Жозиба ва нафислик

Тошкентда “Сув париси” FINA жаҳон кубогининг якуний босқичи бўлиб ўтди

Қобилиятли қизларни саралаш, улар маҳоратини эрта аниқлаш, ёш истеъдод вакилаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда юртимизда ўтказилаётган халқаро мусобақалар муҳим аҳамият касб этади.

Жорий йил 21-25 сентябрь кунлари пойтахтимиз мезбонлик қилган синхрон сузиш бўйича “Сув париси” FINA жаҳон кубоги сериясининг якуний босқичида Германия, Украина, Испания, Беларусь, Япония ва Филиппиндан келган ўттиздан зиёд спортчи иштирок этди. Улар соло, техник, эркин ҳамда микс дуэт, шунингдек, техник, эркин ҳамда комбо гуруҳ дастурлари бўйича ўзаро беллашди.

Бу йил мазкур турнирга жаҳон кубоги босқичи мақомининг берилиши, унинг нуфузи йилдан-йилга ортиб бораётганилигини кўрсатади. Қолаверса, мусобақага келган хорижлик мутахассислар ўзбек синхрон сузиш спортининг ривожи хусусида фақат ижобий фикрлар билдиришди. Россия синхрон сузиш федерацияси вице президенти Игорь Карташов бу борада шундай дейди:

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда синхрон сузиш спорти тараққий этганлигининг гувоҳи бўлдим. Бадиий гимнастика ёки синхрон сузиш каби хотин – қизларга хос бўлган спорт турларини вилоятларда оммалаштиришга давлат томонидан катта аҳамият қаратилаётганлиги эса таҳсинга лойиқ. Бунинг натижасида мазкур жозибали спорт турига қизиқувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Ўзбек спортчиларининг малакаси ҳақида сўз кетганда, уларнинг чиқишлари йил сайин ҳам техник, ҳам артистик жиҳатдан мукаммалашиб бораётганлигини айтиш мумкин.

“Жаҳон бадиий гимнастика Ватани – Ўзбекистон” деган мулоҳазаларни кўп бора эшитганмиз. Чунки юртимизда туғилиб, вояга етган бир қанча малакали мутахассислар ҳозирда хорижий давлатларда мураббийлик қилиб, бу нафис спортнинг оммалашувига ўз ҳиссасини қўшишмоқда. Мусобақа доирасида Германиядан келган мураббий Стэлла Муҳаммедова Тошкентда вояга етгани, онаси шу ерда синхрон сузиш бўйича қизларга сабоқ бергани ҳақида ҳаяжонланиб сўзлади:

– Онам узоқ йиллар Тошкентда синхрон сузиш бўйича мураббий бўлиб, фаолият олиб борган. Мазкур турнир ташкил этилишига ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Синхрон сузиш спортига бўлган меҳр менга онамдан ўтган бўлса, ажаб эмас. Ҳозир Германия терма жамоасига мураббийлик қиламан. Меҳмон сифатида Тошкентга келиб, бу ердаги ижобий ўзгаришлардан кўнглим тоғдек кўтарилди.

Мазкур мусобақада терма жамоамиз аъзолари соло, дуэт дастурлари бўйича бронза, гуруҳ чиқишларида эса кумуш медалларга сазовор бўлиб, мухлис-у мутахассислар эътиборига тушди. Совриндорлар қаторидан жой олган Гулсанам Йўлдошева биз билан суҳбатда ўз ҳаяжонини яшира олмади:

Яна ўқинг:  Адабий ва абадий дўстлик

Бу каби мусобақаларда иштирок этиш зиммамизга катта масъулият юклайди. Йил бошидан дастуримиз устида ишладик. Турнирда уни мукаммал ижро қилишга ҳаракат қилдик. Шу ўринда мураббий, федерация ходимларига биз учун яратилган шароитлар учун миннатдорлигимни билдирмоқчиман.

Ҳар бир мусобақа спортчи ва мураббийлар учун ўзига хос тажриба бўлиши, шубҳасиз. Аммо сув ҳавзасига спортчиларимиз таклиф қилинганда юрагимиз туб-тубида улар билан фахрланамиз. Атлетларимизнинг юксак ғалабалари юртимизда ёшлар учун яратилаётган шароитлар, уларга қаратилаётган улкан эътибор натижаси эканлигини англаймиз. Жисмонан соғлом, маънан баркамол фарзандларимиз барча соҳалар каби спортда ҳам етакчилар сафида эътироф этилётганидан қувонамиз.

Юлдуз ОРТИҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: