоз Неъмат Аминов ҳазиллашиб.

Яна ўқинг:  ТАЙЁРЛОВ ГУРУҲИ МАКТАБГА ШАЙ

– Унда ҳовлидаги хурмо дарахтини кесиб ташлашга тўғри келади, – деб ҳазилга ҳазил билан жавоб берарди Зуҳра. Бундай ҳозиржавоблик унга Кибриё опадан юққан эди.

Унинг яна бир устози – академик Азиз Қаюмов бўлади. Домла Зуҳрани талабалик йилларидан бошлаб, кутубхонага, китобга бўлган қизиқишини, меҳрини янада ўстириб, қўллаб-қувватлаб келади. Устознинг бевосита йўл-йўриқлари, илмий кўрсатмалари аниқ маслаҳатлари асосида Зуҳра Бердиева раҳбарлигида “Алишер Навоий библиографияси”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур библиографияси” тузилиб, китоб ҳолида чоп этилди. Бу китоблар адабий жараёнда катта ютуқ сифатида эътирофга сазовор бўлди.

Бу йил ташкил этилганлигининг 20 йиллиги кенг нишонланган “Жаҳон адабиёти” журнали библиографияси”нинг тузувчи муаллифларидан бири ҳам Зуҳра Бердиева.

У узоқ йиллар ўзи ўқиган институтда ёшларга кутубхоначилик фани сирларидан сабоқ берди. Ўзбекистон Маданият вазирлигида бош мутахассис вазифасида ишлаб, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшди. Айни пайт Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Асосий кутубхонаси директори лавозимида қизғин фаолият кўрсатиб келаётир. Унинг бевосита раҳбарлиги ва ташаббуси асосида кутубхона фаолиятига талай янгиликлар киритилди. Кутубхона фонди илм-фаннинг турли соҳаларига оид янги-янги китоблар билан бойиб бораётир. Дунёнинг етакчи илмий кутубхоналари билан алоқалар яхши йўлга қўйилиб, тажрибалар алмашинмоқда.

Зуҳра Бердиева соҳага оид юздан ортиқ илмий-оммабоп мақолалар ҳамда ўқув, библографик ва услубий қўлланмалар муаллифи.

– Кутубхона – билимлар хазинаси. Бу қутлуғ масканга ташриф буюрган инсонларнинг қалблари бебаҳо зиёга тўлади. Кутубхона маънавий жиҳатдан бойиб кетадиган маскан. Мен бу касбни танлаганимдан фахрланаман. Кутубхонани ҳеч бир жавоҳирларга алмаштирмайман. Бу менинг ҳаётим, – дейди Зуҳра Бердиева ўз касби ҳақида фахр ва ғурур билан.

Агар Аллоҳ каминага рассомлик иқтидорини насиб этганида, шу кунларда ўзининг қутлуғ олтмиш баҳорини қарши олаётган Зуҳра Бердиеванинг портретини чизиб, сурат остига оддийгина қилиб фидойи деб ёзиб қўйган бўлардим.

Қадрли Зуҳрахон! Ҳаммаси муборак бўлсин. Ҳаётда, ижодда, оилада ва ўз севган касбингиз туфайли улкан ютуқларга эришаверинг. Бу ютуқларнинг пойдевори ҳамиша фидойилик, меҳнаткашлик бўлиб қолаверсин.

Ашурали ЖЎРАЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: