Одамнинг тафти
Бошқаларни билмадимку, ижодкорни сафарлар янги мавзуларда қалам тебратишга чоғлантиради. Сўлим водийга қилган галдаги сафаримиз ҳам таассуротларга бой бўлди. Обод манзиллар, офтобчеҳра одамлар, шукроналикка тўла дил суҳбатлари, куз ҳукмини ўтказа бошлаган боғу далалар манзарасидан қалбимиз оловланиб, илҳом жўш уради. Юрагим алланечук ҳисдан ҳузурланиб қалам-қоғоз тадоригини кўраман…
…Наманган шаҳрида тушдан сўнг хизмат сафарини ниҳоялаб пойтахтга жўнаб кетиш учун “таксилар тураргоҳи”га келдик. Ҳаддан зиёд сертакаллуф ҳайдовчилар машинадан тушишимизга улгурмай хизматларини таклиф этар, автоуловларининг русуми, қулайлигини “бот-бот” такрорлаб қулоқни қоматга келтирар, оғиз жуфтлашга йўл қўймас эди. Кўпкарини ёриб чиққан чавондоздай, “ҳаю-ҳут”, йўлхалтани қўлтиқлаб нари силжидик, ортимиздан эргашган бир-икки “чопоғон”га ҳам чап бердик. “Ғала-ғовур” бироз тингандек бўлди.
“Йўл бозори”да савдолашишга тоқат тополмай чекинганимизни зимдан кузатиб турган қора кўзойнакли норғул бир йигит ёнимизга келди. Қуёшҳимоя матоҳини манглайидан олиб, салом-алик учун жилмайиб қўл узатди:
– Ака, ассалому алайкум! Меҳмонмисизлар? Бу ҳайдовчилардан хафа бўлманг, олғир бўлмаса тирикчилиги яхши ўтмайди…
– Хафа эмасмиз, фақат ёши улуғи кичигини иззат, кичиги каттани ҳурмат қилмас эканда. Навбат билан мижоз олса, бўладику… Майли, қўяверинг, – жиғибийрон бўлиб қўл силтадим.
– Тошкентга кетаётувдим, хўп, десангиз йўл-йўлакай олиб кетаман, – деди сўнг норғул йигит. – Фалон сўм, демайман, кўнгилдан чиқариб йўлкира берасизлар, менга яхши суҳбатдош ҳамроҳ керак…
Эгар-жабдуғи орасталанган, гижинглаган тойчоқдек “Нексия”да тўртовлон бўлдик: мен, ҳамроҳим, ҳайдовчи ва унинг 5-6 ёшли “супрақоқди”си Абдулвосит… Орқа ўриндиқнинг бир бурчида махсус савдо белгиси туширилиб, шаффоф полиэтилен халтачаларда қадоқланган махсилар тахланган:
– Махсилар қанчадан бўлди, – ҳазиломуз гап ташлади шеригим қадоғи бузилган махсининг бир пойини қўлига оларкан.
– Ҳа, ўттиз беш минг сўм, – жилмайди ҳайдовчи, – бу маҳсулотни намуна учун олиб кетаяпман: Хитойдан янги келтирилган юнг билан қопланган. Воҳа томондан савдо шерикларимиз билан Тошкентда учрашамиз, маъқул бўлса, талабга қараб, кўп миқдорда ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз…
Ишбилармон Комилжон ака билан бир пасда тил топишиб олдик. Самимий, хушчақчақ, одамохун инсон экан. Ота-бобосининг махсидўзлик ҳунарини ўрганиб, замонага мос бичим ва қулайликда ишлаб чиқариб даромад топаётгани бизнинг янада ҳавасимизни оширди:
– Қаранг, қандай замон бўлди-я, “қимирлаган қир ошар”, деб шуни айтса керакда-а ака! – Чексиз ифтихордан қалби тўлқинланиб кетгани юзида ифода беради. – Тадбиркорлик учун кенг йўл очилди. Иш билганнинг насибаси бутун, ота касбга меҳрим тушиб махси ишлаб чиқаришни йўлга қўйганман. Янги тикув дастгоҳларини ўрнатиб цех ташкил қилдим. Ҳозирда йигирма нафар йигит иш билан банд, меҳнат қилиб даромад кўради.
Президент тадбиркорлар учун катта имконият яратиб бераяпти, давлат органлари ходимларининг “ҳа” деб, эшик қоқиб келаверишларига ҳам чек қўйилди. Охирги йилда анча сармоя топдим, маҳсулотни Россияга экспорт қилаяпмиз. Қачонгача “российский” деса, бизникилар “ооо”, дейди, – мийиғида кулиб ойнакдан назар ташлаб қўяди. Ўзбек ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари ҳам чет элникидан қолишмайди. Терисининг ҳам, чокининг ҳам сифати жуда яхши… “ElitionUZ” брендининг ўз харидорлари бор! Интернетда излаб топдим: “Elition” туфли ишлаб чиқарадиган чет эл компаниясининг бренди экан. Кейин уларга инглиз тилини яхши биладиган мутахассис орқали “бренддан фойдалансам бўладими?” деган сўровнома билан чиқдим. Махсиларимнинг расмини юбордим. Улар ҳам “нонни қулоғи билан емаганда”, туфли ишлаб чиқармасам, фойдалансам бўлар экан, фақат бренд учун ҳам ҳар ойига беш юз минг сўм атрофида пул тўлаб тураман.
Янги жойда махси ишлаб чиқарадиган корхонага пойдевор ташладим. Энди ўзимизнинг миллий брендни яратиш устида ишлаяпман…
Суҳбатдошинг яхши бўлса, йўлинг қисқаради. Комилжон ака бирор олий даргоҳда таҳсил олмаган бўлса-да, ҳаёт китобини ўқиганини, оқ-қорани таниганини, оилада яхши тарбия топгани-ю ҳалол йигит эканини каломидан ҳис қиласиз. Унинг ҳикоялари руҳингизга далда бўлади:
“… Биринчи бор Россияга экспорт қилиш учун маҳсулотимизни тайёрладик, махсилар тоғдек уюм бўлди. Отам ҳам ҳаяжонимизга шерик бўлиб атрофда қарашиб юрганди. Қадоқланган маҳсулотни улкан юк машинага жойладик. Иш ниҳоясида секин отам ортимдан келиб кифтимга қўлини қўйди. Кўзларига қарасам севинчдан ёш қалқиб турибди:
– Ўғлим, шундай кунларга етказганига шукр, – деди юк машинасига ҳайрат билан боқиб, – биз кун кечирган турғунлик замонида ўзинг учун махси тикишга “юрагинг дов бермасди”. Ҳунардан насиба топиш ҳам жиноят бўлган экан.
Ўтган асрнинг 80-йиллари. Онанг билан кечаси махси тикар эдик, ортиқча қийқимларини из қолдирмаслик учун ўчоқда ёқиб юборардик. Кейин уни пуллаш учун бозорга олиб чиқиш бир азоб эди… Ҳунарманд шериклар билан яширинча автобуснинг орқа юкхонасида махсиларни Учқўрғонга олиб борардик. Учқўрғон бозорида харидорларимиз кўп эди. Йўлда текширувда бир неча бор юкимизни тушириб олиб қолган. “ОБХС” назоратчилари юкни кўрсатиб “кимники?” деб бақирар эди. Ҳамма жим, “лом-мим” демасдик. Билиб қолса жиноий жавобгарликка тортарди. Кейин бошқа йўл билан олиб боришга ўтдик: уч-тўрт махсини ўлчамига қараб оёққа илардик. Маҳсиларни ечиб, атайлаб чангга белаб олардик. Харидорни оғизма-оғиз сўраб бориб, чангини артиб кўрсатардик. Қанчалар оғир йиллар… Кўп бора кўзимиз нури, шам ёруғида кечган уйқусиз тунларимиз сингган меҳнатимиз маҳсулини бой берганмиз. Бугун сен қандай бахтлисан, болам?!
Отамнинг бу ҳикояси ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Баъзан кичик қийинчиликка дуч келсам ёки ҳориб ўзимдан кўнглим тўлмаса, отам Ҳошимжон махсидўзнинг шу ҳикоясини эслайман…”
Ёш тадбиркор Комилжон Ҳошимовнинг кичик корхонасида бугунги кунда 300-350 дона махси тайёрланади.
– Зарур маҳсулотларни буюртма асосида Хитойдан келтирамиз. Ҳозир янада яхши бўлди, махси учун асос бўлиб хизмат қилувчи тери маҳсулоти юз фоиз Наманганда тайёрланаяпти. Бу ҳам маҳсулот таннархининг пасайишига хизмат қилади, – дейди тадбиркор. – Шаҳримизда деярли ҳар ҳафта янги ишлаб чиқариш кичик корхонаси ишга туширилганини эшитамиз. Бу албатта юртимиз равнақ топаётганининг далилидир.
Кейинги пайтларда ишчи кучига эҳтиёж сезаяпмиз. Шу боис Россия, Қозоғистонга ризқ излаб кетган ёшлар билан боғланиб шу ернинг ўзига ишга таклиф қилаяпмиз. Тўғри-да, бегона юртда саргардон юриб топган пулини, шу ерда – ота-онаси, оиласи бағрида ўйнаб қўлга киритади. Фақат ва фақат ҳалол меҳнат қилса, бас!
Оилада ҳам болаларимда меҳнатга, ҳунарга, ўқишга меҳр уйғотишга ҳаракат қиламан. Болани меҳнат билан эзиш эмас, уларда меҳнатга меҳр-муҳаббат, муносабатни шакллантириш керак. Ёнингиздаги ўғлим – Абдулвосит ҳам кичкина велосапедига саватча ўрнатиб олган. Тайёр махсиларни ўзи билганича ташийди, усталарнинг ишини томоша қилади. Албатта, кўзи сингиб, ҳунар ўрганади. Мен уни ҳар доим рағбатлантириб тураман, а, той! – кузатув ойнагидан ўғлига назар ташлаб қўяди Комилжон ака. – Эртага унга берган ваъдамнинг устидан чиқиб, “Ҳайвонот боғи”ни айлантириб келаман…
Кичкинтой махсидўзнинг кўзлари чақнаб кетади.
Рости, Комилжон акага чиндан ҳавас қилдим. Ватаннинг шундай фидойи, меҳнатсевар, ишбилармон, халқпарвар йигитлари бор экан юрт равнақ топаверади.
Довоннинг ҳайбатию, олис йўлнинг чарчоғи тану руҳимизнинг ҳаловатини ўғирламади. Офтобнинг тафти аллақачон сўниб, салқин куз ҳавоси этни жунжиктирадиган куннинг “ғира-шира” палласида пойтахтга кириб келдик. Аммо шу намчил ҳавода ҳам самимий бир ўзбек ўғлони офтоб қалбининг тафти, ҳарорати кўнглимизга анчамаҳал илиқлик бахш этиб турди…
Ҳа айтганча, йўл-йўлакай савдоси “пишган” бир жуфт махсини онам учун олиб қўйдим…
Фахриддин ҲАЙИТ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси