Торч ҳақида нима биламиз?

(Давоми. Боши: Торч ҳақида нима биламиз?)

Қизилча

Ўткир вирусли инфекция бўлиб, майда доғли тошма, иситма ва ҳомиладор аёлларда ҳомиланинг зарарланиши билан кечади. Касаллик манбаи одам ҳисобланади. Қизилчанинг клиник кўринишлари намоён бўлган бемор ёки касаллик тошмаларсиз кечаётган кишилар ҳамда туғма қизилча билан хасталанган болалар организмида вирус кўп (1,5 йил ва ундан ҳам зиёд) вақт давомида сақланиши мумкин.

Бу касаллик аслида кичик ёшдаги болаларга хос. Бироқ, ҳозирда беморларнинг ярмидан кўпини 9 ёшдан юқори бўлган хасталар ташкил қилади. Туғруқ ёшигача 75-85 фоиз аёллар қизилча билан оғрийди ва одатда бу дардга қарши бир умрлик иммунитет ҳосил бўлади. Қизилчага қарши вакцинация 1969 йилдан эмлаш календарига киритилди. Шундан кейин унинг учраш кўрсаткичи аҳолининг жон бошига 1: 100 000 гача камайди. Вирус организмга нафас йўллари орқали тушади. Касаллик қўзғатувчиси тошма тошишидан 7-10 кун олдин бурун-ҳалқумдан ажралиб чиқа бошлайди. Унга қарши иммунитет пайдо бўлиши билан (тошманинг 1-2 кунлари) инфекциянинг организмдан ажралиб чиқиши тўхтайди.

Касалликнинг яширин даври 15-24 кун. Бошланғич даври эса бир неча соатдан бир кеча-кундузгача давом этади.

Тана ҳароратининг кўтарилиши, қуруқ йўтал ва кўзнинг қизариши хасталикнинг ўзига хос белгиларидандир. Бу дард авж олган даврда бўйиннинг орқа, энса, қулоқ орти лимфа безларининг катталашиши кузатилади. Катталашган безлар эса қаттиқлашади ва улар пайпаслаб кўрилганда оғриқ сезилади. Касалликка хос бўлган белгилардан яна бири ясмиқ (чечевица дони) катталигида ҳосил бўладиган оч қизил рангдаги тошмалардир. Тошмалар қичишиш билан кечади. Кўпинча улар оёқ ва қўлларнинг ёзилувчи юзалари ҳамда қорин ва кўкракда пайдо бўлади. Айрим ҳолларда талоқ катталашади, оғиз бўшлиғида қизил доғлар шаклида тошмалар пайдо бўлади. Айрим ҳолларда қизилча ҳеч қандай белгиларсиз ҳам кечиши мумкин.

Қизилчага ташхис қўйишда маълум қийинчиликлар мавжуд. Бу қийинчиликлар ушбу дарднинг клиник кўринишларининг кўплиги ва уларнинг кўп касалликларга ўхшашлигидир. Хасталикка ташхис қўйишда лаборатория усуллари муҳим аҳамиятга эга. Агар инсон ўз вақтида эмланса, бу касаллик билан умуман оғримаслиги мумкин.

Вирус она организмида ҳомиланинг бенуқсон ўсиши ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Унинг марказий асаб тизимининг зарарланишига сабаб бўлади. Шунингдек, ҳомиланинг катаракта, глаукома, карлик, юрак етишмовчилиги ва бошқа туғма нуқсонлар билан ривожланишига сабаб бўлади. Бугунги кунда катталарда учрайдиган Альцгеймер (ақли заифлик) касаллигига болаликда бошдан ўтказилган қизилча сабаб, деган фараз мавжуд

Яна ўқинг:  Теннис маликалари юртимизда

Цитомегаловирус инфекцияси (ЦМВИ)

Ҳозирги вақтда дунёнинг барча мамлакатларида кенг тарқалгандир. Айниқса, охирги ўн йилликда цитомегаловирус қўзғатадиган касалликлар кўп учрай бошлади.

Зарарланган организмдан вирус пешоб, сўлак ва кўз ёши орқали ажралади. Онадан болага вирус сўлак орқали ҳам юқиши мумкин. Катталар учун ҳам, болалар учун ҳам касаллик манбаи бемор ёки вирус ташувчи бўлиши мумкин.

Мазкур инфекцияда ҳомила ривожланиш босқичининг дастлабки даврида унинг зарарланиши учун катта хавф туғилади. Ушбу вирусни юқтирган беморда ўткинчи сариқлик, жигар ва талоқнинг катталашиши кузатилади. 10-30 фоиз ҳолатда вирус юқтирган болаларда эшитиш асаб толасининг атрофияси ва ақлий заифлик кузатилади.

Жинсий йўл орқали касаллик кўп тарқалади. Шунингдек, унинг ҳаво-томчи йўли орқали юқиш хавфи ҳам маълум. Қон ёки қон маҳсулотларини қуйиш, тўқима ва аъзоларни кўчириб ўтқазиш ҳам бу дарднинг юқишида асосий омилдир.

Туғма тарқалган ЦМВИ тери ва шиллиқ қаватларда турли тошмалар, ички аъзолар ва бош мияга қон қуйилиши, камқонлик, жигар, талоқ ва буйракларда касаллик ўчоқларининг ҳосил бўлиши билан тавсифланади. Шу билан бирга кўзнинг зарарланиши ҳам кузатилади.

Касалликка ташхис қўйиш жараёни анча қийин кечиши мумкин. Ҳомиладор аёлларда қайта ҳомила тушиши ҳоллари кузатилганда ва чақалоқ ўлик туғилганда организмда вируснинг яширин ҳолатда мавжудлиги ҳақида гумон қилиш мумкин. Ташхис қўйиш лаборатория текширувлари асосида амалга оширилади.

Юқорида келтирилган жараёнларнинг йиғиндиси жигар ичида ривожланадиган холестазга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шуни таъкидлаш зарурки, сурункали кечадиган ЦМВли гепатитда ўт суюқлигининг димланиши (холестаз) белгилари (сариқлик, қичишиш) асосий рол ўйнайди.

Хасталикни даволашда ҳозирча вирусга қарши юқори самарали дори йўқ. Бугунги кунда унга қарши истиқболли кимёвий дори воситаларни ишлаб чиқариш ва клиник синовдан ўтказиш бўйича илмий ишлар амалга оширилмоқда.

Герпетик инфекция

Бу қатор касалликлар гуруҳини ўз ичига олади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра оддий герпес вируси қўзғатадиган касаллик вирусли инфекциялар сабаб бўладиган ўлим кўрсаткичлари бўйича иккинчи ўринни эгаллайди. Касаллик қўзғатувчиси ёки унинг антигенлари 80-90 фоиз антителолар эса деярли 100 фоиз катта ёшдаги кишиларда аниқланади. Улардан 10-20 фоизигина касалликнинг клиник белгилари билан кечади.

Яна ўқинг:  Одамнинг тафти

Ҳозирги вақтда фанда 90 га яқин герпес вирусларига таъриф берилган: улардан бештаси одамдан ажратиб олинган. Оддий герпес вируси 1 (HSV-1), оддий герпес вируси 2 (HSV-2), цитомегаловирус (CMV), сувчечак вируси / сувли темиратки вируси (VZV) ва Эпштейн-Барр вируси (EBV)дир.

Касалликнинг яширин даври 2 кундан 12 кунгача (кўпинча 4 кун) давом этади. Герпетик тошма одатда оғиз бўшлиғи атрофида, лабларда, бурун қанотларида учрайди. Беморлар зарарланган тери соҳасининг ачишиши ва терининг қичишишидан шикоят қилади. Герпес вирусининг herpes gladiatorum шакли терининг катта соҳасини зарарлайди. Тошма жойида қичишиш, ачишиш ва оғриқ пайдо бўлади. Кенг тарқалган тошмалар кузатилганда тана ҳароратининг кўтарилиши (38-39°С гача) ҳамда ҳолсизлик ва мушакларда оғриқ кузатилади. Тошмалар асосан юз терисида, қўлларда ва танада учрайди. Лимфа тугунлари катталашади ва улар пайпаслаганда оғриқ сезилади.

Генитал (жинсий аъзолар атрофидаги) герпес ҳомиладор аёллар учун катта хавф туғдиради. Кўзнинг герпетик инфекция таъсирида зарарланиши кўпинча 20-40 ёшлардаги беморларда кўпроқ учрайди. Бу ҳолат инсоннинг кўр бўлиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Герпетик инфекция АҚШда вирусли энцефалитларнинг энг кўп учрайдиган сабабларидан биридир (20 фоиз энцефалитларнинг сабаби герпетик инфекциядир).

Герпетик инфекциянинг висцерал (ички аъзоларга тегишли) шакллари кўпинча ўткир пневмония ва гепатит кўринишларида намоён бўлади. Шу билан бирга қизилўнгачнинг шиллиқ қаватлари зарарланади. Герпетик пневмония (зотилжам) вируснинг трахея ва бронхлардан ўпка тўқимасига тарқалиши туфайли вужудга келади. Герпетик гепатит иммун тизимининг фаолияти пасайган кишиларда кўп учрайди. Бунда тана ҳарорати кўтарилади, тери ва шиллиқ қаватларда сариқлик пайдо бўлади. Тарқалган герпетик инфекция тери ва шиллиқ қаватларнинг зарарланиши, герпетик энцефалит ёки менингоэнцефалит, гепатит, айрим ҳолларда эса пневмония ривожланиши билан кечади. Бугунги кунда герпесга қарши махсус дорилар қўлланилмоқда.

Бошқа инфекциялар

TORCH тушунчасига кирадиган инфекцияларга ҳар хил касалликлар киради. Улар асосан ҳомилага жуда жиддий зарар етказиш хусусиятларини эътиборга олган ҳолда мазкур гуруҳга киритилган. Ҳозирги пайтда other тушунчасига қуйидаги инфекциялар киритилган: хламидиоз, микоплазмоз ва бошқалар.

Хламидиозлар хламидий гуруҳига мансуб микроблар қўзғатадиган юқумли касалликлардир. Инсон учун уч турдаги хламидийлар хавфли ҳисобланади: Chlamydia trachomatis, Chlamydia pneumoniae ва Chlamydia psittaci. Хламидиозлар жинсий йўл билан юқадиган касалликлар, пневмония, фарингит ва бошқа касалликлар ривожланишига сабаб бўлади.

Яна ўқинг:  Гипертония ва унинг асоратлари

Хламидия трахоматис жинсий йўл билан юқадиган касалликлардан биридир. Пешоб йўллари аъзоларининг хламидияли инфекциялари урогенитал хламидиоз деб номланади. Эркакларда Chlamydia trachomatis простатит, уретрит, аёлларда эса кичик тос аъзоларининг яллиғланиш касалликларини чақиради. Бундан ташқари икки жинс вакилларида ҳам бу турдаги хламидиялар артритлар (бўғимлар яллиғланиши)ни келтириб чиқариши мумкин.

Микоплазмоз – бу микоплазмалар – бактериялар, замбуруғлар ёки вируслар оралиғида жойлашган микроблар қўзғатадиган ўткир ёки сурункали юқумли касалликдир. Инсон организмида 14 турдаги микоплазмалар бўлиши мумкин. Жами уч турдаги – Mycoplasma hominis ва Mycoplasma genitalium (жинсий ва пешоб йўллари касалликлари қўзғатувчилари) ва мycoplasma pneumoniae – нафас йўллари инфекциялари қўзғатувчилари инсон организмида касалликни келтириб чиқариши мумкин. Ҳомиладорларда учрайдиган микоплазмоз – оғир касаллик бўлиб, ҳомиланинг чала тушиши ёки ҳомиладорликнинг чўзилиши, ҳамда туғруқдан кейин бачадон яллиғланишига сабаб бўлиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, TORCH гуруҳига киритилган касалликларни эрта аниқлаш, даволаш ва профилактика ўтказиш – хасталикларнинг турли асоратларини олдини олишда самарали ва муҳим тадбирлардандир.

Аллаберган БАЙЖАНОВ,

Самарқанд вилояти клиник юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори

Наргиза ЯРМУХАМЕДОВА,

тиббиёт фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: